Мақолалар

Ҳар соҳада имонсиздан қўрққулик, ҳақиқий шоирнинг эса дили сарадир…

Чоп этилди Fevral 3, 2021 Ҳар соҳада имонсиздан қўрққулик, ҳақиқий шоирнинг эса дили сарадир…da fikr bildirishni o'chirish

Сафар Оллоёр яқин ўттиз йилдан буён тиним билмай ижод қилиб келмоқда. Унинг ўзига хос шеърий олами бор. У ана шу дунёда жўшиб, ёниб яшайди, ижод қилади.
«ТАФАККУР» нашриёти шу кунларда шоирнинг танланган асарлар церийасидаги биринчи китобининг «КЎЗГУСИЗ ГЎЗАЛ» номи билан салмоқли ҳажмда нашрдан чиқарди.

Одатда «Танланган асарлар» ўз номи билан танлаб олинган, яъни олдинги китобларни ғалвирдан ўтказиб, саралаб олингани бўлади. Сафар Оллоёр ўнлаб китоблари бўла туриб, бу кўҳна анъанани бузган, ҳали ҳеч жойга эълон қилмаган шеърлари асосида китоб тартиб берган.

Китобга сўзбоши ёзган таниқли профессор Қозоқбой Йўлдош шоир шеърлари таҳлилига алоҳида тўхталиб, «Сафар Оллоёр – заҳматкаш ижодкор» деб ёзади. Мен шоир дўстимнинг бир мухлиси сифатида уни ўзига ишонган, мақсади йўлида ҳар қандай машаққатни енгиб ўтишга тайёр Сизифга ўхшатаман.У ҳеч қачон тўхташ, балки чекиниш керакдур, деган нарсани билмайди. Унинг шоир табиатида ғолиблик руҳи доим бўй кўрсатиб туради. Бир пайтлар яссавиёна шеърлари билан кўпчиликнинг эътирофини қозонган шоир кейинчалик ҳикматларга йўғрилган йирик асар – «Зарбулдостон» ёзди. Ундан кейин «Қўшсатрлар»ни эълон қила бошлади. Адабиётимиз синчилари бу икки йўналишни анъанавий шеъриятимиздаги ўзига хос новаторлик дея эътироф этишди.

«КЎЗГУСИЗ ГЎЗАЛ»га сўнгсўз ёзган китоб масъул муҳаррири Ойгул Раззоқова шоир ижодига батафсил тўхталган, таҳлил қилган.

Яна бир гап. Бундан кўп йиллар бурун улуғ шоиримиз Шавкат Раҳмон ҳам Сафар Оллоёр ҳақида илиқ фикрлар билдирган эди. Шоирнинг «Нафис идрок» китобида шундай битикларга дуч келамиз:

«Ҳақиқий шоирнинг дили сарадир. Дили – яра, тили сарадан қўрққулик. Дили сара бўлмаган кишидан шоир чиқмайди. Сафар Оллоёрнинг дили сарага ўхшайди. Келинг, ушбу шеърларни ўқиб, Оллоҳ шу боланинг ҳам имонини бақувват қилсин, деб фотиҳа қилайлик, чунки ҳар соҳада имонсиздан қўрққулик. Бундан ташқари. Исми – Сафар, фамилияси Оллоёр экан. Бунда бир гап бор…»

Шавкат Раҳмон дунёни тарк этганига йигирма етти йил бўлди. Шоир айтган «шу бола…» эса эллигинчи довонни ошиб ўтди.

Қўлимизга шоирнинг танланган асарлари биринчи китоби турибди. Мутолаага киришамиз…

Алишер Нарзулло