Мақолалар

Бахтли оила бунёд бўлиши учун ўн ўгит

Чоп этилди Fevral 26, 2021 Бахтли оила бунёд бўлиши учун ўн ўгитda fikr bildirishni o'chirish

Фақиҳ ва муҳаддис Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал Шайбоний Зуҳлий раҳимаҳуллоҳ – ҳанбалий мазҳаби асосчиси. Катта илми ва кучли хотираси билан шуҳрат қозонди. Шунингдек, гўзал хулқи, сабри, тавозеси, мурувватлилиги билан танилди.

Бу зотни кўп уламолар мақташди. Жумладан, Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Бағдодни тарк этарканман, у ерда Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ ва диёнатлироқ кишини қолдирмадим”, деб таҳсин айтди. Олимнинг “Муснад” асари машҳур ҳадис китобларидан. 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўғлига тўйи куни бундай насиҳатлар қилди:

Болажоним, ўн ўгитга амал қилишинг орқали оилавий бахтга эриша оласан. Уларни ёдлаб ол ва эътиборли бўл. Биринчи ва иккинчиси: аёллар эркаликни, шунингдек, севилишларини ошкора эшитишни яхши кўришади. Бу борада бахиллик қилма. Акс ҳолда, у билан ўзинг орангда бўшлиқ пайдо бўлади. Оқибатда муҳаббат нуқсонга учрайди.

Учинчиси: аёллар қўпол эркакларни ёқтиришмайди. Бўшанг ва мулойимларини эса ўзларига хизматкор қилиб олишади. Муҳаббатга эришишни, ишончни қозонишни истасанг, ҳар сифатни ўз ўрнига қўй.

Тўртинчиси: эркаклар аёллардан талаб қиладиган нарсаларни улар ҳам эркаклардан исташади: ширинсўзлик, гўзал кўриниш, кийимнинг поклиги ва хушбўй ифор таралиши. Барча ҳолатда ҳам мана шу сифатларга эга бўл.

Бешинчиси: уй аёлнинг мамлакатидир. Аёл уйида ўзини тахтда ўтирган қироличадек ҳис этади. Сен у яшаб турган мана шу мамлакатни бузишдан сақлан. Шунингдек, уни тахтидан туширишга ҳам уринма. Акс ҳолда мулкига кўз олайтираётган ҳисобланасан. Подшоҳ учун унинг мулкини талаган кимсадан кўра ашаддий душман бўлмайди.

Олтинчиси: аёл эри ўзининг йўриғига юришини истайди. Шунингдек, аҳли оиласидан воз кечмайди. Сен ҳаргиз ўзингни унинг яқинлари билан таққослама. Шуни билки, у сени танлаган тақдирда ҳам ўзи қайғуга ботади. Бу эса кундалик ҳаётингга таъсир этмай қолмайди.

Еттинчиси: албатта, аёл қовурғанинг қийшиқ жойидан яралган. Унинг гўзаллиги ва мафтункорлигининг сири ҳам шунда. Бу айб эмас. Зеро: “Қийшиқлик қошнинг зийнатидир”. Агар аёлинг хато қилса, унга шафқатсиз бўлма ёки кўнгилчанлик ҳам қилма. Қийшиқни тўғирлашга уринсанг, синдириб қўясан. Синдиришинг уни талоқ этишинг демак. Шунингдек, хато қилса, ўз ҳолига ташлаб ҳам қўйма. У ҳолда қийшиқлиги ортиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Кейин сенга илтифот қилмайди ва қулоқ ҳам солмайди. Шу боис у билан доим муозанатни сақла.

Саккизинчиси: аёллар табиатан эрларига ношукр, яхшиликни билмайдиган бўлишади. Агар уларга бир умр яхшилик қилсанг­у, сўнгра бир марта унутсанг: “Сендан бирор марта яхшилик кўрмаганман”, дейди. Сен уни бунинг учун ёмон кўрма ва нафратланма ҳам. Агар бу хулқини ёмон кўрсанг, бошқа хулқи сени хурсанд этади.

Тўққизинчиси: аёл заифҳол кунларни бошидан ўтказади. Бу вақтда Парвардигор аёлдан фарзларидан айримларини соқит этади. Аллоҳ таоло унга енгиллик қилгани каби, сен ҳам унга раҳм қил.

Ўнинчиси: аёл қўл остингдаги асирангдир. Нуқсонларини кечир. Шунда у сенга энг яхши шерик бўлади.

Сора ҲУСАЙН қизи тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан