Болалар

Бизни ким яхши кўради?

Чоп этилди Fevral 11, 2021 Бизни ким яхши кўради?da fikr bildirishni o'chirish

Муҳаммадамин энди мактабга чиқади. Аммо бунинг учун ҳали ёз ўтиши керак. Мактабга чиқиш олдидан бир сайр қилиб келсин, деб отаси уни қишлоққа олиб борди. Бола йўлда кўрган нарсалари ҳақида савол бериб машина бошқариб кетаётган дадасини бироз чалғитди, шекилли, уловлари йўлдан бироз чиқиб кетаёзди. Шунда қўрқиб кетган онаси унга уришиб бергач:

– Худо бир асради, дадаси, Ўзига шукр, – деди.

Отаси ҳам:

– Аллоҳга шукр, у меҳрибон, – деб жавоб қайтарди.

Бўлиб ўтган ҳодисанинг фарқига кўпам бормаган Муҳаммадамин яна савол беришда давом этди:

– Дада, Худо ким?

Онаси энди танбеҳ бериш учун оғиз жуфтлаган эди, дадаси унга маъноли қараб қўйгач, автоуловини қайта ўт олдира туриб ўғлига жавоб берди:

– Худо ҳаммамизни яратган, ҳаммадан катта ва кучли бўлган Зот.

– Ҳаммадан кучлими?

– Ҳа-да, ўғлим.

– Худо қанақа қилиб асрайди?

– Худо ҳамма нарсанинг подшоси, болам. Дунёдаги ҳамма нарса унинг айтганини дарров қилади. “Бўл”, деган иши бўлади. “Бўлма” деса бўлмайди.

– У қаерда яшайди?

– Ҳамма жой уники, истаган жойида яшайди. У ҳаммамизни кўриб туради. Ҳатто нима ўйлаганимизни ҳам билади…

Отаси Муҳаммадаминга бундан ҳам тушунарли жавоб беришни истади. Аммо шу дамда хаёлига бошқа фикр келмай жим бўлиб қолди. Онаси эса ўғлини чалғитиш ниятида қўлига телефон тутқазди:

– Ма ўғлим, ҳалиги мултфилм бор-ку, ўшани кўриб кетақол. Қолган саволларингни қишлоққа боргач, бобонгдан сўрайсан…

***

Қишлоқда Муҳаммадамин эшакни бузоқ, деб кулгига қолгач, бироз аразлаб қолди. Шунда бобоси:

– Нега куласизлар? Билмаган нарсасини танитмаганларингдан кейин адашади-да, – деб набирасининг қўлидан тутди. – Юр болам, сенга ўзим уй жониворларини кўрсатаман.

Бобо набирасини етаклаб ҳовлига чиқаркан, олдидан чиққан нарса билан таништира бошлади:

– Манави думини ликиллатаётган ит, унинг оти Бўйноқ. Қара, бўйнида оқ жойи бор. Анави ошхона деразасидан сакраб тушиб лабини ялаётган мушук. Менимча у ҳозир момонг эндигина соғиб кирган сутдан ичиб чиқди-ёв…

– Ўғирлабми?! Ўғирлик қилиш яхшимас-ку, бобо?

Набирасининг соф ва содда саволидан бобо яйраб кулади.

– Ҳа, ўғирлик қилиш ёмон иш. Лекин мушукка момонг ўзи идиш қилиб қўйган. Ит олиб қўймасин, деб ошхонанинг ичида озроқ сут сузиб бергандир. Қани юр энди, оғилга борамиз.

Оғилхонада бобо набирасига қўй-қўзи, эчки-улоқ, сигир бузоқни бир-бир кўрсатиб, танитгач:

– Энди сен шу ерда туратур. Мен қўйларга пичан уриб берай, – деб оғилхона ёнидаги симтўр билан уралган бедазорга кирди. Муҳаммадамин уй ҳайвонларини ҳайрат билан томоша қилар экан, отнинг пишқириғидан қўрқиб кетиб:

– Бобожооннн! – деб бақириб юборди.

Қўлида ўроқ билан сапчиб ўрнидан турган бобо отга бақрайиб қараб турган набирасига қараб гап нимадалигини дарҳол тушунди:

– Қўрқма болам, от бурнини қоқди, – деб кулиб қўйди-да, ишини давом эттирди. Сўнг ўрган бедасини олиб келиб қўйлар охурига сочиб ташлади.

Набирасининг бошини силади:

– Бу жониворлардан қўрқмаслик керак, болам. Улар жуда ювош.

– Баҳайбатлигини қаранг, еб қўймайдими? – ишонқирамай сўради ҳалиям отга қараб қотиб турган Муҳаммадамин.

– Худо сақласин, болам.

Боланинг эсига йўлда онаси ва отаси айтган гап тушди. Сўнг кўнгли бироз хотиржам бўлди.

– Бобо, Худо ҳамма жойда бор-а?

– Албатта, қўзичоғим.

– У анави коотта отга “одамларни ема” деб айтганми?

– Худди шундай. Худо унга “одамларни устингга миндириб юр, улар нима деса шуни қил” деган-да. Шунинг учун от биздан кучли бўлса ҳам биз уни мина оламиз. Отга минишни истайсанми?

– Йўқ… Яхшиси анави шохи борига минақолай. Йиқитаман деса шохидан ушлаб оламан.

Бобоси Муҳаммадамин кўрсатган, ювошгина емиш еб турган бўқани кўриб яна кулиб қўйди.

– У от эмас, ҳўкиз. Сигирнинг ўғилболаси. Унга минилмайди. Боқиб сотамиз ё сўямиз.

Болада яна савол аломати пайдо бўлди:

– Сўямиз, дегани нима, бобо?

– Гўшт еганмисан?

– Ҳимм.

– Ўша гўштлар манави мол ва қўйларники бўлади. Худо бизга уларни фойдаланиш учун берган. Сигирнинг сутини соғиб оламиз. Ҳўкизни яхши боқиб, семиртириб сўйгач, гўштини еймиз. Энди билиб олдингми, болам?

– Ҳа, билдим. Худо ҳамма нарсани биз учун яратган экан, демак яхши кўрар экан-да.

– Баракалла ўғлим, тўғри тушунибсан. Аммо Худо яратган ҳамма нарса биз учун эмас. Баъзи нарсалардан фойдаланинглар, лекин еманглар, деган. Масалан, анави эшакнинг гўштини емаймиз. Лекин унга юкларимизни ортиб ишлатамиз.

– Нега бобо?

– Чунки унинг гўштида микроп бор… Яна шунга ўхшаган айрим ҳайвонлар, қушлар одамга зарар бўлгани учун Худо “уларни еманглар” деган, болам.

– Менга ҳам ойим қишда музқаймоқ олиб бермайди. “Томоғинг оғриб қолади”, дейди.

– Ойинг сени яхши кўрар экан. Худо эса ҳаммамизни яхши кўради. Шунинг учун биз доим Унинг айтганини қилишимиз керак.

Бобо набирасини етаклаб оғилхонадан ҳовли томон юриб кетади…

 

Абдулатиф АбДУЛЛАЕВ