Мақолалар

Пайғамбаримизни масхараловчи қурайш раислари фожеаси

Чоп этилди Fevral 25, 2021 Пайғамбаримизни масхараловчи қурайш раислари фожеасиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис китобларининг ривоятларига кўра, Қурайш раисларидин номлари ёзилган шу беш киши: Асвад ибн Мутталиб, Асвад ибн Абду Яғус, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Тулойтила, Валид ибн Муғийра – Қурайш ичида ёши улуғ, қари кишилари бўлиб, кўп обрўга эга эдилар. Пайғамбаримизга озор беришни ўзларига бузилмас аҳд қилган эдилар. Буларнинг қилар ишлари – доим Пайғамбаримизнинг ўқиган намозларини, тоат­ибодат қилганларини, ўлтириб­туришларини масхара қилишиб, ўтган­кетганларида Расулуллоҳга озор бериш эди. Бу ҳақда кўп сабр қилдилар, аларнинг адабсизликлари ҳам ниҳоясига етди. Мана шу чоғда Жаброил (алайҳиссалом) Худо тарафидин бу оятни келтирдилар: “Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг амрини очиқ айтгил ва мушриклардан юз ўгир! Сени масхара қилгувчи (адабсиз)ларни ҳалок этиш учун албатта Ўзимиз кифоя қилурмиз, (ул мушрикларга сен парво қилма)(Ҳижр сураси, 94–95-оятлар), деган бўлур.

Жаброил (алайҳиссалом) шу ваҳийни келтирганларида алар ўз одатларича Байтуллоҳни тавоф қилишиб юришган эдилар. Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Байтуллоҳ олдида турдилар, Пайғамбаримиз ҳам анинг ёнларига келдилар.

Шу чоғда тавоф қилиб юрган Асвад ибн Мутталиб у ердан ўтаверди. Уни кўриб, Жаброил (алайҳиссалом) қўлларида тутиб турган яшил байроқни унинг юзига отдилар, дарҳол унинг кўзлари кўр бўлди.

Бундин кейин Абду Яғус ҳам у жойдин ўтди, Жаброил (алайҳиссалом) анинг қорнига ишорат қилдилар, шу замон қорнида шиш пайдо бўлиб, истисқо иллатига йўлиқди. Шу дард билан юриб, ҳалок бўлди.

Анинг ортидин Валид ибн Муғийра келиб Жаброил (алайҳиссалом) олдиларидин ўтаверганида анинг оёғига ишорат қилдилар. Неча йил илгари тузалган яра ўрнидин бир шиш қайнаб чиқди, бунинг оғриғига чидай олмасдин, бўкириб ётиб жон берди.

Сўнгра Ос ибн Воил келиб эди, Жаброил (алайҳиссалом) анинг товонига ишорат қилдилар, бир неча кун ўтгандин сўнгра оёғига бир тикон киргани баҳона бўлиб, шунинг дардига даво тополмасдин бу ҳам ўлди.

Ҳорис ибн Тулойтила ўтаётганида Жаброил (алайҳиссалом) анинг бошига ишорат қилиб эдилар, ичи сувга тўлган тулумдек бўлиб, анинг бошида бир шиш пайдо бўлди. Қон­йиринг оқиб юриб, бу ҳам ўлди.

Валҳосил, юқоридаги оятнинг мазмунича, Расулуллоҳга қилган адабсизликларининг шумлигидин охират азобининг намунасини бу дунёда ҳам кўриб, барчалари ҳалок бўлдилар. Қудрати илоҳий ила бўлган бу воқеани Пайғамбаримиздин бошқа ҳеч ким билмади.

Булардин кейинги энг қаттиқ душманчилик кўрсатган киши Абу Жаҳл эди. Бу малъуннинг Пайғамбаримизга душманлиги ҳар қанча қаттиқ бўлса ҳам, яна олдиларига келганда беихтиёр тавозе қилар эди. Шундоқки, бадавийлардин бир киши Макка бозорига бир туя келтириб сотмоқчи бўлди. Пулини уйдан бермоқчи бўлиб, у туяни Абу Жаҳл сотиб олди. Аммо айтган ваъдасига вафо қилмай, унинг ҳақини бермасдин бир неча кунлар судради, ул бадавий араб ҳеч илож тополмасдин, Байтуллоҳ олдида мажлис қуриб ўтиришган Қурайш раисларига арзини айтиб, Абу Жаҳлдин ҳақини олиб беришларини талаб қилди. Анда Қурайш раислари бир четда ўтирган Пайғамбаримизга ишорат қилиб:

– Ҳаммамизнинг каттамиз ана шу кишидур. Сенинг ҳақингни олиб беришга шундин бошқа ҳеч ким ярамайди, – дедилар. Бундин ғаразлари эрса, Пайғамбаримизни масхара қилишиб, Абу Жаҳл билан уриш  тириш эди. Буларнинг хиёнатлик сўзига бечора бадавий ишонганидин тўғри Пайғамбаримизга келиб:

– Эй муборак одам! Мен бўлсам бу шаҳарга келган мусофирдурман. Абул Ҳакамга бир туя сотган эдим, шу кунгача пулини бермасдин, мени кўп овора қилди. Анави ўтирган одамларга ундин ҳақимни олиб беришлари учун арз қилган эдим, алар сизни кўрсатдилар. Худо хайр берсин, яхши киши кўринасиз, менинг ҳақимни олиб берармикинсиз деб келдим, – деди. 

Пайғамбаримиз дарҳол:

– Яхши бўлур, юр бўлмаса, – деб ўринларидин туриб, Абу Жаҳл уйига қараб юрдилар. Бу ишни пайқаб ўтиришган Қурайш раислари буни кўришиб, дедиларким:

– Муҳаммад бу боришида Абу Жаҳл ила қандоғ муомала қилгай, буни билишимиз керак, – деб яширинча бир одам юбордилар. Пайғамбаримиз бадавийни бошлаб тўғри Абу Жаҳлнинг уйига келиб, анинг эшигини қоқдилар. Абу Жаҳл ичкаридин туриб:

– Кимдир? – деб эди:

– Муҳаммаддурман, бу ёққа чиққил, 

– дедилар. Овозларини эшитиши билан қўрққанидин ўнги (ранги) ўчиб, юзи сарғайди, дарҳол эшикни очиб эди, 

Пайғамбаримиз: 

– Бу кишининг ҳақини ҳозир адо қил! дедилар. Абу Жаҳл ҳеч қандоқ қаршилик қилмасдин, шошилганича уйидин пул олиб чиқиб, бадавийга ҳақини топширди. Пайғамбаримизга у бадавий кўп ташаккурлар билдиргандин сўнгра яна Қурайш мажлисига келиб:

– Сизлар кўрсатган одамнинг Худо хайрини берсин, Абул Ҳакамдин тамом ҳақимни олиб берди, – деб Пайғамбаримизни кўп олқишлади. Булар бўлса, бу ишни Пайғамбаримизга азият етказиш қасдида қилган эдилар. Аллоҳ таоло иродаси билан Пайғамбаримизга ионат бўлди. Қурайш раислари бир­бирларига, ўзаро хижолатликка қолиб, Абу Жаҳлга нафрат айтиб турганларида, юборган кишилари келди.

– Нима воқеа бўлди? – деб андин сўрадилар. Ул:

– Абу Жаҳлнинг Муҳаммад ҳақида қилган муомаласи бек таажжуб ишдур. Кўрганим шулдурки, Муҳаммад бадавий билан тўғри бориб, Абу Жаҳл қопқасини қоқди. Қарасам, Абу Жаҳл қўрққанидин ранги ўчган, руҳсиз ҳолда чиқиб келди. Муҳаммад бадавийни кўрсатиб:

– Бунинг ҳақини дарҳол адо қил! – деди. Ул ҳам югурганича уйидин пул кўтариб чиқиб, бадавийнинг хақини топшириб берди, – деб айтди. Бу сўзга ҳайрон бўлиб туриб эдиларки, Абу Жаҳлнинг ўзи ҳам келиб қолди.

  – Бу қандоғ номуслик уят иш – душманларимизни суюнтирдинг, ўзингга номус келтирдинг, – деб унга нафратларини билдирдилар. – Бу чоққа довур Муҳаммадга бундоқ юмшоқлик қилганингни кўрмаган эдик, дейишди. Анда Абу Жаҳл:

– Мени кўп айб қилманглар, чунки бу ишда менинг ихтиёрим йўқдур, энди бу сирни айтишга мажбур бўлдим. Шундоқки, мен ўтириб эдим, туйқусдин эшик қоқилиб, Муҳаммаднинг овозини эшитдим, ихтиёрсиз кўнглимга қаттиқ бир қўрқинч тушди. Югуриб чиқиб эдим, кўрдимки, бадавий олдида Муҳаммад турибди, анинг ортида тишлари найзадек, боши сандиқдек, ҳайбатли бир буғро туя оғзини очиб турганини кўрдим. Агар мен қаршилик кўрсатсам, устимга ҳужум қилгудек кўринур эди, – деди.

Субҳоналлоҳ! Бу қандоқ ажаб ишдурки, шу қадар улуғ мўъжизаларни кўришиб турсалар ҳам, бундин ҳеч қандоқ ибрат олмадилар. Энди, эй мўмин, огоҳ бўлгинким, Пайғамбаримизнинг айтишларича, инсонда уч турли сифат бордур: ҳайвонлик, шайтонлик ва фаришталик хислатларидур.

Аллоҳ таоло Одамни яратганида, анинг вужудига бу уч турли сифатини қўймишдур.

Шунинг учун ҳар бир инсонда шу уч хил махлуқнинг сифатлари кўринмоқдадур. Шундоқки, емак­ичмак, ухламоқ, жимо қилмоқ (эр­хотин қўшилиши), мана булар эрса, ҳайвонлик сифатларидур. Инсонлардаги уруш­талаш, ўлдиришлар, ёриш­йиртиш, бир­бирларига озор беришлар, мана шулар бўлса, ит­бўрилар каби йиртқич ҳайвонларнинг сифатларидур. Макр­ҳийла, зулм­хиёнат, ҳасад қилиш, халқ ичида бузуқчилик қилиб, фитна­фасод ишларини қўзғаш, булар шайтоний сифатлардин бир намунадур.

Илм, дўстлик, адолатпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик, олижаноблик, кўркам ахлоқлик, мана бундай ишлар фаришталик сифатларидин бир намунадур. Одам фарзандларида бу сифатларнинг борлигини кўриб турамиз. Агар фаришталик сифати тарбия топиб, қувватланар экан, унинг даражаси фариштадин ортиқ бўлиши шубҳасиздур. Мана, пайғамбарларнинг вужуд­шарифлари бу сўзни исбот қилишга очиқ далилдур.

Агар бундоғ бўлмай, инсонлар ҳайвоний­шайтоний тарафига майл қилсалар, шулар қаторида қолиб, балки улардин ҳам тубанроқ тушиб, асфаласофилин (жаҳаннамнинг энг тубидагилар) зиндонига гирифтор бўлгайлар. Шунга кўра, Аллоҳ таоло Раҳмон­Раҳим сифати ила инсонларга раҳбарлик қилишга бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар юбормишдур. Уларнинг вазифалари эса инсонларнинг асл гавҳарлари бўлган фаришталик сифатларини юзага чиқаришдур. Диний тарбия бериб, шайтоний сифатлардин аларни ариғдаб (тозалаб), ҳайвоний сифатларини чеклашдур. Агар инсон фарзандлари пайғамбарлар тарбиятларидин четга чиқиб, аларнинг кўрсатган йўлларидин йироқ юрсалар, шайтоний ва ҳайвоний сифатлари ривож топиб, имон­исломдин баҳрасиз бўлгайлар. Худо сақласин, агар бу икки бузуқ сифатлар инсонлар оламида ривожга кирар экан, анинг натижасида қандоғ ишлар пайдо бўлиши кўз олдимизда кўринмоқдадур. Қиёмат қанчалик яқинлашгани сайин, инсонларда бу ёмон сифатлар шунчалар ривожланиши машҳур ҳадис китобларида ёзилмишдур. Ҳақни ботилдин ажратиш учун Аллоҳ таоло инсонларга ақл гавҳарини ато қилиши – бунинг мисоли бир ойна кабидур. Агар у мусаффолик, текислик ила турса, анинг тўғрисига келган ҳар бир нарса анда ўз ҳақиқати ила кўрингай, агар бундоғ бўлмай, ақл ойнаси занг бойлаб, текислик ва сафолик сифатидин ажраган бўлса, анинг қаршисига келган тўғрини – эгри, оқни – қора қилиб кўрсатгай. Бунинг олдида яхши­ёмон, айб­ҳунар, барчаси баробар бўлгай. Мана бундоғ одамларнинг ақллари, шайтонийҳайвоний қувватларига асир бўлиб, анинг асл фитрати бузилмишдур. Агар тамом умрини шу йўлда ўтказиб, дунёдин тавбасиз кетар экан, абадий шақоват (бало) га, дўзах азобига тутилур. Энди бу асоратдин қутулиш, бу дардга даво топиш учун Худо тарафидин юборилган, Ислом дини кўрсатган йўлдин бошқа ҳеч қандоқ анинг чораси йўқдур. Бу йўлнинг чин қаловузи ва анинг ҳақиқий йўлбошчиси ҳазрати Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дурлар. Аллоҳ таоло тарафидин бу зотга Қуръони карим индурулмишдур. Инсонларнинг икки дунёда бахт­саодатли бўлишлари учун шу Китоб бирдан­бир кафилдур. 

 

Байт:
Ҳақни кўрган, Ҳақни билган,
Ҳақ йўлининг бошчиси,
Бил Муҳаммад мустафодур –
ул Худонинг элчиси.

 

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг
“Тарихи Муҳаммадий” асаридан.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан