Гўзал муҳаббат
Аллоҳга яқинлар тунлари бедор,
Ҳақ севгиси ила ололмайди тин.
Кимда бўлса ишқнинг нишоналари,
Энг аввало Сенга аталган бўлсин…
Қайснинг қаро бўлди кундузлари ҳам,
Мажнун ҳам ёрига: “Телбаман” деди.
Аммо кўнгил қасри имонга тўла,
Ҳазрати Ҳадича Сен учун севди…
“Севги – дард!” дегани эмас ўлгани,
Ишқ боғи ҳам бўлар гулли, хазонли.
Чунки чин ишқ эрур Сен-чун бўлгани,
Ўтаётган умр асли бир онли.
Ниҳоний муҳаббат нақадар гўзал,
Қандай пок – қалбида айтмай севмоқлик.
Сен учун бир-бирин севган дилларга
Насиб қилсин бахтдан қайтмай севмоқлик.
Эртага бугуним кеча бўлади,
Дуч келдим яхшию яхшимасларга.
Шукр, ёмон одам кўрганимча йўқ,
Лек йўлатма Сени танимасларга.
Ҳаётим нурафшон, алҳамдулиллаҳ,
Сабрим соябондир, имоним – паноҳ.
Бир куни ишқинг-ла сарафроз бир қалб
Менга ҳадя қилар бахт, иншааллоҳ!
Зумрад ЭШМИРЗАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2020 йил 6-сонидан