Мақолалар

ЛУТФИЙ ВА НАВОИЙ ҚАЛАМИНИНГ СЕҲРИ

Чоп этилди Yanvar 19, 2021 ЛУТФИЙ ВА НАВОИЙ ҚАЛАМИНИНГ СЕҲРИda fikr bildirishni o'chirish

Алишер Навоий ўзбек, умуман, туркий халқлар адабиётида тахмиснавислик анъанасини бошлаб берган сўз санъаткорларидан саналади. Шоир тахмисларидан бири “Хазойин ул-маоний” куллиёти “Бадое ул-васат” девони таркибига киритилган бўлиб, Мавлоно Лутфийнинг

Лайлатул-меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,

Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур…

матлаъли ғазалига боғланган.[1]

Маълумотларга қараганда, шоир бу тахмисни йигирма беш ёшига қадар ёзган.[2] Бу ҳодиса унинг ҳали ёш бўлишига қарамай, тахмис боғлаш қоидаларини пухта ўзлаштирганидан далолат беради. Навоий бу ишга киришар экан, жанр талабларига қатъий амал қилади ва Лутфий қўллаган бадиий санъатлар тизимини янада кенгайтириб, уларга юкланган поэтик мақсадни теранлаштиради.

Мазкур ғазал наът мазмунида бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга кўтарилишлари билан боғлиқ воқеалар талқини билан бошланади. Тахмисда ҳам ғазалдаги наът мазмунига тўла амал қилинади ва талабга кўра шоир уни мазмунан янада кенгайтиришга, лирик қаҳрамон ботиний ва зоҳирий олами тавсифига оид янгидан янги тасвирларни киритиб, маънавий қиёфасини теранроқ очиб беришга эришади.

Лутфий ғазал матлаъсининг биринчи мисрасида талмеҳ санъатидан фойдаланиб, Ислом тарихидаги машҳур ҳодиса – “Меърож” воқеасига ишора қилади ва уни Пайғамбар алайҳиссалом сочлари орқали шарҳлайди. Шоир таъкидлашича, “Лайлатул-меърожнинг шарҳи” Пайғамбар алайҳиссалом “сочи тобиндадур”. Лутфий томонидан келтирилган бу шарҳнинг маъносини теранроқ англаш учун ҳадислар ва сийрат китобларида Муҳаммад алайҳиссалом сочлари ҳақидаги маълумотларни ўрганиш лозим бўлади. Ҳадисларда бу ҳақда: «…Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди…» – дея таъкидланган[3]. “Қуръон” ва ҳадис бошқа диний манбаларда тасвирланишича, Муҳаммад алайҳиссалом меърож тунида Аллоҳ таоло ҳузурига тўғридан тўғри кўтарилмаганлар. “Меърож” сафари дастлаб “Масжид ул-ақсо”га йўл олишдан бошланади. У ерда намоз адо этилгач, осмон сафари бошланади. Ривоятларда “меърож” сафари етти қават осмоннинг ҳар бирида Муҳаммад алайҳиссалом ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар: Одам, Исо, Яҳё, Юсуф, Ҳорун, Мусо ва Иброҳим алайҳимуссаломлар билан учрашувларидан сўнг “Сидрат ул-мунтаҳо”га етиб “қоба қовсайни ав адно” мақоми билан якунлангани айтилади. Шоир Меърож шарҳи пайғамбар алайҳиссалом сочларининг тоби – жингалакларидадир дер экан, бу улуғ сафарнинг турли манзилларда тўхташ орқали кечганлигига ишора қилади. Чунки тасаввуф адабиётида соч бурамалари дунё тўсиқлари сифатида ҳам талқин этилади. Солик ёр висолига етиш учун шу тўсиқлардан иборат манзилларни босиб ўтиши керак. Шунингдек, “Сўфийлар таъбирларида зулф ҳазрати Ҳақ қудратининг тажаллиёт (жилоланишидан) иборат, чунки Ҳақ жамоли касарот (кўплик), тааййунот (воқеликда) яшириндир. Ҳазрати Ҳақнинг узлуксиз тажаллиёти жингалак ва занжир каби ҳалқаланган зулфга ўхшатилган”.[4] Демак, шоир Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ билан учрашиш учун дастлаб Ҳақнинг узлуксиз тажаллиётини ҳис этганликлари ва турли дунёвий тўсиқларни босиб ўтганликларига ҳам ишора қилаётганлиги маълум бўлади.

Матлаънинг “Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур…” мисраси иқтибос ва талмеҳ санъатларига асосланган тасвир билан бошланади. Унда ишлатилган “қоба қовсайн” ибораси “Қуръон”дан олинган ва “қоба” – “яқинлашди”, “қовсайн” – “икки камон миқдорича” луғавий маъносини билдириб, икки объект оралиғидаги масофа тушунчасини англатади. “Бу ўринда мавлоно Лутфий ёр тасвири асносида пайғамбарнинг Холиқ ҳузурига кўтарилиши ва Яратган билан расул орасидаги масофа икки қош оралиғидек яқин бўлганлигига ишора қилади”, – деб ёзади Д.Юсупова.[5] Дарҳақиқат, айрим диний адабиётларда, шунингдек, Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам мазкур иборанинг юқоридаги талқини ҳам учрайди:

Сурургач «Мотағо» туфроғин ул боғ,

Чекилди наргисига куҳли «мо зоғ».

 

Анга бу сурма бўлғоч қурратул-айн,

Насиб ўлди мақоми «қоба қавсайн»[6].

Бу ибора “Қуръон”даги: “Фа канат қоба қовсайни ав адна” (Нажм, 9) оятида келтирилган бўлиб, таржимада “Бас, (Муҳаммадга) икки камон оралиғидек ёки (ундан ҳам) яқинроқ бўлди”[7] мазмунини англатади. Тафсирларда бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом ва Жаброил алайҳиссалом орасидаги учрашув ҳақида эканлиги айтилади: “Яъни Жаброил фаришта яна ҳам пастроққа тушишда давом этиб, Пайғамбар алайҳиссаломга икки камон миқдорича, балки ундан ҳам яқинроққа келдилар. Бундай яқинлик натижасида ваҳийни етказиш осонлашган”[8]. Бу ҳақда яна қуйидаги маълумот ҳам келтирилади: “Мана бу жойдин ҳам ўтиб, муборак қадамлари «Сидратул мунтаҳо»га етди. Пайғамбаримиз айтишларича, бу нарса Аллоҳнинг азаматлик қудратига нишона бўлғудек, емишлик улуғ бир дарахт экандур… Жаброил алайҳиссаломнинг мақомлари шу жойда эди. Сўнгра бу жойдин юқори раф-раф билан уруж қилиб, ул Ҳолиқи аъзам, Жаббори акрам улуғ даргоҳига етдилар. «Қоба Қовсайни ав адна» (энг олий мақом) мақомига эришдилар”[9]. Шоир талмеҳ санъати воситасида иккала воқеага ҳам ишора қилган бўлиши мумкин. Шу ўринда юқоридаги мисранинг яна бир жиҳатига тўхталиб ўтиш лозим бўлади. Унда “бирлашиш”, “бирлик” каби луғавий маъноларни англатувчи “иттиҳод” [10] сўзи ҳам ишлатилган. Агар “қовс” сўзи камоннинг ип тортилган икки учи маъносини англатишига эътибор қаратсак, “қоба қавсайн иттиҳоди” бирикмасини шоир камоннинг иккала учи яқинлашди, бирлашди деган фикрни ифодалаш учун ишлатганини англаймиз. Бунда шоир камоннинг икки учи маъносида Ислом таълимотини инсониятга етказиб берган икки улуғ зот – Муҳаммад ва Жаброил алайҳимуссаломларни назарда тутганлиги, улар “Меърож” тунида бир-бири билан жуда яқиндан туриб учрашганларига ишора қилган бўлиши ҳам мумкин.

Тахмисда лирик қаҳрамон таърифи янада теранлашади. Унинг биринчи мисраси:

Шарбати «юҳйил-изом» эрни майи нобиндадур…

замирига сингдириб юборилган маънолар серқатламлиги билан диққатни жалб этади. Бунинг учун мисрада қўлланилган бадиий санъатлар билан танишиб чиқиш зарур. Ундаги шарбати “юҳйил изом” бирикмаси метафорик хусусиятга эга бўлиб, Қуръоннинг бир сураси ёки умуман “Қуръон” тушунчасини англатса, майи ноб – бебаҳо сўзлар, бу ўринда илоҳий калом маъносида қўлланган. Шоир Қуръондан иқтибос келтириш билан бир пайтда Ислом таълимотидаги иймон тушунчасининг энг муҳим қирралардан бири – ўлимдан кейин қайта тирилишга ишора қилиб, талмеҳ санъатидан ҳам моҳирона фойдаланмоқда. Мисра мазмуни ва ундаги талмеҳ санъати моҳиятини англаш учун арабча «юҳйил-изом» ибораси талқинини ҳам билиш керак. Бу ибора “Қуръон”даги “Вазоробалана масалав ва насийа холқоҳу қола май юҳйил изома ва ҳийа ромим” (Ёсин, 78) оятида учрайди. Бу оят: “У Бизга “Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?” – деб нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яратилганини унутиб қўйди” деб таржима қилинади[11]. Тафсир китобларидан бирида эса бу гапни Пайғамбар алайҳиссаломга мушрикларнинг каттаси Убай ибн Халаф айтганлиги таъкидланади.[12] Мисрада талмеҳ санъати орқали шу тарихий воқеага ишора борлиги кўзга яққол ташланиб турибди. Ислом динида ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш иймоннинг энг асосий шартларидан биридир. Навоий мазкур мисрада “юҳйил изом” иборасини бежиз келтирмаган. Таржима ва тафсирларга кўра Қуръоннинг бу ибора ишлатилган Ёсин сурасида бандалар ўлгандан кейин қайта тирилтирилиши ва барча амаллари юзасидан ҳисоб-китоб қилиниши масаласи атрофлича баён этилган. Тахмиснинг “Шарбати «юҳйил-изом» эрни майи нобиндадур…” (“юҳйил изом” шарбати унинг эрни (лаби) майи нобидадир) мисрасини шу жиҳатдан талқин этадиган бўлсак, унда бу масала Муҳаммад алайҳиссалом томонидан умматларга қайта-қайта таъкидланганига ишора қилинаётганини англаймиз. Навоий бунга алоҳида аҳамият қаратгани бежиз эмас. Мисра замирида шоирнинг исломий қарашларига хос энг муҳим қирраларидан бирини ҳам кўриш мумкин. У инсоният учун ўлим қай даражада муқаррар бўлса, қайта тирилиш ҳам шу қадар муқаррарлигини тан олади ва буни ўз ўқувчиларига ҳам етказишга ҳаракат қилади. Шоир қайта тирилиш тушунчасининг бадиий талқини орқали ҳар бир инсонга ўз қилмишлари учун жавоб бериш вақти борлигини англатишни, уни тан олмаганлар эса тирикликда ҳар қандай тубанликдан қайтмаслигини таъкидлайди. Инсон руҳиятининг зукко билимдони бўлган мутафаккир ҳаёти давомида кўпинча бунинг гувоҳи бўлганлиги учун ҳам ана шундай хулоса чиқариши табиий бир ҳол эди.

Тахмиснинг иккинчи мисраси ҳам Қуръон суралари билан боғланган бўлиб, унда шоир Муҳаммад алайҳиссалом юзлари ҳақидаги ўз қарашларини қуйидагича ифодалайди:

Сурайи «ваш-шамс» тафсири юзи бобиндадур…

Мисра мазмунига кўра шоир пайғамбар алайҳиссалом юзлари Шамс (Қуёш) сураси тафсирида баён этилган деган фикрни илгари сурмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Алишер Навоий мазкур бадиий тасвирни яна бир неча асарида қўллайди. Бу мисрада Шамс (Қуёш) сураси тафсири Муҳаммад алайҳиссалом юзлари бобида эканлиги таъкидланмоқда. Бунинг сабабини қуйидаги ҳадис асосида изоҳлаш мумкин: “Абу Ҳурайра: «Мен Расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганларида юзларидан нур ёғилиб, шуъласи деворларга тушарди», деб эслайди”[13].

«Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмай қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. Ул зотнинг соқоллари қалин эди». Бир киши: «Юзлари қилич мисоли эдими?»  деди. «Йўқ. Қуёш ва ой мисоли эди. Думалоқ эди…» – деди у (Муслим ривоят қилган)”[14].

Бу ўринда яна шуни айтиш керакки, шоир мисра замирига Пайғамбар алайҳиссаломнинг фақат кўркам қиёфаларинигина эмас, балки гўзал ички – маънавий оламлари тасвирини ҳам сингдириб юборган. Чунки тафсирларга қараганда, мазкур сурада ташқи қиёфа ҳақида гап кетмайди. Шоир таърифининг асл моҳиятини англаш учун Қуръондаги Шамс (Қуёш) сураси тафсири билан ҳам танишиб чиқиш ўринлидир. Таржима ва тафсирларда, мазкур сурада Аллоҳ қуёш, ой, кундуз, тун, осмон ва ундаги нарсалар, ер ва ундаги нарсалар, нафс ва инсонларга қасамдан сўнг ўз нафсини поклаган кишиларгина нажот топишини таъкидлайди ва аксинча “…у(нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг) раҳматидан ноумид бўлур”,[15] – дейилади (Шамс, 1-10-оятлар). Сурада пайғамбарлари Солиҳни ёлғончига чиқариб ўз нафсини тия олмаган Самуд қабиласи ҳалокати ҳақида ҳам хабар берилади. Демак, шоир мазкур сурани эслатиш орқали Муҳаммад алайҳиссаломнинг фақат зоҳирий портретларини эмас, балки юксак инсоний фазилатлари ва маънавий-ахлоқий қиёфалари, яъни ботиний гўзалликларини ҳам тасвирлаган ҳамда кишиларни нафсни поклашга, илоҳий каломни келтирган бу улуғ зотга эргашишга чақирган.

Тахмиснинг учинчи мисраси ҳам наът асарларга хос тарзда Пайғамбар алайҳиссалом ташқи қиёфалари – кўзлари таърифига бағишланади:

Шарҳи «мозоғал-басар» наргислари хобиндадур,

Мисрада Қуръони каримдаги Нажм сурасининг 17-оятидан – “Мазағол басору ва маа тоғо” (Пайғамбарнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ)[16]иқтибос келтирилади ва у зотнинг юксак инсоний фазилатларидан – кўзни тийиш одоблари, ҳамиша ростгўй бўлганликлари, яъни Меърож тунида кўрганлари барчаси ҳақиқатлиги, заррача ҳам ёлғон гапирмаганлари таъкидланади. Шоир мисрада ўз фикрини далиллаш учун иқтибос – “мозоғал басар”, талмеҳ – Меърож кечасида кўзлари билан Жаброил алайҳиссаломни ва қалблари билан Аллоҳни кўрганлиги воқеасига ишора ва истиора – наргислари (кўзлари) каби бадиий санъатлардан унумли фойдаланган.

Тахмиснинг қолган тўрт банди ҳам Лутфий ва Навоий қаламларига хос бир назокат, фасоҳат, балоғат билан битилган бўлиб, ўқувчилар қалбидан чуқур жой олади.

Толибжон РЎЗИБОЕВ,

ФарДУ тадқиқотчиси

 

[1] Алишер Навоий. Бадоеъ ул-васат. Ўн жилдлик ТАТ. 3-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги наштиёт-матбаа уйи, 2011, – Б. 659.

[2] Юсупова Д. Алишер Навоий тахмислари. // Шарқ юлдузи. 2013 й. 2-сон. 143.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва ҳаёт» 19-жузв. – Т.: ШАРҚ НМАК БТ, 2007. – Б. 77, 81, 93.

[4] Комилов Н., ва бошқалар. Бадиий адабиёт ва тасаввуф тимсоллари. – Тошкент: ТДШИ, 2010. – Б. 57.

[5] Юсупова Д. Алишер Навоий тахмислари. Шарқ юлдузи, 2013, 2-сон. – Б. 143.

[6] Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Йигирма жилдлик МАТ. 8-жилд. – Т.: Фан, 1989. – Б. 21.

[7] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ НМБ, 2016. – Б. 526.

[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол. 5-жузв. – Т.: ШАРҚ НМАК БТ, 2007. – Б. 629.

[9] Alixonto’ra Sog’uniy. Tarixi Muhammadiy. www.ziyouz.com , 2007. – B. 51.

[10] Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати. 4 жилдлик, 2-жилд. – Т.: Фан, 1983. – Б. 63.

[11] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ НМБ, 2016. – Б. 445.

[12] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол. 5-жузв. – Т.: ШАРҚ НМАК БТ, 2007. – Б. 106.

[13] Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатлари ва гўзал ахлоқлари. http://siyrat.uz/maqola/566

[14] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва ҳаёт» 19-жузв. – Т.: ШАРҚ НМАК БТ, 2007. – Б. 85.

[15] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ НМБ, 2016. – Б. 595.

[16] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ НМБ, 2016. – Б. 528.