Мақолалар

Илоҳим, ҳаловатли кунларга яна қайтайлик!..

Чоп этилди Fevral 26, 2021 Илоҳим, ҳаловатли кунларга яна қайтайлик!..da fikr bildirishni o'chirish

(Шифохонада Аллоҳ таолодан шифо сўраб, илтижо қилган нуронийнинг дил сўзлари)

Ассалому алайкум, азизларим! Мен 20 йил Наманган шаҳрида бош имом­хатиб, вилоят бош имом­хатиби ноиби бўлиб ишладим. Бу хатни тасаввур ва тафаккур қилиб, Аллоҳ берган бебаҳо неъматларни яна бир бор эсга олиб, шукрона келтиришингиз учун ёзяпман.

Касалхона. Кимларга кислород уланган, яна кимдир оғриқ зўридан ингранади. Беминнат ҳавонинг улуғ неъмат эканини энди биляпмиз. Беш ой карантинда ўтирдик, тан олиш керак, қийналганлар кўп бўлди. Лекин меҳрибон Аллоҳнинг инояти, Юртбошимиз ҳаракати билан “Саховат ва кўмак” карвони етиб келди. Кам таъминланган, ишсиз, ночор ва бева-бечора, тирик етимлар оч қолмади, ўксимади. Аммо чекловлар юмшатилиши билан одамлар лоқайд ва беписанд бўла бошлади. Шу боис касаллик чекинмаётир.

Бунга ким айбдор? Албатта, ўзимиз. Асранмадик, оиламизни асрамадик, оқибатда ҳаммага юқтириб, хасталикни зўрайтириб қўйдик. Энди жонимиз озурда…

Мана, имтиҳон: аввал шифохонага ялиниб чақирилдик, лекин касаллик беркитилди. Дардни беркитсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек… Аллоҳнинг имтиҳони, синовидан ўтишга нафсимиз йўл қўймади. Мана энди Яратгандан шифо сўраб ётибмиз.

Бу ҳолатга тушмаслигингизни тилаган ҳолда, сизларни огоҳ этишни истайман.

Бизларга берилган ҳаёт – Аллоҳнинг улуғ неъмати. Аммо ҳамма ҳам бунинг қадрига етмайди, етавермайди. “Танамдаги оғриқлар камайса, Аллоҳнинг бебаҳо ҳаво неъматидан тўйиб нафас олсам, йўталларим ариса, иштаҳам очилиб, бир қултум сув билан бир тишлам нон есам эди…” дея орзу қилиб ётган бемор кишиларни кўриб, гувоҳи бўлиб, дуо қилиб ётибмиз. Билингки, Аллоҳ таоло кимга сиҳат­саломатлик неъматини берган бўлса, у жуда ҳам бахтлидир.

Ким уйқусидан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ, рўзғорида кунлик оби­таоми бўлса, унга дунёнинг барча бойлиги берилибди. Бу гапни мен эмас, балки икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар.

Ҳаммамиз Аллоҳнинг розилигини топиш ва бандалик бурчимизни бажариш, шу билан бир қаторда, ажр­савобга эга бўлиш, гуноҳларни ювиш учун ибодат қиламиз. Уй қурамиз, машина оламиз ва ҳоказо. Бу неъматлар эса мақсадимизга кўра, ё фароғат, ё фалокат бўлади. Ниятимиз мақтаниш, кибрланиш бўлиб қолишидан Ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло бандаларига ҳаёт, оила, молу дунё, ҳаво, сув, сиҳатлик, сон­саноқсиз неъматлар бериб қўймадими? Шулардан бири бўлган саломатлигимизни йўқотиб қанча беҳузур бўляпмиз. Қолганлари татимай қоляпти. Шундай экан, ўзимизга раво кўрмаган нарса (дард) бошқаларга юқишига бепарво бўлмайлик.

Бу оқибатлар учун чин қалбимиздан айбимизга иқрор бўлиб, тавбалар қилайлик, Яратгандан ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам шифо сўрайлик, нажот тилайлик. Тунни тонгга улаб, жонбозлик кўрсатаётган, беморларга тўла шароит яратиб берган, даволанинглар, касалликни яширманглар, ўзларингни ҳам, ўзгаларни ҳам бедаво дарддан ҳимоя қилинглар, дея бизлар учун қайғураётганларнинг меҳнатини қадрлайлик.

Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ. Илоҳим, ёруғ ва ҳаловатли кунлар, осойишта ва хотиржам дамларимизга яна қайтайлик, меҳр­оқибатимиз йўқолмасин.

Ҳорунхон АЮБХОНОВ,
меҳнат фахрийси.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан