“Мен бошлиқ бўла олмайман!”
Муъта жангида мусулмонларнинг уч етакчиси бир-бир шаҳид бўлишди:
1. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳ анҳу.
2. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳ анҳу.
3. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу.
Мусулмонлар байроғи жанг майдонида қулади. Саҳобалардан Собит ибн Ақрам розияллоҳу анҳу байроқни ердан олиб ҳайқирди:
“Эй мусулмонлар! Бирортангиз етакчиликни қўлига олсин!”.
Мусулмонлар: “Сен”, дейишди.
Собит розияллоҳу анҳу: “Мен бундай қила олмайман”, деди.
Мусулмонлар ўзларига Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни бош қилишди.
Буюк саҳобий Собит ибн Ақрам розияллоҳу анҳу томонидан бизга буюк дарс берилмоқда. У Абдуллоҳ ибн Равоҳа розиёллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан кейин байроқни ердан дарҳол кўтарди. Чунки байроқнинг қулаши жангдаги мағлубиятдан нишона эди. У байроқни Холид розияллоҳу анҳуга берди. Холид розиёллоҳу анҳу аввалда байроқни олишдан бош тортди:
– Йўқ, мен бунга муносиб эмасман!
Собит розиёллоҳу анҳу деди:
– Аллоҳга қасамки, бу байроқни мен сен учун ердан олдим!
Собит розияллоҳу анҳу мусулмонларни бирлаштирди. Ишни ўз эгасига топширди. Бу ишга Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни муносиб деб билди. Иш агар муносиб бўлмаган кишига топширилса фасод бўлади, бузилади. Иш агар Аллоҳ ризоси учун бўлса бу ерда шуҳратни севишга, нафс насибасига ўрин қолмайди.
Собит ибн Ақрам розияллоҳу анҳу қўшинни бошқаришдан ожиз эмас эди. У Бадрда иштирок қилганлардан эди. Аммо у бу мансабга мусулмонлар ичидан муносиби бўлиб туриб уни эгаллаб олишни зулм деб билди.
Биз мусулмонлар бу буюк дарсдан ибрат олишимиз, муносиб бўлмасакда масъулиятли мансаб-вазифаларни эгаллаб олмасдан, уни ўз эгаларига бўшатишимиз лозим. Зеро, қанча-қанча ноёб истеъдодлар, беқиёс ақл соҳиблари бизнинг касофатимиз туфайли хизматдан маҳрумдирлар.
Халқимиз дин ишида ҳам, дунё ишида ҳам уларнинг ақл хазинасидан мосуво. Биз ҳам фақат Аллоҳ ризоси учун ишларни ўз эгаларига топширишимиз лозим. Ана шунда зулм чекиниб адолат зоҳир бўлади. Чунки зулм дегани, нарсаларни ўз ўрнига қўймасликдир! Тавфиқ Аллоҳдандир!
Абдулқодир Полвонов