2020 йил 88 миллиондан зиёд аҳоли сиёсий можаролар ва беқарорлик сабаб очлик муаммосига дуч келди — БМТ
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Aнтониу Гутерриш дунёда очликка қарши курашиш ишчи гуруҳ тузилганлигини эълон қилди. Бош котибнинг таъкидлашича, очликдан азият чекаётганлар сони янада ортиши мумкин.
«2020 йил охирига келиб 88 миллиондан зиёд аҳоли сиёсий можаролар ва беқарорлик туфайли очлик муаммосига дуч келди. Ҳолат йил давомида 20 фоизга ошган. 2021 йилда ушбу қўрқинчли тенденция давом этиши таъкидланмоқда», деди БМТ Бош котиби.
Унинг сўзларига кўра, очлик кучаймоқда. Дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 30 миллиондан ортиқ одам очликдан қийналмоқда. Тахминан 150 минг киши очликдан ўлиш хавфи остида. Шунингдек, 16 миллион киши озиқ-овқат танқислиги муаммосидан азият чекмоқда.
БМТ Бош котиби дунёда очликни олдини олиш учун юқори малакали ишчи гуруҳ тузилганлигини эълон қилди. Ушбу ишчи гуруҳ таркибига Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакиллари киради. Гуруҳ дунёдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
«XXI асрда очлик ва муҳтожликка жой йўқ», деди ташкилот раҳбари.