Мақолалар

Ория

Чоп этилди Yanvar 25, 2021 Орияda fikr bildirishni o'chirish

“Ория” сўзи луғатда бериш, бериб туриш маъноларини англатади. Ор, орият каби маъноси ҳам бор. Чунки берган нарсани қайтариб олиш ориятли бўлгани учун шундай дейилган.

Истилоҳда ория – манфаатни эвазсиз мулк қилиб беришдир. Бу бир нарсани фойдаланиб туриш учун бошқа бировга текинга бериб туриш ҳисобланади. Яъни, унинг ўзини эмас, ундан келадиган манфаатни мулк қилиб бериш. Эвазига ҳақ олинса, ижарага айланади. Ориянинг ҳиба (ҳадя)дан фарқи – маълум муддатда қайтариб олинишида. Ҳибада қайтариб олиш йўқ. Қўшниларнинг бир­бири билан болта, теша, кетмон, қозон­ўчоқ каби анжомларни ишлатиб туриши ҳам ория ҳисобланади.

“Ва рўзғор буюмларини ман этадилар” (Моъун сураси, 7-оят).

Бу оятда имонсизларнинг сифатлари ҳақида сўз борган. Улар ҳатто шу нарсаларни ҳам бериб туришдан қизғанишган. Рўзғор буюмларини бошқалардан қизғаниш ўшаларга ўхшаб қолишдек бўлиб қолар экан.

Уй, машина, соғин сигир каби фойдаланиш мумкин бўлган нарсаларни бериб туриш ория бўлаверади. Орияга берувчи ўша нарсани қайтариб олишга ҳақли. Агар орияга олинган нарса олувчининг қўлида нуқсон ёки талафотга учраса, модомики олувчи буни қасддан қилмаган бўлса, уни тўлаб беришга мажбур эмас. Орияга олинган нарса ижарага берилмайди. Агар шундай қилса ва у нобуд бўлса, орияга олган тўлайди.

“Фойдаланиб туришга берган томон манфаатнинг вақти ва турини қайд қилмаса, орияга олувчи ундан истаганича ва хоҳлаганда фойдаланиши мумкин. Қайд қилиб қўйган бўлса, ўша бўйича фойдаланади. Агар ундан ошириб юборса, зиёдаси учун тўлаш зиммасида қолади” (“Мухтасарул виқоя”). 

Масалан, бир киши ўзининг машинасини бировга фақат кундузи фойдаланиш шарти билан орияга берди. Олган одам эса машинадан кечаю кундуз фойдаланаверди. Энди у машинадан шартга хилоф равишда кечаси ҳам фойдалангани учун ортиқча фойдаланган қисмига ҳақ тўлайди.

Ерни бино қуриш ёки дарахт экиш учун фойдаланишга берса бўлади. Ер эгаси уй қурган ёки да рахт экканга уларни кў­чиртиришга ҳақли. Масалан, бир киши ерини унга дарахт экиб фойдаланиш учун ўн йилга орияга берди. Ўн йил ўтмасидан ерни бўшатишни сўрашга ҳақи бўлади. Лекин кўчирилиш давомида ерда бино бўлган нарсаларга етган зарарни ер эгаси тўлайди. Белгиланган муддатдан олдин ориядан қайтиш макруҳ.

Экин экиш учун берилган ер эса ҳосил йиғиб олинмагунча қайтариб олинмайди. Чунки ундан кўзланган манфаат юзага чиққани йўқ. Аксинча, зарар кўрилади. 

Буғдой, арпа, картошка, гўшт ёки шакарга ўхшаган нарсалар ёхуд тилла­кумуш ва нақд пулни фойдаланиб туришга бериш ория эмас, қарз бўлади. Чунки манфаат юзага чиқиши учун улар йўққа чиқиши керак. Яъни, гўштни истеъмол қилиш, пулнинг эвазига бирон нарса сотиб олиш билан манфаат юзага чиқади ва унинг ўзи йўқ бўлиб кетади. Шу сабаб улардан фойдаланиб туриш ория эмас, балки қарз ҳисобланади.

 

Лекин юқоридагилардан, масалан, тилла танга, доллар, сўм, евро каби пул бирликларини бирон жойни безаб туриши (яъни, экспонат – кўргазма сифатида) учун олса, уларни қайтариб бериш шарт бўлади. Чунки бундай фойдаланиш ория ҳисобланади. 

Манбалар асосида Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан