Ўзгалар муроди учун яшамоқ бахти
Бир киши ҳазрати Имом Ҳусайннинг ёнига келди ва: “Эй иззат ва жалол соҳиби Аллоҳ Расулининг авлоди, мен фақир бир одамман, болаларим бор, сендан бир кечамизнинг ризқини истайман”, деди. Ҳазрати Ҳусайн унга: “Ўтир, бизни ризқимиз йўлда қидириб келяпти, у келгунига қадар кутиб тур”, деди. Кўп ўтмасдан Муовия тарафидан юборилган ва ҳар бирининг ичида минг динордан бўлган бешта халта келди. Халтани келтирганлар дедиларки, Муовия сендан узр тилайди ва айтадики: “Бунинг ортидан яна кўп ёрдам боради. Улар етиб боргунига қадар беш халтани атрофингдагиларга харжла”. Ҳазрати Ҳусайн (р.а.) ишорат қилди, бешта халтани фақирга бердилар. Сўнгра фақирдан узр сўраб: “Кўп кутиб қолдинг, аммо озгина нарса олдинг, юборилган пулнинг бунчалик оз эканини билганимизда эди, бунчалик кўп куттирмасдик. Бизни маъзур тут, зеро, биз бало аҳлиданмиз. Дунёда ҳар қандай роҳатни тарк этдик, дунёвий муродимизни йўқ қилдик, Бошқаларнинг муроди учун яшамоғимиз керак бўлмоқда”.
Ҳужвирийнинг “Кашфул маҳжуб” асаридан.
“Пулемас ота” жоме масжиди имом-хатиби Музаффархон АЪЗАМ тайёрлади.