Пандемия 225 млн кишини ишсиз қолдирди, бойлар эса янада бойиди
Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, пандемия даврида дунёда 225 миллион доимий иш ўринлари қисқартирилди. Молиявий йўқотишлар 2009 йилдаги глобал молиявий инқироздан тўрт баравар кўпроқ бўлди. Aммо бу инқироз бойларга ижобий таъсир этди. «Охфам» ташкилоти ҳисоботларига кўра, дунёдаги энг бой 10 кишининг умумий бойлиги инқироз бошлангандан бери 500 миллиард доллардан ошди. Бу маблағ бутун сайёрани эмлаш учун етарли эканлиги ҳам қўшимча сифатида айтиб ўтилди.
Иккала ҳисобот ҳам тенгсизлик ўсиб бораётганини тасдиқлаб турибди.
«Охфам» маълумотларига кўра, глобал қашшоқлик пандемиядан аввалги ҳолатга қайтиши учун дунёдаги энг бадавлат одамнинг бойлик йиғишига кетган вақтдан 14 баробар кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин.
БМТ ҳисоботида айтилишича, жаҳон миқёсида аёлларнинг ишсизлик даражаси 2020 йилга нисбатан 5 фоизга ошган. Эркаклар орасида эса бу ҳолат нисбатан паст – 3,9 фоизни ташкил этмоқда.
15 ёшдан 24 ёшгача бўлган одамлар ўртасида ишсизликнинг ўсиши 8,7 фоизни ташкил этди.