Муҳаббатимизга синов келганда, шундай йўл тутайлик
Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир РЎЗИЕВ билан суҳбат.
– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Яқинда Ғарб давлатларидан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхараловчи сурат чизилганини, айримлар буни ёқлаб, динимиз, Пайғамбаримиз, умуман, барча мусулмонларга нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлганини кўрдик. Ўзини мусулмон санаган киши борки, бу ҳол ва ҳаракатдан қаттиқ норози бўлди. Аммо бу норозилик турлича ифодаланди. Кимдир ўша юртда ишлаб чиқарилиб, аллақачон сотиб олинган буюмларини ёқди, яна биров нутқ сўзлади. Шундай вазиятда эътирозини қандай билдирса, тўғри бўлишини билмай боши қотганлар ҳам бор. Афсус, ғарбнинг аксар аҳолиси оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбар алайҳиссаломни яқиндан билмайди. Ҳатто орамизда у зотнинг ҳаёт ва сийратларидан хабарсизлар учрайди. Сиз билан шулар ҳақида суҳбатлашсак…
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
Дарҳақиқат, инсон яратилибдики, ҳар бир жисм ва руҳнинг ўзига хос гўзаллиги, такрорланмас жиҳати бўлади. Ҳар бир инсон ўзи яшаб турган муҳитга тегишли ва айнан ўша муҳитнинг ҳолатига кўра шаклланган, мослашган, феъл-характер касб қилган. Оддий бир мисол, биз яшаган, болалигимиз кечган давр билан фарзандларимиз яшаётган вақт фарқланади ва улар тарбияси билан шуғулланар эканмиз, болалигимиздан мисол келтирсак, эргашса арзийдиган бир ҳол топилмагандек туюлади. Шунда кимни мисол келтирамиз? Бир гўзал хулқ, покиза умр йўлини босиб ўтган, фахрланса арзийдиган кишини, албатта. Бу инсон кимлиги ҳақида кимдандир сўраб билиб, маълумот олишимиз шарт эмас, зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят), деб у зотнинг бутун инсониятдан аълороқ эканини айтиб қўйибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шубҳасиз, барчамизга буюк ўрнакдир. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан сўралганида “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари “Мен макорими ахлоқ (яхши хулқлар)ни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Демак, Муҳаммад алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон эканига асло шубҳа йўқ. Ушбу қисқагина оятнинг тафсирини ўқир эканмиз, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг хулқи ҳақида таъкидлаб туриб, бизларга ҳам Қуръон билан хулқланиш, айнан гўзал хулқ билан мақталганлардан бўлиш лозимлигини уқтирмоқда. Ҳар қандай вазиятда ҳол ва ҳаракатимизни ана шу мезон билан ўлчасак, аслида нима қилишимиз керагу биз нима қилаяпмиз – ойдинлашади.
– Мазкур сура давомида: “Ҳали яқинда кўражаксиз ва улар ҳам кўражаклар. Қайси бирингиз (Сизми ёки уларми) мафтун (мажнун) эканингизни. Албатта, Раббингизнинг ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни яхши билувчидир ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир” (Қалам сураси, 5–7-оятлар), дейилган. Мана шу оятлар ҳам бизларга кўрсатма эмасми?
– Бу уч оятда Аллоҳ таоло Ҳабибига хитоб қилиб айтади: мушрикларнинг ҳар хил гапларига хафа бўлманг. Мушриклар нима деса, деяверсин, ким адашиб юрибдию, ким тўғри йўлдан боряпти – Раббингиз ҳамма нарсани билиб турибди. Ушбу оятларни чуқур тафаккур қилар эканмиз, сиёсий ўйинларда, бир мамлакатнинг иккинчи бир мамлакатга, бир дин вакилининг бошқа бир дин вакилига ва айнан Ислом динидагиларга қилаётган фитналарига жавобан келтириш мумкин. Сир эмас, айрим раҳбарлар мусулмонларни ҳақорат қилди ва Ислом дини инқирозга учраган дин, дея ўз тушунчасини тилга кўчирди. Бу бизга янгилик эмас. Ислом шаклланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаб ўтган саодат асри даврига қарасак, ўша даврнинг ҳам ўз фитначилари бўлганини кўрамиз. Амакиси Абу Лаҳабнинг қилган зулмларига жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай йўл тутган эдилар? У зот намозда, хайрли дуода бардавом бўлиб, сабр қилдилар, унинг зулмига қарши ҳеч бир ҳаракат қилмадилар. Ҳолбуки, атрофларида у зот учун ўлимга тайёр саҳобалар бисёр эди. Бир оғиз айтсалар, жонларидан кечиб бўлса-да, Абу Лаҳаб ва у каби золимларни ўлдириб юборишарди. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом бу оламга лаънат эмас, раҳмат учун юборилган эдилар…
– Саодат асрини яхши эсладингиз. Киши бошига нималар тушмайди, дейсиз. Аллоҳ ва Расули наздида мартабаси ва ҳурмати нечоғли юксак бўлмасин, саҳобаларнинг энг улуғи бўлган ҳазрат Абу Бакрдек зот ҳам жаҳл устида жоҳилга жавоб қайтаргани эсга тушади. Ўша ҳодисани эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмас…
– Ҳа, ўшанда бир ярамас киши унинг шаънига тўхтовсиз ёмон сўзлар айтади. Даврада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бор эдилар. Ҳазрат Абу Бакр унга жавоб қайтармади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Ҳар қандай ) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, ким афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир” (Шўро сураси, 40-оят), деб марҳамат қилгани эсида эди. Шунинг учун сукут сақлади. Бироқ ҳалиги аблаҳ одам ҳазрат Абу Бакрнинг индамаётганини ожизлик деб ўйлади. Ҳақорат қилавергач, ҳазрат Абу Бакр жавоб қайтаришга мажбур бўлди. Шунда тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида норозилик аломати кўриниб, у ердан туриб кетдилар. Ҳазрат Абу Бакр хавотирга тушиб қолди. Энди ҳалиги одамга жавоб қайтариш қайтармасликнинг умуман аҳамияти олмади. Югуриб Пайғамбар алайҳиссаломнинг ортларидан етиб олди ва “Ё Расулуллоҳ! У одам мени қанча ҳақорат қилди, индамай ўтирдингиз. Мен жавоб қайтарсам, туриб кетдингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўради. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Бакр, сен сукут сақлаб турганингда бир фаришта унинг гапларига жавоб қайтариб турган эди. Сен жавоб бера бошлашинг билан у фаришта чекинди, ўрнига шайтон келди. Мен эса шайтон бўлган жойда қолишни истамайман”, деб жавоб бердилар (Имом Ғаззолий. “Иҳёи улумиддин”). Биз бу билан Пайғамбаримиз масхара қилинсалар ҳам, сукут сақлаб ўтиришга чақирмаяпмиз, балки ҳикмат билан иш кўришимизни айтмоқчимиз, холос.
Ушбу ҳодиса туфайли мана бу оят нозил бўлган: “Аллоҳ ёмонликни сўз билан ошкора айтишни суймайди. Зулм қилинган (жабрланган) киши бундан мустасно. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир. Яхшиликни ошкора қилсангиз ҳам, пинҳона қилсангиз ҳам ёки ёмонликни афв этсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ афв этувчи ва қудратли зотдир” (Нисо сураси, 148–149-оятлар).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло дарҳол жазолашга қодир бўлса-да, ғазабидан раҳмати устун эканини билдириб, мусулмонларга сабрли, хушмуомала бўлишни тавсия этади. Биз ҳам юқоридаги каби дилни хира қиладиган ҳолатларга дуч келсак, Қуръон ва суннат кўрсатмаларига амал қилишимиз керак.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан