Расулуллоҳнинг етимликлари ҳикмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етим бўлиб дунёга келишлари, ота тарбияси, она ғамхўрлигини кўрмасликлари, ҳатто меҳрибон бобосидан ҳам тез орада айрилиб қолишлари шунчаки тасодиф деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта! Бу Аллоҳ таолонинг ҳикмати илоҳийсидан ўзга нарса эмас.
Аллоҳ таоло Ўзининг Ҳабибига бундай тақдирни битиши бежиз бўлмаган. Четдан қараганда, буни бундай изоҳлаш мумкин: “Ислом душманлари томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари ва таълимотлари унга онасининг сути билан кирган, яъни у зот оила муҳитида шу руҳда тарбияланган, деган таъна-дашномга учрамасликлари учун шундай қилинган эди”.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмутталибнинг мавқеи баланд бўлган. У ҳожиларнинг озиқ-овқати (рифода ва сиқоя)га масъул эди. Бундай киши ўз мавқеини сақлаб қолиш учун боласига раҳбарлик ғоясини сингдириши табиий ҳол.
Бироқ, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийсига кўра, дин душманлари томонидан қўйилиши мумкин бўлган барча айбловларнинг эшигини ёпди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз оталарини умуман
кўрмадилар, оналари ва боболари билан эса жуда оз муддат бирга бўлдилар, холос. Аллоҳ таоло у зотнинг ёшликларини ўз оиласидан олисда – Бани Саъд қабиласида ўтишини ирода қилди. У зот боболарининг вафотидан кейин амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Толибнинг қўлида улғайишлари у зот олиб келган рисолатнинг ҳақ эканини яна бир бор тасдиқлайди. Нега деи� сизми? Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарғиб қилаётган ғоя унга амакиси томонидан сингдирилганида, Абу Толиб биринчилардан бўлиб унга ўзи эргашган бўларди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада олиб борган ўн йиллик даъватларига қарамай , Абу Толиб Исломга кирмади.
Тўғри, Абу Толиб ҳаётининг сўнгигача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлади, ҳимоя қилди, лекин бу ишлари барибир унинг имон келтиришига сабаб бўлолмади. Бу ҳақиқат шуни англатадики, исломий ғояларнинг тарғиботчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари эмас, балки у зотнинг ўзларидир. Шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исломий ғояларни тарғиб қилиши оиласининг таъсири остида шаклланган, деган уйдирмаларга ҳеч қандай асос йўқ.
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан