Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Yanvar 25, 2021 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Мен беш йилдан бери Имом Шофиъий мазҳабида намоз ўқийман. Намоз ўқишни Россияда ўргандим. У ерга боришдан олдин намоз ўқимаганман. Отамнинг намоз бошлаганига бир йил бўлди, Имоми Аъзам мазҳабида намоз ўқийдилар. Маслаҳат беринг, Имоми Аъзам мазҳабига ўтишим шартми ё Имом Шофиъий мазҳабида намозимни давом эттираверайми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аввало, сизга ибодат қилиш неъмати муборак бўлсин. Шуни билингки, мусулмон уммати эътироф қилган тўрт фиқҳий мазҳаб – ҳанафий, шофиъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларининг барчаси ҳақ, уларга эргашганлар бир­бирларини ҳурмат қиладилар. Исломнинг асоси бўлмиш Қуръон ва суннатга эргашишнинг энг тўғри йўли ҳам мазкур мазҳабларда ўз аксини топган. Аммо ижтиҳод (Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш) даражасига етмаган кишига яшаб турган юртида мазкур мазҳаблардан қай бири кенг тарқалган бўлса, ўша мазҳабга эргашмоғи вожиб бўлади. Бу ҳақда машҳур “Эълоус сунан” китобида қуйидагича келтирилган: “Ҳақиқат шуки, динда эргашиладиган мужтаҳид имомларнинг барчалари ҳақ ва тўғри йўлдадир. Агар бир юртда улардан бирининг мазҳаби кенг тарқалган ва ўша мазҳаб уламолари кўп бўлса, оми одамга ўша мазҳабга эргашиши вожиб бўлади. Кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабнинг аҳкомларини билиш, воқиф бўлиш узрли бўлгани учун унга эргашиш жоиз бўлмайди” (20-жуз, 290-бет). Маълумки, юртимизда азалдан тўлиқ ҳанафий мазҳаби амалда бўлиб келган. Ҳозирда ҳам юртимиздаги деярли барча аҳли илмлар, устозлар ва масжид имомлари ҳанафий мазҳабида таълим олиб, шу мазҳаб асосида фаолият олиб бормоқдалар. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг унга яқин бўлган, сўнг унга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти). Шуни фахр билан айтамизки, тўрт мазҳаб имомларидан фақатгина Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳадисда зикр қилинган “энг яхши давр” вакилларидан, яъни тобеинлардан ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан афзаллиги борасида гап кетганда, етук уламоларидан Мулло Али Қори раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бошқа пайғамбарларнинг умматларидан кўп бўлганидек, Имом Абу Ҳанифага эргашганларнинг сони бошқа мужтаҳидларга эргашганлар сонидан кўпроқни ташкил қилади. Ҳадисда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати жаннат аҳлининг учдан иккисини ташкил қилади. Имом Абу Ҳанифага эргашганлар ҳам ер юзи мусулмонларининг учдан иккисини ташкил қилади” (“Мирқотул Мафотиҳ” 1-жуз, 27-бет).
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтсак, сиз ҳанафий мазҳабига эргашиб, ўз ибодатларингизни шу мазҳаб асосида бажаришингиз керак бўлади. Акс ҳолда, ҳар куни жавобини топиш қийин бўлган саволларга дуч келишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.

Савол: Мусулмон одам биржада ишлаши мумкинми?

Жавоб: Биржада ишлаш мумкин ёки мумкин эмаслиги у ерда қандай фаолият олиб боришга боғлиқ. Аввал, Ислом Фиқҳи Академиясининг 1404 ҳижрий сана, 11–16 Рабиъус сонийда бўлиб ўтган биржа бозори ҳақиқати, унда юзага келаётган акция, қарз векселлари, товарлар ва қоғоз пулларнинг нақд ва насия битимларини ўрганиб, Ислом шариати ҳукмлари асосида муҳокама қилганидан сўнг, келган хулосасини кўриб чиқсак. “Ислом Фиқҳи Академияси биржа ва ундаги бўладиган акция, қарз қоғозлари, савдо моллари, пуллар ва бошқа савдолар билан яқиндан танишиб, ўрганиб чиққанидан кейин шариат
аҳкомлари асосида қуйидаги қарорларни қабул қилган: 

1) биржанинг асосий мақсади доимий бозор яратиш ва унда иштирок этувчилар учун савдо­сотиққа, товарларини савдога қўйиш ва сотиб олинган маҳсулотларни талаб қилишга енгиллик яратишдир. Бу ерда савдо қилиш жуда ҳам осон, фойдали ва яхши иш бўлиб, савдо­сотиқда тажрибаси йўқ, ҳақиқий нарх­наводан хабари йўқ, аммо олди­сотдига муҳтож кишилар баъзи ғаразгўйлар томонидан алданиб қолишларининг олдини олади. Шунингдек, сотувчи ва олувчиларга катта ёрдам беради. Лекин шу билан бирга, биржа савдосида шариат рухсат бермаган қиморга ўхшаш, бировнинг ҳисобидан фойда кўриш
ва одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш каби муомалалар ҳам бор. Шунинг учун биржа ҳақида умумий ҳукм чиқариб бўлмайди. Балки унда бўладиган ҳар бир муомалага алоҳида тўхталиб ўтишга тўғри келади: 

2) қарз қоғозларининг устига фойда қўйиб сотишнинг барча турлари рибо бўлгани учун шаръан жоиз эмас. Насия савдонинг барча турлари акция ёки савдо моллари бўлсин, модомики сотувчининг мулкида эмас экан, биржадаги услубда сотиш шаръан жоиз эмас. Чунки бунда шахс ўзининг қўлида бўлмаган нарсани кейинроқ бошқа тарафдан сотиб олиб бериш шарти билан сотади. Бу эса “Ўзингда бўлмаган нарсани
сотма” ҳадисига биноан шариатда ман қилинган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Савдо моллари сотилган жойида токи тожирлар ўз молига қўшиб олмагунча қайтадан сотилмас”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). 

Биржадаги қўлма­қўл бўлмаган савдолар шариатдаги салам савдосига ўхшамайди. Уларнинг орасида иккита фарқ бор: биринчиси, биржадаги қўлма­қўл бўлмаган савдода нарх кейин берилади. Салам  авдосида эса нарх савдо мажлисида берилади; иккинчиси, биржа савдосида савдо моли биринчи сотувчи қўлида турган ҳолида бир неча марта савдо қилиниб, олиб­сотилади. Бунда сотувчи ва харидор орасида фақат фойда олинади. Худди қимордаги каби фойда ёки зарар кўриш эҳтимоли бўлиб туради. Саламда эса, қўлида йўқ нарса сотилмайди. Мазкур берилган фатво хулосасига кўра, агар биржа ёки электрон савдо жараёнлари Ислом шариатига мослаштирилган бўлса, шаръан дуруст савдога айланади. Мусулмон киши биржада воқеликда бор бўлган нарсани сотиб олса ва сотишдан олдин ўзи ёки вакили орқали ўша маҳсулотни қўлига олса ёхуд ҳали мавжуд бўлмаган нарсани сотиб олиб савдо битими тузилган мажлис тугамасидан аввал маҳсулотнинг пулини топшириб, шу ҳолатда савдо қилса, биржада ишласа бўлади, акс ҳолда биржада ишлаш шаръан жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Савол: Менинг турмуш ўртоғим букмекерлик ширкатларида футбол ўйинларига пул тикиб ўйнайди. Бу ҳам қиморга кирадими?

Жавоб: Букмекерлик ширкатларида футбол ўйинларига пул тикиш динимизда қимор ҳисобланади. Бу гуноҳдан ҳамма, айниқса, мусулмонлар сақланишлари лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда айтади: «Эй имон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (Моида сураси, 90-оят).
Қимордан топилган молни ейиш гуноҳи судхўрлик билан топилган молни егандан ҳам оғирроқдир. Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйинни ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Ундан ташқари, қимор Аллоҳнинг зикридан, намоздан тўсади. Шунинг учун ҳам Исломда қимор ўйнаш судхўрликдан олдинроқ ҳаром қилинган. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан