
Қуръон мусобақаси – баракот ва раҳмат мусобақасидир!
Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган «Қуръони карим мусобақаси — 1442» мусобақасининг кўлам ва нуфузи ортиб бормоқда. Буни иштирок этаётган қориларимизнинг салоҳияти, Қуръон тиловати борасидаги иқтидоридан ҳам кўриш мумкин.
Қуръон шундай ҳужжатки, унга ҳар замонда мурожаат қилинган, биздан кейин ҳам мурожаат қилишади, бу жараён бир лаҳзага бўлса ҳам тўхтамайди. Шундай ҳужжатки, Улуғ Кунда асқотадиган; яхшиларга яхшилиги, ёмонларга ёмонлиги учун; кимларнингдир “хайрият”, яна кимларнингдир “афсус, аттанг” дейишига сабаб бўлади. Қуръони карим бу – шифо, ҳам тан учун, ҳам руҳ учун мукаммал даво, битмас-туганмас дармон манбаи, сиқилган қалбларни кенгликка чиқарувчидир.
Қуръони карим энг улуғ таскин, шундай таскинки, кўзига дунё тор кўриниб турган мўмин ва мўмина банда учун дунёни кенг қилиб қўяди, яшашидан маънолар касб эттиради, шукроналик кўз ёшларини тўктиради, ҳаётдан мамнунлик ҳисларини шакллантиради.
Қуръони карим бу – йўлланма, шундай йўлланмаки, биз у билан улуғ МАНЗИЛ, чексиз неъматлар ато этиладиган, сон-саноқсиз роҳат ва фароғатлар тайёрлаб қўйилган жаннатга кирамиз, иншааллоҳ!
Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган «Қуръони карим мусобақаси — 1442» танлови ҳам юртимизга барака ва раҳматлар ёғилишига сабаб бўлади. Бу жараёнда четда қолмаслик учун “AzonTV” ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боринг.