Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари чегара ҳудудидаги жоме масжидга ташриф буюрдилар

Чоп этилди Fevral 4, 2021 Муфтий ҳазратлари чегара ҳудудидаги жоме масжидга ташриф буюрдиларda fikr bildirishni o'chirish

Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва уларга ҳамроҳлик қилиб турган Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар Риштон туманидаги “Хўжа Илғор” жоме масжиди ва шу номдаги зиёратгоҳга ташриф буюрдилар.

Диний соҳа раҳбарлари дастлаб, жоменинг мажлислар залида Риштон туманида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари билан учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ислоҳотлар, айни замонда имом-хатиб ва ноибларнинг олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида сўзладилар, бунда соҳа ходимлари ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун фаол тарғибот ишларини олиб бориш, маърифат тарқатиш, жамиятимиз ҳаётида нафақат имом-хатиблар, балки имом ноиблари ҳам фаол бўлишлари лозимлигига алоҳида урғу бердилар.

Зеро, янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган барча ишлар халқимизни рози қилишга қаратилганини Муҳтарам Президентимиз ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар: “Бизнинг бош мақсадимиз – халқимизнинг розилиги. Бу Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади”.

Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олдилар. Шунингдек, “Хўжа Илғор” масжид ҳолати, намозхонларга қилинган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.

Меҳмонлар ташриф давомида шу ерда жойлашган “Хўжа Илғор” қадамжосини зиёрат қилиб, бу ернинг тарихи ҳақида суҳбат қурдилар, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди, муфтий ҳазратлари ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати