Қуръон Валид ибн Муғиранинг ақлидан ўтганини билиши
Бу ҳадисни Имом Ҳоким Ибн Аббосдан ривоят қилган ва саҳиҳ санаган:
«Валид ибн Муғира Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Қуръондан тиловат қилиб бердилар. Қуръон оятларини эшитиб, унинг қалби Исломга бурилгандек бўлди. Бу воқеа Абу Жаҳлга етиб келганда Валиднинг олдига бориб: “Эй амаки! Қавмингиз сизга бериш учун бойлик тўплади. Сиз эса Муҳаммаднинг олдига борибсиз”, деди. Валид айтди: “Дарҳақиқат, Қурайш менинг бой кишилардан эканимни билади”, деди. Абу Жаҳл: “У ҳақида бир сўз айтингки, бу сўз билан уни инкор қилганингиз қавмингизга етиб борсин”, деди. Валид деди: “Нима ҳам дейман? Аллоҳга қасам, Қурайш ичида шеър айтишда ҳам, вазнда ҳам, қасидада ҳам, жинларга атаб шеър ёзишда ҳам менга тенг келадигани йўқ. Аллоҳга қасам, Муҳаммад айтаётган нарса (Қуръон) буларнинг бирортасига ўхшамайди. Аллоҳга қасам, унинг айтаётганларида ҳаловат бор, гўзаллик бор. У тиловат қилаётган нарсанинг олий нуқтаси машриқда ва қуйи нуқтаси мағрибда бўлган бир нурли нарсадирки, у тиловат қилаётган нарса олий нарсалардан ҳам олийлашиб бораверади, унинг тахтига дохил бўлганларни босиб туради”. Абу Жаҳл: “Қавминг Қуръон ҳақида бирор салбий сўзни айтмагунингча сендан рози бўлмайди”, деди. Валид: “У ҳақда бир фикрга келгунимча мени тинч қўйиб тургин”, деди. Бироз фикр қилганидан кейин: “Бу таъсир қиладиган сеҳрдир. У сеҳр ўзидан бошқаларга таъсир қилади”, деди. Натижада у ҳақида қуйидаги оят нозил бўлди[1]:
«(Эй Муҳаммад!) Мен сўққабош қилиб яратган кимсани (Валидни) Ўзимга қўйиб беринг! Мен унга кенг-мўл бойлик бердим. (Хизматига) ҳозиру нозир ўғилларни ҳам. Яна унга (ҳаёт неъматларини) муҳайё қилиб қўйдим. Сўнгра у (борига қаноат қилмай) яна зиёда қилишимни тама қилур. Йўқ! Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди. Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажакман. Чунки у (Қуръон тўғрисида ёмон) фикр юритди ва (нима дейишни) ўйлаб қўйди. Ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?! Яна ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан айб топа олмагач) юзини тириштирди ва буриштирди. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр қилди. Бас, деди: “Бу (Қуръон) сеҳрнинг ўзидир. Бу айни башарнинг сўзидир”, деди».

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган