Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амрларига биноан кўз теккан кишига ғуслнинг шифо бўлиши
Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилинади:
«Омир ибн Робиъа ғусл қилаётган Саҳл ибн Ҳунайфни кўриб қолиб: “Аллоҳга қасам, бугунгидек кунни ва бундай яширин баданни кўрмаган эдим”, дейди. Саҳл ибн Ҳунайф ўша жойида йиқилиб, ётиб қолади. Шунда мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бордим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир киши: “Эй Расулуллоҳ! Саҳл ибн Ҳунайф ҳақида хабарингиз борми? Аллоҳга қасам, у бошини кўтара олмаяпти”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бунга бирортаси айбдор деб ўйлайсизларми?” деб сўрадилар. Одамлар: “Омир ибн Робиъа айбдор деймиз”, деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Омир ибн Робиъани чақирдилар. Унга ғазаб қилдилар ва: “Нима сабабдан сизлардан бирингиз ўз биродарини ўлдиради, бунинг ўрнига унга барака тиласанг бўлмасмиди[1], у учун ювиниб, сувини унга бер”, дедилар. Кейин Омир қўллари, тирсаклари, тиззалари, оёқ атрофлари ва изорининг ичини ювиб, сўнг ўша ювинган сувини унинг устидан қуйди. Шунда Саҳл ибн Ҳунайф одамлар билан ҳеч қандай зарар кўрмагандек юриб келди»[2].
Бу ҳадис киши ўзининг кўзи теккан одам учун қўллари, тирсаклари, тиззалари, оёқ атрофлари ва кийимининг ичини ювиши, сўнг сувни у кўз теккан кишининг устидан қуйиши кераклигига ишора қилади. Агар бир кишининг бошқа бирига кўзи теккани маълум бўлса, кўзи теккан одам учун ювиниб беришдан қочмаслиги керак.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган
[1] “Ма шааллоҳ, Аллоҳумма барик” дуоси.
[2] Имом Насоий “Кундуз ва кеча амали китоби”да, Имом Ибн Можа “Тиб китоби”да ва Имом Байҳақий “ад-Далоил” асарида (6/163) ривоят қилган.