Куфр аҳлининг Қуръон тинглашга иштиёқи баланд экани
Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади:
«Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бани Зуҳранинг бошлиғи Аҳнас ибн Шурайк тунларнинг бирида бир-бирларидан хабарсиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Қуръон тинглаш учун чиқдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда уйларида намоз ўқиётган эдилар. Келганлар Қуръон тинглаш учун ўша жойдан ўз ўрнини эгаллади.
Уларнинг ҳеч бири ёнидагисини танимас эди. Тонг отгунча шу ҳолда тинглашди. Тонг отгандан сўнг тарқалишди, аммо йўл уларни бир-бирларига учраштирди. Бир-бирларига маломат тошини отиб: “Энди бу жойга қайтиб келманг. Агар сизни Қурайшнинг паст тоифали кишилари кўришса, кўнгилларига бирор ёмон фикр келиши мумкин”, дейишди ва сўнг тарқалиб кетишди.
Иккинчи кеча яна уларнинг ҳар бири ўз жойларига келиб, тонг отгунча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тиловатларига қулоқ солишди. Тонготарда тарқалишди, аммо йўл уларни яна бир-бирларига учраштирди ва бир-бирларига аввалги айтган сўзларини айтиб, тарқалишди. Учинчи тунда ҳам шундай бўлди, кечани Қуръон тиловатини тинглаб ўтказишди. Тонг отганда тарқалишди, аммо йўл уларни бирлаштирди. Уларнинг баъзиси баъзисига: “Ҳеч қачон қайтмасликка аҳд қилмагунимизча бу ердан силжимаймиз”, дейишди.
Натижада улар шунга аҳд қилишди ва тарқалиб кетишди. Тонг отгандан сўнг Аҳнас ибн Шурайк ҳассасини олиб Абу Суфённинг уйига йўл олди. “Эй Абу Ҳанзала! Муҳаммаддан эшитган нарсаларинг ҳақида фикринг қандай?” деди. Абу Суфён айтди: “Эй Абу Саълаба! Аллоҳга қасам! Ҳақиқатда мен эшитган нарсаларни биламан ва улардан нима ирода қилинганини ҳам биламан. Ва яна бир нарсаларни эшитдимки, улар ҳақида ҳеч нарса билмайман ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билмайман”, деди. Аҳнас: “Сен қасам ичган зотга қасам, мен ҳам шу ҳолатдаман”, деди.
Аҳнас Абу Суфённинг уйидан чиқиб, Абу Жаҳлнинг уйига борди. “Эй Абу Ҳакам! Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг қандай?” деб сўради. Абу Жаҳл айтди: “Нимани эшитибман! Биз билан Абдуманоф ўртасида шараф талашиш бор. Улар таом тарқатишади, биз ҳам таом тарқатамиз, улар яхши ишларни ўз зиммаларига олишади, биз ҳам шундай қиламиз. Улар эҳсон қилишади, биз ҳам эҳсон қиламиз. Ҳатто бу каби хайрли ишларда отларимиз тенглашиб қолса, улар: “Биздан бир пайғамбар чиқади. Унга осмондан ваҳий келади”, дейишади. Бу сўзларга қачонгача сабр қилиш мумкин? Аллоҳга қасам, унга ҳеч қачон имон келтирмайман ва сўзларини тасдиқламайман”.
Аҳнас ўрнидан туриб, унинг уйидан чиқиб кетди».
Жоҳиллар жоҳили Абу Жаҳл Аллоҳнинг йўлидан қайтариш билан машғул бўлди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган