Халққа ҳақни етказувчилар
Сен ҳаммадан суюксан, суюклигинг унутма, аёл!
Фарзанд деб дил куюксан, куюклигинг унутма, аёл!
Пайғамбару авлиё, жаҳонгирга сен – Она,
Шу боис ҳам буюксан, буюклигининг унутма, аёл!
“Илм ўз соҳибини дунёда азиз ва охиратда шарафли қилиш” (Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу) баробарида, унга бир неча масъулиятни ҳам юклайди. Хусусан, илмига амал қилиш, билганларини илмаганларга етказиш орқали киши – хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – Аллоҳ таолодан ҳақиқий қўрқадиган (Қуръони карим, Фотир сураси, 28-оят), асло билмайдиганлар билан тенг бўлмайдиган (Қуръони карим, Зумар сураси, 9-оят) даражага эришади.
Ҳар доим жамият учун олим киши қанчалик зарур бўлса, отинойи ҳам шунчалик муҳим бўлган. Ҳатто фарзанд тарбиясида ота, (яъни эркак)дан кўра, аёлнинг ўрни жуда аҳамиятлидир. Шу маънода, бугун жамиятни катта бир оилага қиёсласак (зотан, жамият оилалардан таркиб топган), отинойиларнинг ўрни нақадар муҳим экани яққол кўзга ташланади. Бежиз доно халқимиз: “Ўғил бола тарбияси – шахс тарбияси, қиз бола тарбияси – жамият тарбияси”, демаган.
Отинойи – аёлқизлар мураббийси, диний маросимларга бошчилик қиладиган, дин ва шариат билимдони, шунингдек, дунёвий илмларни ҳам эгаллаган маърифатли аёлдир.
Замонасининг отинойилари ҳисобланган маърифатли аёллар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар нафақат шаръий билимлар, шу билан бирга, сиёсат ва маданият соҳасида ҳам етук билимга эга бўлишган.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг диниймаърифий савиясини ошириш, бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари қаторида отинойиларнинг фаол иштирок этаётгани ҳам замон талаби, ҳам бу борадаги улкан натижалар асоси бўлаётир.
Отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенг. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки иқтисод, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг 2019 йил 2 декабрдаги 188сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 январдаги 0107/188сонли қарорларини ижро этиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 6 февралдаги 01 А/019сонли, 2019 йил 9 октябрдаги 01 А/156сонли ва 2019 йил 23 декабрдаги 01 А/202сонли буйруқларини амалга ошириш учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг муҳим тавсиялари, бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари ҳамда Қўмита раисининг ўринбосари ҳурматли Дилбархон опа Ғуломованинг йўлйўриқлари
асосида республикада меҳнат қилаётган отинойиларимиз билан катта хайрли ва айни пайтда муҳим ишлар бажарилди.
Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарори асосида отинойилар фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган меъёрийҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, отинойининг лавозим йўриқномаси ҳамда отинойилик фаолиятини тизимга солишга доир тегишли қоидалар жорий этилди.
Отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида 2019 йилнинг сентябрь ойидан 2020 йил март ойигача ўқувсеминарлар ташкил этилди. Ўқувсеминарларда қатнашган 5746 нафар отинойига сертификатлар топширилди.
Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўлимлари фаолиятини илмий, ўқувмеъёрий ва ўқувуслубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Илмий-услубий кенгаш томонидан амалга оширилди.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан