Мақолалар

Уйқунинг ўлимдан фарқи жуда оз…

Чоп этилди Fevral 22, 2021 Уйқунинг ўлимдан фарқи жуда оз…da fikr bildirishni o'chirish

Гар ишга кечиксак, баҳона тайёр:
“Йўллар тирбанд экан, кечиринг бир бор…”
Бирлашиб айтайлик дилдан истиғфор,
Бомдод намозига туролмаганлар.

Бу муҳим учрашув! Кечикиб бўлмас,
Ваҳимали мажлис – пашша ҳам учмас…
Кўз очиб эслайман, элас ва элас,
Бомдод намозига туролмаганлар.

Саҳар чорлаганда нажоткор овоз,
Қайси кун қуёшга чиқамиз пешвоз.
Уйқунинг ўлимдан фарқи жуда оз…
Бомдод намозига туролмаганлар.

Гоҳ мафтун этади бу дунё – чаман,
Жисмим оромдаю руҳий ташнаман.
Минг афсус, ҳалиям сизга ошнаман,
Бомдод намозига туролмаганлар…

Тунда тентирайман, келмайди уйқу,
Тонгда ғафлат босар, аврайди уйқу.
Шунданми, туришга қўймайди уйқу,
Бомдод намозига туролмаганлар…

Қадрингиз билинар шаҳарда, она,
Уйқу ғафлат экан, қандайин тонай?
Кун келар, ўшанда ўтмас баҳона,
Бомдод намозига туролмаганлар.

Илтижо қиламан, кечирсин Раббим,
Бизга ишқ майидан ичирсин Раббим,
Гуноҳимиз кўпдир, ўчирсин Раббим,
Бомдод намозига туролмаганлар…


Шерзод АБДУСАМАДОВ,

Тошкент шаҳри

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан