Мақолалар

Қуръон беллашувга чақиради! Қуръон мўъжизалар мўъжизасидир!

Чоп этилди Yanvar 11, 2021 Қуръон беллашувга чақиради! Қуръон мўъжизалар мўъжизасидир!da fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримнинг илоҳий мўъжиза эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Имон асосларидан бири Қуръон мўъжиза эканига ишонишдир. Албатта, Қуръони карим ҳисобсиз мўъжизаларни ўзида мужассам этган, чунки ундаги ҳар бир оят, балки ҳар бир калима ўз ўрнида мўъжизага мисол бўлади. Гоҳо ундаги баён, гоҳо рақамлар, гоҳо хабарлар, гарчи қиссалардан иборат бўлса ҳам, ўзида мунтазам ва доимий мўъжизани намоён қилиб туради. Шу жумладан, ундаги илмий мўъжизаларни ҳам санаб ўтсак, Қуръони каримнинг нечоғли катта мўъжизавий китоб эканига гувоҳ бўламиз.

Қуръон ўзининг илоҳий китоблигига ишонмаганларни беллашувга чақирди ва улар бундан ожиз қолдилар.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз”.

Аллоҳ таоло яна айтади: «Ёки: “Уни (ваҳийни Му­ҳаммад) тўқиб чиқаряпти”, дейдиларми? Айтинг: “Агар гапларингиз рост бўлса, шунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтириб, Аллоҳдан ўзга имконингиз етган кишини (ёрдамга ёки гувоҳликка) чақиринг!».

Аллоҳ таоло яна айтади: «Ёки: “Уни (Муҳаммад) тўқиган”, дейдиларми?! Айтинг: “У ҳолда, агар рост­гўй бўлсангиз, унга тенг биргина сура келтириб, Аллоҳдан бошқа кимга имконингиз бўлса, ўшаларни (ёрдамга) чорланг!»

Қуръонга фақат мажнун ёки аҳмоқ қарши бўлиши мумкин. Ана шундай кимсалардан бири Мусайлима Каззобдир. У ўзига ваҳий нозил қилинаётганини ис­ботлаш мақсадида Қуръони каримга қарши чиқишга қасд этди. Натижада ўз амали ёмонлигига дуч келди. Агар ҳайвонларга тил берилганда эди, албатта, улар Мусайлима Каззобнинг тўқиган қуръони устидан қаҳқаҳ отиб кулган бўлар эди. У Қуръонга қарши илоҳий ваҳий деб, қуйидаги сўзларни тўқиб чиқарган эди:

«Экин экувчилар ва тош йиғувчилар ва қумни қўз­ғатувчи шамоллар ва унни майдаловчи тегирмонлар ва нон қилувчи новвойлар ва қовурилган таомни пи­ширувчи ошпазлар ва қуруқ ва мойланган ҳолда луқмани ейдиган луқмачиларга қасам. Мен сизларни ҳақиқат­да Вабр аҳлидан фазилатли қилиб қўйдим. Сизлардан фазлда шаҳар аҳли ҳам ўтиб кетолмайди. Сизга тенг бўлганларни қайтариб ташланг. Йўлда дуч бўлганга жой беринг. Шикоятчини қўрқитинг».

Гўё бу сўзлари билан Қуръондаги Одиёт сурасига муқобил чиқмоқчи бўлган эди.

Унинг ақлсиз, аҳмоқона сўзларидан яна бири:

«Эй икки қурбақанинг қизи қурбақа! Покланганингча поклан. Сув йўқлигига хафа бўлаяпсан. Ичувчи ҳам йўқ, сен уни ман қилсанг. Ҳолбуки, бошинг сувдаю думинг эса лой ичида».

Жоҳиз Мусайлиманинг қурбақа ҳақидаги бу сўзлари­га бундай дейди:

Уни қурбақа ҳақида “ҳаяжонланиб” бундай дейишга нима мажбур қилди? Унинг фикри нима сабабдан бунча­лик ёмонлашди? Билмайман. Ҳатто, унинг фикрича, ўзи­га Қуръон нозил бўлаётган эмиш: “Эй икки қурбақанинг қизи қурбақа!”

Яна унинг қалбингизга боғланмайдиган совуқ, таш­ландиқ, ифлосу сассиқ сўзларидан: «Фил. Филнинг нима эканлигини сенга нима билдирди? Унинг узун хартуми бор».

Бу беъмани сўзлари билан Мусайлима Фил сурасига муқобил чиқмоқчи бўлган.

Ер билан Сурайё ўртасида калласи гангиб қолиб яна қуйидаги сўзларни айтган: «Ва қоронғи кечалар ва жим турган бўриларга қасам. Арслон ҳўлини ҳам, қуруғини ҳам кесмади».

Амр ибн Осдан ривоят қилинади.

Исломга киришидан олдин у Мусайлиманинг олдига борди. Мусайлима: “Соҳибингизга – Муҳаммад (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)га шу вақтларда нима нозил бўлмоқда?” деб сўради. Амр: “Дарҳақиқат, унга маъноси ўткир, балоғатда тенги йўқ сура нозил бўлди”, деди. Мусайлима сўради: “У қандай сура бўлди?” Амр: “Вал-аср…” дея суранинг охиригача ўқиди. Мусайлима бирор соатга яқин ўйга толди, сўнг бошини кўтариб: “Менга ҳам шу сингари сура нозил бўлди”, деди. Амр унга: “Қани, айт-чи?” деди. У: “Эй сочи майин, эй сочи майин. Албатта, сен бошқалар ҳавас қилган раҳбарсан. Сендан бошқалар туёқ ва тумшуқдирлар”, деди. Кейин: “Бу сўзларга қандай қарайсан, эй Амр?”, деб сўради. Амр жавоб берди: “Аллоҳга қасам! Албатта сен ва мен сенинг ёлғончи эканингни яхши биламиз”.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган