Мақолалар

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни Ўз ҳифзу ҳимоясига олган

Чоп этилди Yanvar 23, 2021 Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни Ўз ҳифзу ҳимоясига олганda fikr bildirishni o'chirish

10. Самарқандий айтади: «Муғийра уруғидан бир киши Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жонларига қасд қилиш ниятида у зотнинг ёнларига келганида Аллоҳ таоло унинг кўзини кўрмайдиган қилиб қўяди. Нияти амалга ошмаган бадбахт ўз қавми олдига зўрға пайпасланиб боради, то исмини айтиб чақирмагунларича, уларни топиб бора олмайди». 

11. Ибн Исҳоқ шундай воқеани келтиради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ саҳобалар билан Бани Қурайзага келиб, баланд бир қасрнинг девори остига ўтирдилар. Шунда Амр ибн Жаҳҳош деган бир бадбахт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қулай фурсат топилди деб, ул зот ўтирган бинонинг томига чиқиб, устиларига тегирмон тошини ташламоқчи бўлди. Жаброил алайҳиссалом орқали бундан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қайтиб кетдилар ва ортларидан Мадинага етиб келган саҳобаларга Бани Қурайза қилмоқчи бўлган қинғир ишни айтиб, индамай кетиб қолганлари сабабини тушунтирдилар». 

Қуръони каримда бу воқеа хусусида шундай дейилади: “Эй имoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш)ни ният қилгaнидa қўллaрини сизлaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!» (Моида сураси, 11-оят). 

Самарқандий ҳикоя қилади: «Яҳудийларнинг Бани Назир қабиласи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимояларида бўлган Килоб қабиласига мансуб икки кишини ўлдирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша икки кишининг товонини сўраб, Бани Назир қабиласига бордилар. Қабилабоши Ҳуяй ибн Ахтоб ўзини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташрифларидан қувонган кишидек кўрсатиш учун у зотни яхши кутиб олиб, сохта табассум билан: “Эй Абул Қосим, аввал ўтир, бир оз дам ол, сени ва саҳобаларингни бир меҳмон қилайлик, кейин сўраган нарсангни берармиз”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумо билан бирпас ҳордиқ чиқариш учун ўтирдилар. Бундан фойдаланган Ҳуяй ва унинг шериклари бир хуфя мажлис уюштириб, Пайғамбар алайҳиссаломга суиқасд қилишга келишиб олишди. Жаброил алайҳиссалом яҳудийларнинг бу кирдикорларидан Пайғамбар алайҳиссаломни воқиф этди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўё қазои ҳожатга чиқмоқчи бўлган кишидек, ўринларидан туриб кетдилар. Шу кетишда Мадинага йўл олдиларЯҳудийларнинг фитнаси амалга ошмай қолди». 

12. Абу Жаҳл Қурайш мушриклари йиғиладиган мажлислардан бирида: “Агар Муҳаммаднинг намоз ўқиётганини кўриб қолсам, бўйнини оёғим билан босиб, эзаман”, деб қасам ичган эди. Бу гапни эшитган “текин томоша” кўриш илинжидаги кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиш пайтларини пойлаб юриб, намоз ўқиётганларини кўришлари билан дарҳол Абу Жаҳлга хабар беришди. Абу Жаҳл берган ваъдасини бажариш учун Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиётган жойга келди. У зотга яқинлашди­ю, бирдан қўллари билан ўзини пана қилганча орқага чекинди. Воқеага узоқдан томошабин бўлиб турган мушриклар Абу Жаҳлнинг шаштидан тушиб келганини кўриб, нима учун ваъдасини бажармагани ҳақида сўрашди. Абу Жаҳл уларга: «Унинг олдига энди яқинлашганимда ловуллаб ёнаётган чуқур оғзига келиб қолганимни кўрдим. Яна бир қадам ташласам, унга тушиб кетардим. Яна қанотларини қоқиб турган даҳшатли бир шарпани ҳам кўрдим. Қанотлари бутун ер юзини қоплаб олган эди», деб жавоб берди. Бу воқеанинг овозаси бутун шаҳарга тарқалди. Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Жаҳл кўрган нарсалар ҳақида сўрашган эди, у зот: «Улар фаришталар эди. Агар ўшанда менга яқинлашганида, уни тилка-пора қилиб ташлаган бўлишарди», дедилар. Шу воқеадан кейин Абу Жаҳл ва у кабилар ҳақида қуйидаги оятлар нозил бўлди: «Йўқ!!! Дaрҳaқиқaт, инсoн ҳaддидaн oшaр. (Бунга) сабаб ўзини бой-беҳожат санашидир. (Эй инсон,) қайтишинг Раббинг ҳузуригадир. (Эй инсон!) намоз ўқиётган бандани тўсадиган кимсани кўрдингми?! Кўрдингми, агар у (намоз ўқувчи) ўзи тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса?! Кўрдингми, агар у (намоздан тўсувчи ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) тўсилса, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! Йўқ! Қасамки, агар (у бу йўлидан) қайтмаса, Биз унинг пешона сочидан тутамиз. Ўша ёлғончи, адашган (кимса)нинг пешона сочидан (тутиб, жаҳаннамга отурмиз). Майли, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз! Йўқ! (Эй Муҳаммад!) Сиз унга итоат этманг, балки (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!» (Алақ сураси, 6–19-оятлар). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб розийаллоҳу анҳу жанглардан бирида Шайба ибн Усмон деган кишининг отаси ва амакисини ўлдирган эди. Ҳунайн ғазоти куни Пайғамбар алайҳиссаломга рўбарў келган Шайба ўч олиш вақти келганини тушунди. Қиличини қинидан суғуриб, жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга орқа томондан пойлаб, яқин кела бошлади. Шу тобда бирданига кўз олдида ловуллаган олов кўтарилди. У оловда ёниб, жизғанак бўлишдан қўрқиб, орқага чекинди. Ваҳоланки, кўтарилган алангани ундан бошқа ҳеч ким кўрмаётган эди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг ниятини пайқаб, ёнларига чақирдилар. Муборак қўлларини Шайбанинг кўксига қўйдилар. Шайба шу пайтгача қалбида Пайғамбар алайҳиссаломга қанчалик нафрат ҳиссини туйган бўлса, Сарвари олам унинг кўксидан қўлларини олишлари билан ундан ҳам кўпроқ муҳаббат ҳиссини туя бошлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдирмоқчи бўлган қиличи билан у зотни ҳимоя қилиб, жанг охиригача душманга қарши турди. 

13. Ибн Исҳоқ ва бошқа сийрат олимлари айтадилар: «Бир куни Абу Жаҳл Пайғамбар алайҳиссаломни намозда сажда қилаётган ҳолда кўрди. У зотни кўрди­ю, шерикларига берган ваъдаси эсига тушди. Бир неча кун аввал Абу Жаҳл дўстлари билан ўтирганида: «Агар яна бир марта Муҳаммаднинг масжидда сажда қилаётганини кўрсам, қасамки, бошини тош билан уриб ёраман», деб қасам ичиб қўйган эди. Энди ана шу ваъдани бажариш фурсати келган эди. Абу Жаҳл ердан бир тошни олиб, Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлашди. Шериклари воқеани диққат билан кузатиб туришарди. Абу Жаҳл қўлидаги тошни кўтаришга кўтарди­ю, бирданига ранги оқариб, қўлидаги тошини тушириб юборди. Шерикларининг олдига ранги бир аҳволда қайтиб келгач, дўстлари ундан нима учун ваъдасини бажара олмаганини сўрашди. Абу Жаҳл: «Муҳаммадни урмоқчи бўлиб, тошни юқорига кўтарганимда, кўз олдимда баҳайбат туя пайдо бўлди. Агар яна бир қадам юрганимда, у мени еб қўярди», деди. Кейинчалик саҳобалар бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломга хабар беришганда: «У Жаброил эди, агар яна сал яқинлашганида Абу Жаҳлнинг жазосини бериб қўярди», дедилар. 

Бу воқеани ҳам Имом Бусирий ажойиб тарзда мисраларга жойлаган: Суиқасд қилиш дардида баттоллар қотирмиш бош, Бу ишга тўпландилар мушриклардан қари-ёш. Шу топ мағрур гап қотиб, «Мана мен боплай», дея Турарди Абу Жаҳл, бир қўлида ушлаб тош. Яқинлашиб, Расулни урмоқ учун чоғланди, Шу пайт олдида Малак Анқо1 каби жонланди, Қўрқув ичра чекинди, тоши қолиб қўлида, Қавми ёнига бориб, ўз ҳолидан зорланди. Мазах қилиб кулдилар, мулзам бўлди ул бадбахт, Даҳшатли манзарадан ҳали ҳам эди карахт. Расул хабар бердилар: «Жаброил эди ўша, Агар қўл кўтарсайди, калласи кетарди нақд». 

14. Фазола ибн Умайрдан ривоят қилинади: «Макка фатҳ қилинган йили Муҳаммад алайҳиссаломни ўлдириш ниятида йўлга тушдим. Маккага кирсам, Набий алайҳиссалом Байтуллоҳни тавоф қилаётган эканлар. Қора ниятимни амалга ошириш учун у зотга яқинлашган эдим, у зот менга қарадилар­да: “Фазоламисан?” дедилар. “Ҳа”, дедим. “Ҳозир ичингдан нималар ўтди?” дедилар. Мен ҳаяжонланиб: “Ҳеч нарса”, дедим. Шунда Расулуллоҳ кулдилар­да: “Хаёлингдан ўтган ёмонликлар гуноҳини Аллоҳ кечирсин” деб, ҳаққимга истиғфор айтиб, қўлларини кўксимга қўйдилар. Ўшанда қалбим хотиржам бўлиб қолди. Аллоҳга қасамки, қўлларини олишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қалбимда шундай илиқ ҳислар пайдо бўлдики, дунёда мен учун у зотдан севимлироқ киши бўлмаса керак, деб ўйлаб қолдим. Шундай қилиб, қалбим хотиржам ҳолда ўз аҳлим олдига қайтдим. Йўлда илгари мен билан суҳбатлашиб юрадиган бир аёлнинг олдидан ўтиб қолдим. У: “Кел, суҳбатлашамиз”, деди. Мен “Йўқ”, дея рад жавобини бердим». Фазола ўша ҳолат ҳақида ҳаяжонланиб, шундай дейди: Бутлар парчаланган ўша Фатҳ куни Ўлдирмоқ-чун бордим буюк Расулни. Кўксимга кафт босмиш ниятим англаб, Ул зот маҳв этганди ўша он мени. Қалбим ором олиб, изимга қайтдим, Учратдим аёлни ўзим таниган. Чорлади у мени ўзига томон, Дедим: «Раббим мени бундан қайтарган!» 

15. Бир куни Омир ибн Туфайл билан Арбад ибн Қайс Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига гўё у зотни зиёрат қилмоқчи бўлган кишилар каби кириб келишди. Ниятлари эса у зотни ўлдириш эди. Йўлда келаётиб, шу нарсага келишиб олишганди. Режага кўра, Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни гап билан чалғитиб туриши, Арбад эса кутилмаганда орқадан зарба бериши керак эди. Меҳмондорчилик асносида Омир турли гаплар билан Пайғамбар алайҳиссаломни чалғитиб, дўсти Арбадга қулай вазият яратишга уриниб кўрди. Лекин Арбад суҳбат охиригача ҳам ҳеч нарса қилмай ўтираверди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларидан чиққач, Омир ҳеч нарса қила олмаган шеригини койиб берди. Арбад эса унга: “Аллоҳга қасамки, энди ураман десам, кўз олдимдан Муҳаммад ғойиб бўлиб, ўрнига сен пайдо бўлиб қолавердинг! Нима, сени уришим керакмиди?!” деб ўзини оқлади. 

16. Пайғамбар алайҳиссалом туғилишларидан олдин кўплаб яҳудий олимлар ва  коҳинлар ул зотнинг таваллудлари ҳақида бир неча бор башоратлар беришган. Яҳудийлар Набий алайҳиссалом ҳақларида у зотнинг насаблари, туғилиш аломатлари, шарафлари ҳақида анча билимга эга эдилар. Улар Қурайш қавмида тез орада бир пайғамбар чиқиб, барча араблар устидан ғолиб бўлиши ҳақида огоҳлантиришар, бу ҳодиса содир бўлишидан олдин Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдиришга ундашар эди. Яҳудийларнинг ўзлари Пайғамбар алайҳиссалом ёшликларида ҳам, катта ёшга етганларида ҳам бунга бир неча бор ҳаракат қилиб кўришган, лекин мақсадларига ета олишмаган. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Набийсини ҳақ динининг ҳимояси учун душманлар зараридан сақлаган эди.

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг
«Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан