Вадийъа (Омонат)
«Агар бирбирингизга ишонсангиз, бас, ишонилган омонатни адо қилсин, ўз Рабби – Аллоҳга тақво қилсин» (Бақара сураси, 283-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатни сенга ишониб топширганга адо қил ва сенга хиёнат қилганга хиёнат қилма!” дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Инсонлар ўртасида омонат олдибердисига эҳтиёж бор. У шариатда яхши иш саналади. Хиёнат қилганга жазо, адо қилганга ажр бор.
Аслида омонат умумий тушунча бўлиб, у қуйидагиларни ўзи ичига олади:
● Ижара.
● Ория – текин фойдаланиб туришга олинган нарса.
● Вадийъа – сақлаб беришни зиммасига олиш.
● Ўз ихтиёрисиз қўлига тушиб қолган нарса. Масалан, бир кишининг ҳовлисига қўшнисининг нарсасини шамол учириб келса, ўша нарса бу одамга омонат бўлади. Энди уни эгасига, яъни қўшнисига топшириши керак.
Юқоридагилар умумий қилиб омонат дейилади.
“Вадийъа” сўзи луғатда қолдириш, қўйиш маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса, сақлаб, сўнг қайтариб бериш учун қолдирилган омонатга вадийъа дейилади. Вадийъа омонатнинг бир тури ҳисобланади.
Асоси – ижоб ва қабул. Яъни, бирининг топшириши, иккинчисининг қабул қилиши. Масалан, бир киши танишига: “Мана бу сенда турсин, фалон вақтда оламан”, деб бир телефон берди. Ҳалиги таниши буни қабул қилса, ўша вадийъа бўлади.
Омонатни олган киши уни ўзида, уйида ва аҳли аёлининг ҳимоясида ҳам сақласа бўлади. Омонат эгаси қарши бўлмаса ва бирор зарар етиш хавфи йўқ бўлса, вадийъани ўзи билан сафарга олиб кетиши ҳам мумкин.
Ҳукми. Вадийъа омонатдорнинг айбисиз талафотга учраса тўлаб берилмайди. Лекин омонат дорнинг айби билан зарар етса ёки омонатдор керакли ҳимоя чораларини кўрмаган бўлса, уни тўлаб беради. Фиқҳда тўлаб бериш “зомин бўлиш”, дейилади.
Омонат эгаси омонатдорга шарт қўйиши ҳам мумкин. Масалан, “фалон уйингда туради”, “сафарга чиқсанг, ўзинг билан олиб юрмайсан”, “фойдаланмайсан” кабилар. Агар шу шартлар бузилса ва омонат қўйилган нарса йўқолса, яроқсиз ҳолга келса, омонатдор уни тўлайди. Омонатдор омонатни бошқа бир одамга сақлаш учун топширганда талафот етса, эгаси қайтаришни талаб қилганда топшириш имкони бўлатуриб, бермаса ёки олганини инкор қилса, тўлаш зиммасига тушади. Ажратиб бўлмайдиган даражада ўз молига аралаштириб юборса, ўзи ва оиласидан бошқага бериб сақлаганида талафотга учраса, қийматини тўлайди.
Аммо ҳимоя учун барча ишларни қилса ҳам, сақлаб қололмаса, зомин бўлмайди. Масалан, бошқага бермайсан, уйингдан бошқа ерга қўймайсан, деб шарт қўйилди. Кутил маганда ёнғин чиқди. Омонатдор омонатни асраб қолиш учун қўшнисиникига ёки ўзининг бошқа ҳовлисига қўйса ёки бошқа бир одамга берсада, у ҳалок бўлса, зомин бўлмайди. Шарт бузиляпти, лекин у ҳимоя учун ҳаракатини қилди. Шунинг учун зомин бўлмайди. Аёли ва болаларига бериб сақлаш ҳам ўзида сақлаш ҳисобланади. Омонатдор олганидан тонса, зоминлик зиммасида қолади. Кейин яна тан олса, зоминлик кетади.
Омонат кийим бўлса, уни кийиш, улов бўлса, миниш каби ишлар омонатдорнинг зиммасига тўлаш масъулиятини юклайди. Аммо фойдаланишни тўхтатиш ўша масъулиятни кетказади. Икки киши бир кишига шерикли нарсасини омонатга берса, муайян муддатдан кейин икки шерикдан бири келиб, ўз улушини талаб қилса, омонатдор уни иккинчи шериги келмагунича бермайди.
Манбалар асосида
Абдуллоҳ ДЕҲҚОН тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан