Мақолалар

Ўзимиз ҳам, мулкимиз ҳам – ота-онамизники

Чоп этилди Fevral 16, 2021 Ўзимиз ҳам, мулкимиз ҳам – ота-онамизникиda fikr bildirishni o'chirish

Ота­она бўлиш Аллоҳнинг улуғ неъмати эканини англашнинг ўзи – бахт. Ҳеч ким ўзи хоҳлаб, ўғил ёки қиз бўлиб дунёга келмаганидек, ота­она бўлиш, кимга фарзанд бўлиш ҳам инсоннинг ихтиёрида эмас. Афсус, буни ҳамма ҳам фикр қилиб кўрмайди.

Бугунга келиб “отам камбағал”, “онам намоз ўқимайди” каби сабабларни рўкач қилиб, ота­онасига муносиб муомала қилмайдиган ёшлар учрайди. Албатта, бунда отаонанинг ўз вазифасини бажаришда сусткашлик қилгани, фарзандига керакли тарбияни бера олмагани ҳам эътибордан четда қолмайди. Аммо ўзини имонли санаган киши ота­онасига Аллоҳ буюрганидек муносабатда бўлиши шарт. Саодат калити бўлган Қуръон каримда Аллоҳ таоло буюради: «Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота­онага яхшилик қилишни амр этди» (Исро сураси, 23-оят). Фарзанд билсинки, бу оламга келиш эшиги ота­онадир. Бу оламдан чиқиш эшигининг қаерга очилиши ҳам ота­онага қилган муомаласига боғлиқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтади: “Сен ҳам, молмулкинг ҳам отангникидир!..” (Имом Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақий ривояти).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ота­онанинг розилиги учун ўзингнинг мулкингда бўлган ҳар бир нарсани, қўлингдаги молу мулкинг – барчасини икковларига аямасдан сарфлайсан. Шу билан бирга, иккови сенга нима буюрса, итоат қиласан. Илло, Аллоҳга маъсият (гуноҳ) бўладиган амрлари бундан мустасно”.

Аммо масъулият икки томонламадир. Донолар: “Илк ғиштни қийшиқ қўйса гар меъмор, ойга етса ҳам қийшиқ бўлгуси девор”, демишлар. Бу меъмор ота­она десак хато бўлмас. Фарзандларимиз – бизнинг кўзгудаги аксимиз. Ким фарзандидан шикоят қилса, ўзининг хатосидан шикоят қилибди.

Оила эса маънавият олийгоҳи. Эр­хотин ўзаро меҳрибон, ширинсўз, эътиборли бўлмоғи лозим. Айниқса, аёл илоҳий амрга бўйсуниш нияти ила эрига итоат қилмоғи керак. Тик қарамаслик, овозини кўтармаслик, гап талашмаслик каби гўзал хулқ ила яшаса, фарзанди айнан ушбу одобларни ўрганади ҳамда отаси энг ҳурматли шахс эканини тушуниб етади.

Эр ҳам аёлининг қадрига етмоғи, муҳаббат билан севмоғи, ҳар бир сўз ва ҳаракатидан яхшилик топишга ҳаракат қилиши керак. Бағрикенг, сўзлари босиқ, маъноли бўлиши лозим. Бунинг намунаси сифатида Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” китобидан иқтибос келтирсак:

“Ҳазрат Ойша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга эдилар. Хотунлар одатларича бўйинларига осган зийнатлари бор эди, уни араблар “қулода” дейдилар. Бир манзилдан чиқиб, бўйинларига қараса, тақилмиш қулода тушиб қолмушдур. Буни Расулуллоҳга айтгач, шу жойда тўхтаб, ахтариш учун орқага икки одам юбордилар. Бу турган жойлари эса бир чўлу саҳро бўлиб, ўтган манзилдан сув ҳам олмаган эдилар. Йўл устида узун туриб қолганларидан, кун иссиғи ва сувсизлик кишиларни кўп малол қилди. Бир неча кишилар ҳазрат Абу Бакрга келиб, онамиз Ойша устидан шикоят қилдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ хафа бўлиб, қизлари Ойша чодириға келдилар. Қарасалар, Расулуллоҳ Ойша онамиз тиззасига бош қўйиб, янгидан ухлаган эканлар. Ўзлари уйғонмагунча Пайғамбаримизни ҳеч нарса уйғота олмас эди. Чунки Расулуллоҳ уйқу ичида ҳам Аллоҳдин ваҳий олур эдилар. Ҳазрат Абу Бакр қизлари Ойшага қараб:

– Сен бизни хижолатга қўйдинг: Расулуллоҳ бошлиқ бутун бир қўшин – аскарни сувсиз бир чўл жойда тўхтатдинг. Кишилар ичгали ва таҳорат қилгали сувни ҳеч қаердан топа олмадилар, бу қийинчиликларга сен сабаб бўлдинг, – деб онамиз Ойшани биқинларига икки-уч маротаба қаттиқ нуқдилар. Жонлари оғриган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг уйқулари бузилмасин деб қимирламади. Расулуллоҳ ҳам шул орада уйқудан уйғониб кетдилар. Қайси бир намознинг вақти кирган эди, таҳорат олмоққа сув сўрадилар эрса, анинг йўқлигини айтдилар. Бир таҳорат олгудек ҳам сув топилмади. Мана  шул чоғда таяммум қилмоққа рухсат бўлиб, ушбу оят тушди: “Фалам тажиду моан фатаяммаму саъидан тоййибан” (Нисо сураси, 43-оят). Маъноси: “Таҳорат олмоққа, ғусл қилмоққа сув топмас эрсангиз, тоза тупроққа таяммум қилинглар”, демакдур.

Мана шул оят ҳукми ила сув йўқ ерларда ғусл, таҳорат ўрнида таяммум қилмоқ мусулмонларга фарз бўлди. Бу ҳукмнинг тушганига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп суюниб: 

– Эй Ойша, бу йўқолган қулоданг қандоғ қутлуғ нарсадурким, умматларим учун бундоқ кенгчиликка сабаб бўлди, – дедилар.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ келиб:

– Эй қизим Ойша, сенинг ҳар бир ишингдан бир баракот чиққай, – дедилар.

Ансор раисларидан Усайд ибн Ҳузайр келиб:

– Абу Бакр Сиддиқ авлодида мусулмонлар учун кўп баракот бордур, – деб суюнчилик қилди» (285–286-бетлар).

Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай яхши тақинчоқки, унинг шарофатидан менинг умматимга енгиллик ояти нозил бўлди”, – дедилар. Яъни, жуфтим Ойша, оталари Абу Бакрга боғлиқ нарсалар ҳам хосиятли демоқчи бўлдилар.

Шунга ўхшаш бир ҳол бўлса, биз қандай йўл тутган бўлардик? Савиямиз, тушунчамиз жавобимизда яшириндир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзанднинг ота-онасида уч ҳаққи бор: 1) туғилганда, яхши исм қўйиш; 2) ақлли бўлганда, таълим бериш; 3) балоғатга етганда, жуфтлаб – никоҳлаб қўйиш”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳаким Термизий бобомиз бундай дейди: «Аллоҳ таоло мени устозим – отамдан жудо қилганда, саккиз ёшда эдим. Мен илм олишга шу даражада берилиб кетган эдимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолганди. Ваҳоланки, тенгқурларим ўйин билан банд бўларди. Отамнинг ҳаракатлари туфайли мен бу ёшда “Илмул осор” (“Ҳадис илми”) ва “Илму рай” (“Ҳанафий фиқҳи”) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим…»

Демак, одатда ўйинқароқ бўлган ёш беғубор боланинг қалбида илмга иштиёқ ва муҳаббатни отаси уйғота олган ва инсоният тарихида буюк олимнинг тамал тошини, илк ғиштини қўйган.

Китобни тушуниш малакасига эга бўлган ёш қалб соҳиби ҳаётий воқеликда мантиқий ечим топа оладиган етук шахсга айланади. Буюк маънолар юкланган ҳадиси шариф ҳикматларини, Қуръони каримни тушуна оладиган малакага эга бўлади. Одам онгининг мукаммал бўлиб бориши айнан китоб мутолааси ёрдамида ҳосил бўлиши исботини топган ҳақиқатдир.

Ҳозир компьютер, қўл телефонлари орқали интернетга кириш имкониятига эга бўлган ёшларимиз илммаърифат олишда интернетнинг қулайликларидан унумли фойдаланишяпти. Аммо интернетдаги маълумотлар ёлғон ва зарарли бўлиши мумкин. Шу сабабли фарзандимизнинг компьютер билан мулоқотларини мунтазам назорат қилиб бориш ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиздир.

Интернетдан фойдаланаётган ёш бола қизиқувчанлиги ва тажрибасизлиги туфайли рўбарўсидаги даҳшатли хавф­хатарни сезмай қолиши мумкин. Интернетга устамонлик билан киритиб қўйилган ёвузлик, ҳаёсизлик, ахлоқсизлик каби иллатларни онгига юклаб олишини билмай қолади. Шунинг учун ота­она боласини тўғри йўналтира билиши бирламчи вазифадир.

Эй фарзанд, “Меҳр – кўзда”, деган гап бор. Ҳеч қачон ота­онангиз кўзларидан узоқда бўлманг. Ота­онанинг хатолари кечирилади, уларга тик қаралмайди, бегона кишиларга улар ҳақида шикоят қилинмайди. Ота­она фарзанд томонидан қалб билан севилади. Ақл билан эмас. Ақл ҳаддидан ошса, ўз эгасини адаштиради. Ота­онанинг танбеҳини ўзингизга оғир олманг, балки яхшилик дея қабул этинг. Билингки, бу оламда сиз учун жонини иккиланмай фидо қила олувчи энг яқинларингиз отаонангиздир.

Абдумутал ОТАБОЕВ,
Жиззах вилояти бош имомхатиби ўринбосари

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан