Мақолалар

Умматингиз тўғрисида умид этганингиз бўлгай!

Чоп этилди Fevral 6, 2021 Умматингиз тўғрисида умид этганингиз бўлгай!da fikr bildirishni o'chirish

«Яқинда Раббингиз сизга (шундай неъматларни) ато этурки, сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз! (Эй, Муҳаммад! Раббингиз) сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна сизни ҳайрон ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?!» (Зуҳо сураси, 5–8-оятлар).

Бу сурада бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилинган. Яъни, Раббингиз охиратда сиз рози бўладиган шараф ва улуғликни ато этур. Баъзи тафсирларда “тезда Раббингиз зикр, шараф, манзил ва душманларингиз устидан ғолибликни бергайки, сиз бундан рози бўлгайсиз”, дейилади. 

Бу оят хусусида: “Умматингиз тўғрисида умид этганингиз бўлгай”, деган таъвил ҳам бор. Умматингизни шафоат қилиш хусусидаги истагингиз берилади, сиз бундан рози бўласиз. Шунингдек, мазкур оятда у зот рози бўлмайдиган нарсанинг юз бермаслиги ҳам умид қилинади. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг дўзахга тушишига асло рози эмаслар. 

Бир таъвилда: «Ҳавзи Кавсар берилади. Шафоат қилиш мақоми ато этилади. Ёки жаннатда тупроқлари мушкдан бўлган оқ луълуъдан барпо этилган қаср каби мукофотлар берилади», дейилган. 

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Биз мазкур оятдан Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасини умид қиламиз: “Аллоҳ таоло расулларига мўминлар ҳақига истиғфор айтишни буюрди. Шунингдек, фаришталар ҳам мўминлар учун истиғфор айтишга чақирилди. Шунда улар ҳам мўминлар учун истиғфор айтадилар”». 

Мазкур оятларнинг нозил бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар ва расул бўлишларидан бир белги ва у зотга нусрат ва ёрдам тўғрисидаги хушхабар эди. Пайғамбар алайҳиссаломга камбағал ва заиф, деб нисбат бераётган кофирлар огоҳлантирилган. Шу тарзда Аллоҳ таоло етим ва фақирлик – илм­маърифат етказиш учун нуқсон бўла олмаслигининг хабарини берган. Зеро, ваҳийни етказиш йўлида Расулуллоҳ алайҳиссалом заифлик ҳолидан куч­қудратли ва ақл ожиз қоладиган даражадаги комилликка етдилар. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дунёда ҳам, охиратда ҳам эсланадиган, барча инсонларнинг ҳожатбарорига айландилар. Бу – етим кишининг қўлидан келадиган иш эмас эди. Инсон бор­ки, ёзиш ва чизишни ўрганади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёзув­чизувни билмаганлар. Шу боис Аллоҳ таоло у зотга билдираётганига далолат қилишини идрок этмоғимиз лозим! 

Имом Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аллоҳ таоло сизни шарафда танҳо, ўхшаши йўқ ҳолда топиб, сўнгра сизни ҳимоялайдиган, атрофингизни ўраб оладиган асҳоблари билан биргаликда бўлган бошпанага эга қилди» («Фатҳул Қадир»). 

Оятда “Сизни ҳайрон ҳолда топди”, дейилишидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳидоят томон йўллайдиган, Аллоҳ таоло тарафга чақирадиган бирор кишиси бўлмаган, адашган қавм орасида улғайдилар. Бироқ Аллоҳ таоло у зотни ҳидоят қилди, тўғри йўлга бошлади, адашганлар тоифасидан қилмади. Бу ҳақда ушбу оятда ҳам таъкидланган: “Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”.Яъни, сизларни Аллоҳ таоло дўзахдан қутқармаганида эди, тубсиз чоҳ устида дод­вой қилган бўлардингиз. 

Имом Калбий, Суддий ва Фарро айтади: «Сизни залолатдаги қавмлар орасида топди. Уларни ҳам сиз сабабли ҳидоят қилди». Бу яна Аллоҳ таолонинг ушбу оятида ҳам акс этган: “Агар (Биз) сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, уларга бироз мойил бўлишингизга оз қолган эди”.2 Чунки сусткашлик инсоннинг табиатида бор. У шошқалоқликка мойилдир. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Ўз марҳамати ила собитқадам қилди ва гуноҳлардан маъсум этди. Инсондаги табиий истак ва майллардан йироқ қилди.

Оятнинг иккинчи тафсири шуки, “Ва сизни ҳайрон ҳолда топди”, дейилишдан мурод касбий ва ихтиёрий ҳайрат эмас, балки табиий хилқатдир. Оятдаги [ الضللал­золал] калимаси билмаслик маъносидадир.  Чунки инсонлар табиий жоҳилликда бўлиб, шу сабабли маломат қилинади ёки улар учун илм ато этилиб, у ила мақталади. Лекин инсон табиатида бўлган жоҳиллик ва гумроҳлик илмсизлик туфайли пайдо бўлган эмас. Инсон илм билан зафар топганидан сўнг яна жаҳолатга қайтса, шунда у маломат қилинади. Илм ҳам шундай: уни таҳсил қилган кишининг устида мақтов ҳам, айблов ҳам қарор топади. 

Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг: “Яна Сизни ҳайрон ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!” деган ояти, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизни асл хилқат узра топди. Сўнг ҳидоят қилди, яъни ҳақиқатни билдирди, англатди, дея тафсир қилинади.

Қуйидаги оятда бундай баён этилади: “Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръонни) ва на имонни (моҳиятини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни шундай) нур қилдик…”.3 Ва яна Аллоҳ таолонинг Каломида: “Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз…”4 дея марҳамат қилинади. 

Учинчи тоифа тафсир этганлар, “[ ”َ وَ و َ ج َ د َ ك َ ض ًّ الва важадака золлан]дан мурод ўтган пайғамбарлар ва уларнинг хабарларидан то сизни хабардор этгунига қадар, сиз улардан ҳайрон эдингиз, деганидир дейди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссаларни айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз”. 

Айрим муфассирлар َ وَ و َ ج َ د َ ك [ َ ض ًّ الва важадака золланг]дан мурод сиз бир гумроҳ қавм орасида эдингиз. Сизни уларнинг орасидан чиқариб олди. Акс ҳолда улар ўзлари қилаётган нарсаларга сизни ҳам чорлар эди, дейишган. Яна айримлар ووجدك { ضالва важадака золланг} деганда нубувват назарда тутилган. Яъни, пайғамбарликдан хабарсиз ҳолда топди, сўнг сизни нубувватга ҳидоят этди, деганлар. 

Имом  Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мана шу тафсир юқорида зикр этилган тафсирлар орасида энг саҳиҳи ва кучлироғидир”, дейди.

Таъвил аҳиллари айтадики, албатта, дунё Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг нажотга эришишлари учун ҳатто эваз ва восита ҳам бўлишга арзимайди.Чунки охиратда Пайғамбаримиз учун ато этилган неъмат ва мартабалар олдида дунё аҳамиятсиз нарсадир. 

Ривоятларда: “Бойлик – қалб бойлигидир”, дейилади. Шу боис Аллоҳ таоло лутф этган ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни беҳожат қилди. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васл (улаб кетиш)дан қайтардилар. Шунда ё Расулуллоҳ, сиз ҳам васл (улаб кетасиз­ку) қиласиз­ку, дейилди. У зот айтдилар: “Мен сизларга ўхшамайман. Албатта, Раббим мени таомлантиради ва чанқоғимни қондиради”, дедилар» (ҳадис рўза тутиш ҳақида келган)

Демак, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга лутф кўрсатиб, беҳожат қилган дейиш ва агар у ҳақда бизга хабар келмаган бўлса ҳам, жоиздир. Баъзилар айтдики, Аллоҳ таоло сизни Хадича розийаллоҳу анҳонинг моли ила давлатманд этди. Яна айримлар, { – فاغناكфаағнака} калимасини { – فارضاكфаарзока}, дея тафсир қилишган. Яъни, сизга ризқ ато этди ва қаноатлантирди. 

 

Манбалар асосида Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази илмий ходими 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан