Болалар

Яхши тарбия ҳам ибодат

Чоп этилди Fevral 18, 2021 Яхши тарбия ҳам ибодатda fikr bildirishni o'chirish

Динимизда оналар улуғланади. Улар бу эъзозга муносиб бўлишлари учун энг олдин фарзандларини тўғри тарбиялашда фидойилик кўрсатишлари керак. “Туққан она кундан яхши, боққан она ундан яхши” дейилади халқ мақолида. Боқиш фақат қорнини тўйғазиш, эгнини бутлаш эмас. Онанинг асл мақсади, фарзандининг қалбида эзгулик уйғотиш, яхшилик ниҳолини ундириш бўлмас экан, чинакам инсоннинг камол топиши мушкул. Шунинг учун маърифатпарвар олим Исмоил Ҳаққий бундай дейди: “Жамиятнинг ҳақиқий саодати яхши тарбия кўрмиш, фазилатли хотинлар ила қоимдир. Хотинлар инсониятнинг ярмисидир…” (“Иштирокиюн” газетаси, 1919 йил 22 июл, 134-сон) Оналаримиз фарзанд тарбиясига бир лаҳза ҳам бепарво бўлмасликлари керак.

Фарзанд яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам илк бор оилада кўради. Ота-она унга ҳар бир ишда ўрнакдир. Болалар катталарнинг юриш-туришига, хулқ-атворига тақлид қилади. Уларни тўғри йўлга солиш учун ота-оналарнинг ўзлари тарбияли бўлишлари зарур.

Мутахассисларнинг айтишича, бола икки-уч ёшидаёқ баъзи нарсаларни идрок эта бошлайди. Беш ёшгача қандай тарбияланса, кейинчалик хулқи шундай шаклланади. Кейинги уринишларнинг натижаси кам бўлиши кузатилган.

Унга гўдаклигидан дастурхон одобини ўргатиш керак: бола овқатланишдан олдин қўл ювишга, луқмани катта олмасликка, меъёридан ортиқ емасликка, овқатдан сўнг дуо қилишга, кейин яна қўл ювишга одатлансин.

Бола қандай китоб ўқиётганини, кимлар билан дўстлашгани, қандай филмларни томоша қилишини доим назорат қилиб туриш керак. Катталарга  хос ҳикоя ва суҳбатларни тинглашдан узоқ тутган маъқул. Тарбиясига ёрдам берадиган, пайғамбарлар ва буюк зотлар ҳақидаги эзгуликка чорловчи ривоятлар, ҳикоялардан кўпроқ айтиб бериш керак. Болалар ахлоқига ёмон таъсир кўрсатадиган китобларни ўқишмасин, ҳаёсиз, шафқатсиз филмларни кўришмасин.

Болани ҳар қандай ҳолатда ҳам уриш тўғри эмас. Хатосини тушунтириб, қилган иши ёмонлигига ишонтириш керак. Тарбияда ширин сўз энг самарали усул. Бир нарсани ўргатишга ва бир ишдан қайтаришга қаттиқ турмай. Кескин буйруқ бермай, амалий таъсир ўтказган яхши. Оналар: “Болам қулоқ солмаяпти”, деб нолиб юришлари. Аслида, бу ҳол дўқ қилиш, жазолаш, қўрқитиш билан орттирилган сохта обрў оқибатидир. Бундай ҳолат болани онадан бездиради. Натижада, гўдак иродасиз бўлиб ўсади.

Ёшлигидан болага авратини беркитишни ўргатинг, ҳаёли бўлиб улғаяди. Ўртоқларини ҳурмат қилишни билсин, мақтончоқликдан сақланади. Бировдан бир нарса олса, тезда эгасига қайтаришга одатлантиринг, омонатдорлик масъулиятини ҳис этади. Ҳатто ерда ётган. Эгаси йўқ нарсага ҳам қўл узатмасин.

Болага кичиклигиданоқ катталар олдида одоб билан туришини, керишмасликни, бармоқларини қирсиллатмасликни, кўп гапирмасликни, оёқларини чалкаштириб ўтирмасликни ўргатиш керак.

Фарзандлар келажагини ўйлаган ота-оналар ўзаро муомалада ҳам паст-баландни ҳисобга олиб, ўринли сўзлашишади. Чунки болалар яхши билан ёмонни катталардек фарқлашмайди. Шу боис бирор ёмонлик қилиб қўйишса, афсус чекишмайди. Агар вақтида яхши сўз билан тушунтирилса, унда эзгуликка интилиш ҳисси кучаяди.

Яхши тарбия ҳам ибодатдир. Бола азиз, одоби ундан азиз, деб бежиз айтишмайди. Хуллас, ўғил-қиздек улуғ неъматнинг қадрига етайлик, уларга чиройли хулқни мерос қолдирайлик.

Фотима ҲАҚБЕРДИЕВА

“Мўминалар” журналининг 2020 йил 6-сонидан