Мақолалар

Орани ислоҳ қилиш нафл ибодатдан афзалдир

Чоп этилди Yanvar 20, 2021 Орани ислоҳ қилиш нафл ибодатдан афзалдирda fikr bildirishni o'chirish

Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, маъоризда ёлғон гапирмаслик имкони бордир”, дедилар» (Ибн Адий ва Имом Байҳақий ривояти).

Икки маъноли сўзни унинг биринчи маъносини назарда тутмай, иккинчи маъносини назарда тутиб гапириш маъориз дейилади. Уламолар ёлғон гапириш мутлақ мумкин эмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки ёлғон нафақат ёлғончига, балки жамият, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун динимиз ёлғон гапиришдан қайтарган. 

Сафвон ибн Сулайм розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, мўмин бахил бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар» (Имом Молик ривояти). Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ: “Ёлғон имондан четлатувчидир”, деган. 

Инсонларнинг бир­бирларига хусумати, жанжаллари балоофатларга бош бўлади. Шунинг учун динимиз аразлашганларни яраштириш, қалбларни Исломга мойил этиш, меҳр­муҳаббатни боғлаш, баҳс-мунозаранинг ижобий якун топиши, тафриқа­бўлинишнинг олдини олиш каби ўта муҳим ҳолларда маъориздан фойдаланишга рухсат беради. 

Абу Дардо розийаллоҳу анҳунинг ривоятида: «Набий алайҳиссалом: “Сизларга рўза, намоз ва садақадан афзал даража ҳақида хабар берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Албатта”, дейишди. Набий алайҳиссалом марҳамат қилдилар: “Қариндошлар орасини ислоҳ қилиш. Албатта, фасод қиртишловчидир. Мен сочни қиртишловчи деб айтмадим, балки у динни қиртишловчидир”» (Имом
Термизий ривояти). 

Душман билан қуролли қарама­қаршилик ҳаёт­мамот масаласидир. Агар аскар енгилса, бутун миллат душман таъсири остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчиликнинг манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун уни чалғитувчи ҳаракатлар (ҳийла) қилишга рухсат бор. 

Фарзандларнинг салоҳиятли бўлишларида оиладаги тинчликосойишталикнинг аҳамияти катта. Шунинг учун эр­хотин аҳиллигини сақлашда икки маъноли сўзларни қўллашга рухсат берилади. Таъкидлаш жоизки, шариатимиз эр­хотин муносабатларини яхшилашни ниҳоятда муҳим санайди. 

Лекин айрим ота­оналар ўз хоҳиш­майллари йўлида фарзандларининг оиласини пароканда қилишади. Баъзи қайноналар ишдан қайтган ўғлини дарвоза олдида кутиб олиб, келинини ёмонлаб, сўнг уйга киритиш ҳоллари учрайди. Шундай ҳолларнинг бирида онасининг галдаги норозилигидан паймонаси тўлган эр аёлини калтаклайди. Аёл зарбаларни кўтаролмай воқеа жойида оламдан ўтади. 

Камчиликсиз инсон йўқ. Келиннинг ҳар бир ишидан айб ахтариб, уни оила ҳаётидан бездириш билан ҳеч ким барака топмаган. Аксинча, оилалар кўрки бўлган аёлларимизга чиройли муомала қилиш, ширин сўзлар айтиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб­қувватлаш турмуш фаровонлигини оширади ҳамда фарзандларнинг солиҳ бўлиб улғайишига замин ҳозирлайди. Шунинг учун бир­биримиздан меҳр­мурувватни аямайлик.

 

Манбалар асосида Андижон шаҳридаги “Оқ гўр” жоме масжиди имом-хатиби 
Валижон СИДДИҚБОЕВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан