“Менга халифанинг динини ўргатинг…”
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу халифа бўлиб турган давр эди. Мадинага Тағлиб қабиласидан мусулмон бўлмаган бир одам келди. У халифани қаердан топишни сўради ва одамлар айтган жойга йўл олди. Ҳазрат Умар бадавийни кўриб:
– Сени эшитаман, гапир, – деди.
– Мен Тағлиб қабиласиданман. Отимга солиқ тўлаш учун Зиёд ибн Ҳузайрга учрадим. Отимни йигирма минг дирҳамга баҳолади. Кейин: “Истасанг, минг дирҳамни тўла, истасанг, сенга ўн тўққиз минг дирҳам берайликда, отни бизга бер”, деди. Мен отимни адолат билан йигирма мингга нархлаганлари учун минг дирҳам солиқни тўлаб, у ердан кетдим. Лекин ишларимни битириб, бир муддатдан сўнг шаҳарга қайтиб борсам, яна солиқ тўлашимни талаб қилишди. Бу йил учун отимнинг солиғини тўлаб бўлганимни айтсам ҳам, ишонишмади. Вазиятни ўзингизга тушунтириб бериш учун бу ёққа келдим…
Ҳазрат Умар бадавийнинг гапларини эшитиб ғазабланди ва:
– Битта отдан бир йилда икки марта солиқ олинмайдику! – деди.
Тағлиблик киши энди халифанинг дарҳол мактуб ёзиб: “Бу одамнинг ҳақига хиёнат қилинмасин”, дейишини кутарди. Аммо ҳазрат Умар индамай яна ўз иши билан машғул бўлаверди. Тағлиблик киши халифа ҳузуридан чиқаркан, келганига афсусланди. Буёғига борадиган жойи, шикоят қиладиган одами йўқ эди. У энди шунча йўл босиб келганига куйсинми ё ноҳақлик боис тўлаган минг дирҳамигами? Йўлда кетаркан, ўзигаўзи: “Одил халифа деганлари шу бўлса, золими қандай бўларкан?” дер эди. Шаҳрига етиб келиши билан уни Зиёд ибн Хузайрнинг ўзи кутиб олди ва бундай деди:
– Мана бу иккинчи тўлаган пулинг, ол. Аввалроқ солиқ тўлаган экансан.
Бадавий севиниб кетди ва: – Ўзингиз икки марта йиғим олмоқчи бўлдингизку! – деди.
олмоқчи бўлдингизку! – деди. – Тўғри, лекин халифадан келган буйруққа кўра, бир йил ўтмай туриб, иккинчи йил учун солиқ олиш мумкин эмас экан. Бунинг учун сендан узр сўраймиз.
Тағлиблик ҳаммасини тушунди. “Халифа кўп гапириб мажлис қилиб ўтиргандан кўра, амалда иш қилишни афзал биладиган одам экан. Ҳазрат Умар вақтни бой бермасдан юқоридаги амрни юбориб, бу одам етиб келмасдан Зиёдни огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ўшанда ҳазрат Умар: “Сен насроний бўлсанг, яна тўласанг ҳам ҳақинг кетмайди” ёки “кейинги йил учун ҳисоблаб юборишар…” демади ва натижада бир кўнгилни забт этди.
Бадавий қисқа фурсатда бир қарорга келди ва Зиёддан:
– Менга халифанинг динини ўргатинг! – деб сўради ва имон келтирди (Имом Абу Юсуф. “Китобул хараж”, 219 – 220-саҳифалар).
Бу ибратли ҳикояда эътибор берадиган муҳим жиҳатлардан бири шу: бадавий Зиёддан нега “Менга динингизни ўргатинг”, деб сўрамади? Ахир, у ҳам мусулмон эдику!.. Демак, кишининг илми ва амали қачонки динига мос бўлсагина унинг имони комил, сўзлари таъсирли бўлади. Афсус, кўп кишилар динни одамларга қараб баҳолайди. “Мулласи шу бўлса…”, “Намоз ўқиб туриб, шундай иш қилса…” сингари тушунчалар кенг қулоч ёйган…
Хулоса иккита. Биринчиси, ўзини мусулмон санаган, Аллоҳни таниган ҳар бир киши мўминга хос ҳаёт кечиришга, вазифаларини сидқидилдан, холис бажаришга интилиши лозим. Иккинчиси, мусулмон бирор хатога йўл қўйса, буни диннинг нуқсони, деб қабул қилиш хато. Камчилик, хато динда эмас, одамнинг ўзида бўлишини англаш лозим. Зеро, Ислом охирги ва мукаммал дин ўлароқ, барча зулм, нуқсон ва камчиликлардан холидир.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 24-сонидан