Мақолалар

“IELTSи йўққа қиз йўқ”(ми?)

Чоп этилди Yanvar 13, 2021 “IELTSи йўққа қиз йўқ”(ми?)da fikr bildirishni o'chirish

IELTS – International English Language Testing System. Ўзбекчада халқаро инглиз тилини Ўлчаш Тизими. Яъни инглиз тилини қай даражада билишингизни аниқлаб берадиган тизим. IELTSда баҳолаш 0 дан 9 гача бўлади. IELTSнинг икки модули бор: академик ва генерал. Академик модули таълим олишни ният қилган талабалар учун, генерал модули эса муҳожирлик ва хориждан иш топиш мақсадида топширилади.

Дунёнинг ривожланаётган давлатларидаги иқтидорли ёшларнинг ҳаммаси инглиз тилини пухта ўрганишни орзу қилади. Юртимиз ёшларни-ку, қўяверасиз. Тезроқ инглизчани яхши ўрганиб, IELTSдан каттароқ балл тўпласа-ю, аллақаёқларга қанот боғлаб учиб кетса.

Албатта, тил ўрганиш ҳам илм. Унинг фойдали жиҳатлари кўп. Чунки инглиз тили халқаро алоқа тилларидан бўлиши билан бирга бугунги кунда илмий адабиётларнинг кўпи, айниқса, компьютер технологияларига оид адабиётлар инглиз тилида яратилмоқда.

Шу жиҳатларига кўра, бу тилни ўрганиш муҳим масала  ҳисобланади ва буни тўғри англаган ўғил-қизларимиз уни ўрганишга жидду жаҳд қилиб тил ўргатиш курсларига камоли ихлос билан қатнамоқдалар. Ана шундай ўқув курсларидан бири  бўлган “Target” мижозлари, яъни ўқувчилари сонини янада кўпайтириш мақсадида “қойилмақом” реклама афишаси тайёрлашибди.

“IELTS – инглиз тилини билмаганга қизлар қизиқмай қўйди”.

“IELTS – инглиз тилини билмаган қизлар болаларга ҳам қизиқ эмас”.

Ушбу ибораларда реклама берувчилар нимани назарда тутгани бизга қоронғу, бироқ уларни ўқиган ўқувчида қандай тасаввур ҳосил бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Яъни  “IELTS – инглиз тилини билмаганга қизлар қизиқмай қўйди” ибораси ҳар қандай одамнинг ҳамиятига тегади. Нега ўзбек йигити ўз ватанида ўзбек қизига инглиз тилини билишини исботлаши керак! Ўзбекистон мустақил давлат эмасми?!

Маълумингизки, кўплаб мусулмон ўлкаларида куёвни “Қуръондан неча пора кўтарган (ёдлаган)”, деб сўрашади. Туркияда яшайдиган кичик халқлардан бўлган зазаларда совчиликка борган аёллар келинликка номзодларни Қуръон илми бўйича синовдан ўтказади. Грузинларда куёвликка номзод Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонини ёддан айтиб бериши керак ва ҳоказолар. Бизда “IELTSи борми? “деб сўраладиган бўлдими?..

Қизларга келинликка номзод маъносида қаралса, шундай мулоҳаза юритиб, энди қурилаётган оилалар инглизча андозада бўлар экан-да, деган хулосага келиш мумкин бўлади. У ҳолда бундай оилалар русийзабон оилаларга ўхшаб қолади: ўзларининг ифодаси билан айтганда, “коренный” ўзбек. Лекин уларни ўзбеклар ўзбек ҳисобламайди, ўрислар ўрис ҳисобламайди. Аросатдаги оввора қавм.

Яна бир қарасангиз, бу рекламада оилага унчалик эътибор қаратилаётганга ҳам ўхшамаяпти. “Қизлар қизиқмай қўйди”, деган иборанинг замирида нима бор? Шунчаки гаплашиб юриш учунми? Бўй етган қиз билан вояга етган йигит – икки оташ шунчаки гаплашиб юриши мумкинми?! “Инглиз тилини билмаган қизлар болаларга ҳам қизиқ эмас”, дегани шубҳангизни янада кучайтиради. Унинг давомидаги “IELTSи йўққа қиз йўқ” ибораси эса – даҳшат!

Демак, энди болалар қиз топмоқчи бўлсалар ёки қизлар болаларга “қизиқарли” бўлишни истасалар IELTSга борсин. IELTS уларни бир-бирига қизиқтириб қўяди, шундайми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Имом Аҳмад ривояти), деб биз умматларини огоҳлантирганлар. Бу – ким қайси қавмга тақлид қилса, бориб-бориб ўша қавмнинг динида бўлади, деганидир.

Шундай экан, ёшларимиз инглизчани, русчани ва бошқа тилларни ўргансин, азизлар. Аммо бу ўрганиш бегона миллатларга тақлид бўлмасин, уларнинг маданиятларига оиламиз (ҳарамимиз) эшикларини очмайлик, уларнинг тутумлари, эркак-аёл ўртасидаги муносабатлари руҳиятимизни банд қилмасин. Ёшларимиз тилни бошқа халқлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, замонавий илмларни янада пухта ўзлаштириш учун ўргансинлар. Ана ўшанда миллий хусусиятларимизни сақлаб қоламиз ва бошқалар ҳам бизни ҳурмат қилади.

Дамин ЖУМАҚУЛ