Хом гапга пишиқ жавоб. “МАНТИҚ БИЗГА НИМА ЎРГАТАДИ?”
Мантиқ дарсига кирган профессорга талабалардан бири беписандлик билан:
– Ҳурматли устоз, марҳамат қилиб айтинг-чи, мантиқ бизга нимани ўргатади ўзи? – деб савол берди.
Профессор бошқа талабаларнинг ҳам юзида ана шу истеҳзони кўрди ва:
– Мантиқ дарсининг инсон тафаккурига таъсирини тушунтириш мушкул иш. Шунинг сизларга уни бир мисол билан тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман: фараз қилингки, шахтадан икки киши чиқиб келади. Биттасининг уст-боши топ-тоза, иккинчиси эса қоп-қора. Шулардан қайси бири ювиниб олмоғи керак бўлади? – деди.
Талабалар бир овоздан:
– Албатта, уст-боши қоп-қора бўлганида, – деб жавоб бердилар.
Профессор табассум қилиб:
– Ана, болаларим, – деди. – Мантиқ ушбу саволга жавоб беришдан олдин: Битта шахтадан чиққан икки кишининг қандай қилиб биттаси топ-тоза, иккинчиси қоп-қора бўлиши мумкин? деб сўрайди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.