Мақолалар

Шайх Абдулазиз Мансур Собиқ Иттифоқдаги вазият ҳақида: “Халқимиз динсиз яшамади, аммо…”

Чоп этилди Fevral 12, 2021 Шайх Абдулазиз Мансур Собиқ Иттифоқдаги вазият ҳақида: “Халқимиз динсиз яшамади, аммо…”da fikr bildirishni o'chirish

Мамлакатимизда янги ташкил топган Халқаро ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари, таниқли исломшунос олим, Қуръони карим таржимони, истеъдодли хаттот Абдулазиз МАНСУР билан суҳбат.

…Тарихга тўхталадиган бўлсак, ота-боболаримиз таълим-тарбияга жуда қаттиқ эътибор беришганини таъкидлаш керак. Бу соҳада Абдулла Авлоний бобомизнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган гаплари беҳуда айтилмаган. Мен бу гапларнинг мағзини шарҳлаб ўтирмай, ўзингиз ўринли таъкидлаганингиздек, биргина коммунистларнинг атеистик тарбияси кишиларни нечоғлик ҳалокат ва фалокат ёқасига олиб келиб қўйганини таъкидлаб ўтмоқчиман, холос. Шўро инқилобигача Туркистон чор Россиясининг қарам мамлакатлари ичида бўлган. Ўша даврлардаги диний таълим, мадрасалар ҳақида устозлар сўзлаб беришган.  

Айтишларича, 1924 йилда Туркистон парчаланиб, миллий республикаларга бўлинган пайтгача ҳам Ўзбекистонда диний мадрасалар кўп бўлган. Маҳалла мактабида таълим олган бола ўқишни давом эттиришни истаса мадрасага борган. Энг муҳими у маҳалла мактабида ўқиш-ёзишни ўрганиб, ҳалол-ҳаромни ажратиб, бир мусулмон фарзанди сифатида мустақил ҳаёт кечиришга тайёрланган. Ўша маҳалла мактабида олган билими билан бирон-бир касбнинг бошини ушлаган. Энди мадрасаларга борган болалар эса у ерда йиллаб ўқишган. Бундан ташқари, диний китобларни ўзлаштириш ўта қийин бўлган. Буни мен ўз тажрибамдан биламан.

Қўлларида ўн йил таълим олган устозим олтиариқлик Муҳаммад Қосим қори домла ўша даврлардаги диний таълим, мадрасалар тўғрисида кўп гапириб берганлар. Устозимнинг: “Мен ўша йиллари йигирма тўрт ёшда эдим. Иттифоқ ташкил этилган кундан эътиборан ҳукумат барча мадрасаларни тақа-тақ ёпиб, калитини чўнтагига солиб олди. Муллаваччаларни эса кўчага ҳайдаб солди. Китобларимизни кўтарганча қаерга боришни, кимга арз қилишни билмай сарсон бўлганмиз. Шу йилдан бошлаб мадрасаларда дарс берган-бермаган барча уламоларни қамаш бошланди. Уларнинг баъзилари қатл этилди, қай бирлари эса Сибирь ва бошқа жойларга сургун қилинди. Бу иш то 1943 йилгача давом этди. Бу орада масжидлар ҳам ёпиб қўйилди”, деган гапларини ҳамон эслайман.

У киши Марғилоннинг марказидаги “Хонақоҳ” деб юритилувчи оқ мадрасада илм олган эканлар. Ҳукумат мазкур мадрасани ёпиб, ўрнида банк очган. Ўша банк ҳозиргача ишлаб турибди. Энг билимдон мударрислар ана шу илм даргоҳида дарс беришган экан. Муҳаммад Қосим қори домла бу ерда Холмат қори, Муҳаммад Юсуф каби домлалардан сабоқ олганлигини айтардилар.

Шундай қилиб, то 1943 йилгача Ўзбекистонда очиқ ҳолда на масжид ва на мадраса фаолият юритмаган. Аммо шўролар уларни турли омборхоналарга, чўчқахоналарга айлантирса-да, мўминларнинг қалбидан имонни юлиб ололмади. Халқимиз динсиз яшамади. Махфий равишда уйларида намоз ўқиди, яшириниб бориб, ҳужрада таълим олди. Ота-онанг намоз ўқийдими, деб сўрашаркан. Ҳа, ўқийди, деса бўлди. Ўша тобнинг ўзида уларни ушлаб кетишган. Илм олишни айтмайсизми? Баъзи хонадонлардаги ҳужраларнинг дарвозалари ташқаридан қулф бўлган. Биров келса, уйда ҳеч ким йўқ. Аммо ўша хонадонга талабалар девор ошиб тушиб, домлалардан таълим олишган.

Халқимиз ана шундай замонлардан ўтиб келди.  

1924 йилдан то 1943 йилгача Ўзбекистонда масжид ва мадрасаларда намоз ўқиш ва илм олиш таъқиқланди. Нега энди айнан 1943 йилда таъқиқлар олиб ташланди?..

Хабарингиз бор, ўша йили Германия фашизмига қарши урушаётган давлатларнинг Теҳрон конференцияси бўлиб ўтди. Натижада “Теҳрон баённомаси” эълон қилиниб, унда фашизмни узил-кесил йўқотиш, урушдан кейинги Оврупонинг тақдири, Совет иттифоқининг Японияга уруш эълон қилиши каби масалаларда ўзаро келишув бўлгани тарихий ҳужжатларда айтилади. Шунингдек, мана шу конференцияда Совет иттифоқи виждон эркинлигини тақиқлаган даҳрий давлат сифатида танқид қилинади. Албатта, Сталиннинг динларга йўл бериши битта танқид туфайли юз бермаган бўлиши мумкин. Бунга бошқа сабаблар, масалан, Амир Темурнинг қабрини очиш мумкин бўлмаган бир пайтда 1941 йил 22 июнда очилгани ва шу куни уруш бошлангани каби воқеалар ҳақида мустабидга етказилгани ҳам туртки бўлса, эҳтимол.

Сталин Теҳрон конференциясидан сўнг ҳамма динларга, жумладан, Ислом динига ҳам катта эмас, кичкина дарча очишга мажбур бўлади. Бутун Совет иттифоқи бўйича тўртта — Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари учун Тошкентда, татар мусулмонлари учун Уфа шаҳрида, шиа ва сунний мусулмонлар учун Бокуда, шунингдек, кавказлик мусулмонларга Маҳачқалъада мусулмонлар диний идораси ташкил этилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига Эшон Бобохон ҳазратлари муфтий этиб тайинланганлар. Ўша йили бутун республикада ҳаммаси бўлиб 84 та масжид очишга рухсат бўлди. Элимиз то 1991 йилда юртимиз мустақилликка эришгунича ўша қирқ учинчи йилда ташкил бўлган бор-йўғи саксон тўртта масжидда намоз ўқиб келди. Мен 1975 йилдан шу идора қошидаги мадрасада ўқиб, шу ерда ишлаганман. Қаерда масжид очилган, ҳаммасининг рўйхатини биламан. Бу рўйхатга битта масжид қўшиб ҳам бўлмасди, олиб ҳам. Моск¬вадан берухсат ҳатто битта масжидни ҳам таъмирлай олмасдик. Барча юмушлар СССР Министрлар Совети қошидаги диний ишлар бўйича Кенгаш назоратида турарди.

Бугунгидек эсимда, Жиззахдаги масжидни таъмирлаш пайтида деворини бир метрга ўстиришганди. Бундан хабар топган ўша Кенгаш мазкур масжидни ёптириб ташлаб, табиат музейига айлантириб юборди. Бориб кўриб, ичкаридан йиғлаб чиқдим. Худонинг уйида ёввойи ҳайвонларнинг терисини шилиб, ичига сомон тиқиб, қотириб қўйишибди. Ана шундай қотирилган бир чўчқани меҳробга тикка қилиб ўрнатишибди, тиржайиб турибди. Буларни кўрган қайси мусулмон йиғламайди… Қани энди ўша пайтда Москванинг бу сиёсатига қарши чиқиб кўрсин-чи, биров! Атроф жим-жит. Ўлик сукунат… Ҳамма нарса: тўфон ҳам, ҳайқириқ ҳам ичингизда. Ичингизга ютасиз. Бир оғиз бўлсин эътироз билдиролмайсиз… Ана шундай даврларни бошдан ўтказдик.  

1943 йил октябрь ойида бўлиб ўтган мусулмонларнинг биринчи қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний идораси бошқармаси ташкил этилиб, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон мазкур ташкилотнинг масъул котиби ва айни пайтда Ўзбекистон қозиси лавозимига бир овоздан сайланади. Республика қозияти Диний идоранинг анчайин фаол тизими ҳисобланган. У олиб борган ишлар Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг бошқа республикаларида диний уюшмаларнинг оёққа туришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон қозияти Совет шарқи мусулмонларининг диний тар¬қоқлигига барҳам беришда жуда катта шижоат кўрсатди. Совет ҳукумати динларга, хусусан, Ислом динининг ривожланиши, мусулмонларнинг ўз диний арконларини бажариш ишларига қанчалик қаршилик кўрсатмасин, диний идора раҳбарияти берилган озгина имкониятдан жуда унумли фойдаланди. Ҳатто, маърузаларда қайси оятлардан фойдаланиш кераклиги ҳам белгилаб қўйилар эди.

Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг ташаббуслари билан бир журнал ташкил этилди. Ўша журнал номига ҳам “совет” сўзини қўшишга мажбурландик. Мен бу журналда масъул муҳаррир сифатида саккиз йил ишладим. Шундай эдики, мақолалар даст¬лаб рус тилида тайёрланиб, Москвага, ҳукуматнинг юқорида айтганим Кенгашига юборилар, у ерда таҳрир қилиниб қайтгач, ўзбек ва бошқа тилларга, араб, форс, инглиз ва француз тилларига таржима этилар эди. Ўзбек тилидагиси эски ўзбек имлосида босиларди. Кириллда ёзилса гўё халқ бутунлай имонга кириб кетадигандек… Мана шундай бир шароитда Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари гоҳ расмий, гоҳ норасмий йўл билан бўлса-да, Москва билан музокаралар, баҳслар олиб бориши натижасида Ислом динини ривожлантиришга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшди. Ўзининг беқиёс даражадаги илмий салоҳияти билан кишиларнинг имонини мустаҳкамладигина эмас, балки баланд кўтарди.  

Шундай қилиб 1971 йилгача бутун СССР мусулмонлари учун битта — Бухородаги Мир араб мадрасаси фаолият юритган, холос. Унда бор-йўғи 60 нафар талаба ўқиган. Ўша йили Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг елиб-югуришлари натижасида Тошкентда олий мадраса (МАЪҲАД) иш бошлади. Мен ана шу мадрасанинг иккинчи қабулида, яъни 1975 йилда ўқишга кирганман. Бу ерга ҳар йили қабул бўлмасди. Ҳар тўрт йилда бир марта қабул ўтказилар эди. Мана шундай қийин шароитларда ишлаб ўтган одамлар ҳақида гапирганда тўғри фикрда бўлишимиз керак. Баъзилар бўлдики, диний идорага доим тош отиб ўтишди. Бу ерда ишлаётганларни “сарой уламолари” дейдиганлар топилар эди. Ана ўша “сарой уламолари” бўлмаса, совет атеистлари динимизни яна не кўйларга солиб юборишлари мумкинлигидан улар бехабардирлар. Бу одамлар қўлларидан келганча дунёвий давлат билан мусулмонларни келиштириб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳаж-умраларни ташкил этиш, масжид-мадрасаларнинг ҳолидан хабар олиш, диний мавзудаги адабиётларни нашр этиш каби хизматлар борки, бу ишларнинг барчаси ўша “сарой уламолари”нинг чекига тушган эди. Буларнинг ҳаммасига нафақат гувоҳман, балки шу ишларнинг ичида эдим.

 

Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ ёзиб олган.

“Hurriyat” газетаси