Исломга интилган аёл: Марям Искандарий – Америка масжидлари лойиҳасини чизаётган муслима
MIIM Designs архитектура фирмасининг ҳаммуассиси ва Гарвард университетининг санъат тарихи ва архитектураси бўйича маслаҳатчиси Марям Искандарий нафақат чиройли ҳамда функционал биноларни лойиҳалаштиради, балки маданий алоқаларни кучайтиради.
Марям Искандарий Аризона штатининг Тусон шаҳрида вояга етган. Она томонидан бобоси тўқимачилик бўйича дизайнер бўлган, отаси томонидан бобосининг меъморчилик ташкилоти бор эди. Шу боис Марям ёшлигиданоқ бу соҳага қизиққан. У Ага Хан дастури бўйича Гарварддаги Ислом архитектураси ва Ғарбдаги замонавий Ислом архитектураси бўйича таълим олган.
Марям кўплаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлди. Улар жумласига Америка масжидларида аёллар учун махсус жойларни яратгани учун Ислом меъморчилиги бўйича нуфузли Ага Хон мукофотини қўлга киритди. 2007 йилда у Америка архитекторлар институти томонидан “Йил доценти” мукофотига муносиб топилди. Шунингдек, у бир неча илмий мақолалар ва Америка аёллари муаммолари бўйича бир кўплаб маърузалар муаллифидир.
Марям MIIM Designs МЧЖ ҳаммуаллифи саналади. Унинг сўзларига кўра, дастлаб бу оддий ташкилот эди. Аммо мусулмон сифатида Марям йиллик даромадининг бир қисмини жамоат эҳтиёжларига беради. Шунга асосланиб, компания эгалари ўзларининг бизнес-режаларига жуда хилма-хил бўлиши мумкин бўлган ижтимоий лойиҳаларни қўлга киритдилар. Масалан, Гана қудуқлари ва шунга ўхшаган саховатли ишларни амалга оширдилар.
Натижада унинг фирмаси «America to Zanzibar Muslim Cultures Near and Far» (Америкадан Занзибаргача: хориждаги яқин ва узоқ мусулмон маданияти) кўргазмаси, Манхеттен болалар музейи, Американинг турли штатларидаги учта масжид ҳамда Калифорния штатининг Плезантона шаҳридаги жамоат маркази каби муваффақиятли лойиҳалар ортида турибди. Кейинги лойиҳа илгари эски завод бўлгани сабабли кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бино турли динларга мансуб одамлар иштирокида қайта қурилди ва баскетбол майдони, спорт зали, бассейн ҳамда иккита зиёфат хонаси бўлган жамоат марказига айланди. Шунингдек, бу ерда мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар ибодатлари учун махсус хоналар ташкил этилди.
Марямдан “Муслималар учун бу соҳада фаолият юритиш қийинчилик туғдирмайдими?” деб сўрашганида у бир қанча муаммоларни санаб ўтади. “Аслида архитектура аёллар эмас, эркаклар соҳасидир, аёл бўлганим учун иш фаолиятимда турли муаммоларга дуч келаман ва улар, табиийки, кўнгилни хира қилади. Сайёрамизда 7 миллиарддан ортиқ одам бор, албатта, биз ҳаммани рози қила олмаймиз. Ҳар ким ўз йўлини ўзи танламоғи лозим. Шунингдек, сизни, меҳнатингиз ва истеъдодингизни қадрлайдиган инсонлар билан бирга бўлишингиз, ўзлигингизни топишингиз муҳим”, дейди у.
Манба: Исломосфера,
Рус тилидан Умму МУБИНА таржима қилди.