Дунё янгиликлари

БМТ Бош котиби 2021 йилни 1945 йилга ўхшатди

Чоп этилди Yanvar 12, 2021 БМТ Бош котиби 2021 йилни 1945 йилга ўхшатдиda fikr bildirishni o'chirish

БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг сўзларига кўра, кириб келган йил 1945 йилга ўхшайди, фақат бу галги уруш халқаро бирдамлик йўқ эканлиги билан боғлиқ муаммони кўрсатиб берган коронавирус пандемиясига қарши кечмоқда. У бой давлатларни «вакцина миллатчилиги»да айблади. Бу ҳақда ташкилот биринчи йиғилишининг 75 йиллигига бағишлаб ўтказилган биринчи тадбирда тўхталиб ўтилди.

«Биз худди 1945 йилдагидек даврни бошдан ўтказмоқдамиз, — дейди Бош котиб. — Эртага эса кибермакондаги террорчиларга қарши уруш бошланиши мумкин. Ва биз иқлим ўзгариши билан боғлиқ узоқ давом этаётган курашда эса ҳозирча ютқазяпмиз».

Гутерриш ҳамон халқаро ҳамжиҳатликка нисбатан эҳтиёж сақланиб қолаётганини таъкидлаган. У пандемия айнан шу соҳадаги жиддий муаммоларни кўрсатиб қўйганига урғу берди: бой давлатлар ўз фуқаролари учун препаратлар сотиб олиш учун рақобатга киришиши ортидан «вакцина миллатчилиги» пайдо бўлди. Айни чоғда қашшоқ давлатлар 2 млн. доза арзон вакцина олиши кераклиги бўйича ЖССТнинг COVAX лойиҳасини қўллаб-қувватлагани учун Буюк Британия ҳукуматига алоҳида миннатдорчилик ҳам билдирди.

Бош котиб «вакцина миллатчилиги» ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Масалан, ўтган йил декабрь ойида ҳам камбағал мамлакатларда яшайдиган одамлар вакцина қандай тайёрланаётганини кузатиб боришаётгани, аммо қачонлардир уларнинг ўзларини ҳам кимдир эмлайдими деган савол билан яшашаётгани ҳақида хавотир билан тўхталиб ўтганди. Ўз навбатида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрйесус вакцинага сайёранинг ҳар бир вакили фойдаланиши мумкин бўлган «глобал ижтимоий бойлик» сифатида қараш лозимлигини таъкидлаганди.

Гутерриш дунё давлатлари раҳбарларини 2021 йилни пандемия асоратларидан қутулишга бағишлашга чақирганди. Унинг фикрича, ўтган 2020 йил синов бўлди, касалликнинг тарқалиши инсоният ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборди, дунёда камбағаллик, нотенглик ва очлик даражаси ўсишда давом этяпти. Шундай экан, иқлим ўзгариши ва пандемия каби инқирозларни фақат умумий саъй-ҳаракатлар билан енгиб ўтиш мумкин, дея таъкидлаган у.