Бу кичкина тажриба эди…
Сумалак “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бундай таърифланган “Ундириб янчилган буғдой, ун ва ёғ аралашмасидан тайёрланадиган, сервитамин, хушхўр холвайтарсимон овқат (одатда баҳор кезлари аёллар ўртасида халфана асосида пиширилади)”.
Бу сумалакнинг сифати эди. Энди унинг отига келсак, бу атаманинг форсча-арабчадан зўрма-зўракилик билан: “се+малак” (ўттиз фаришта) деб чиқарилган маънога ҳеч қандай алоқаси йўқ. У туркча сўз. Яъни “Девону луғотит турк”да айтиладики, “Сума-ивитилган буғдой номи. Уни қуритиб туйилади. Сўнг ундан угра оши ва нон қилинади. Шарбат учун қилинган, ундирилган арпа учун ҳам бу сўз қўлланилади”. Демак, “сумалак”-ивитилган буғдой ёки арпа маъносини англатувчи қадимги туркий калом “сума”дан келиб чиққан.
Хуллас, йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган, илик узди палла, баҳор фаслининг илк кунларида тайёрланадиган сумалакни халқимиз қадим замонлардан буён тансиқ таом сифатида эъзозлаб келади. Ушбу таомни тайёрлаш жараёни кўп босқичли, меҳнати кўп ва узоқ вақтли юмуш бўлгани боис қўни-қўшни, қавму қариндош аёллар жамланиб халфана асосида қилиб келганлар. Сумалак қаттиқ қайнаган вақтда тагига ёпишиб кетмаслиги учун унга беш-олтита майда тош ташланган. Аёллар тунда уйқу элитиб қолмаслиги учун эркаклар ухлагани ётганларига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг чилдирма чалиб, ўйин-кулгу ҳам қилганлар.
Бора-бора бу анъанага айланиб кетди, сумалак ҳақида афсоналар тўқилди. мусиқалар басталанди, қўшиқлар куйланди ва уни каттаю кичик иштиёқ билан кута бошлайдиган бўлди. Нима бўлса, бўлди-ю, сумалак халқимизнинг эъзозли таоми сифатида ҳамон қадрланиб келмоқда. Одамларимиз орасида ҳақни билганлари ҳам бор, билмасдан хато ишларни қилиб юрганлари, яъни сумалак ҳақида нотўғри тушунчада юрганлари ҳам бор. Аммо, наинки, сумалак, балки бошқа таомларнинг атрофига ҳам шу вақтгача бирор кимсанинг яланғоч келганини эшитмаган эдик.
Диққат қилинг, сумалак ўзи оддий таом. (Оддийлиги боис қиш фаслида ҳам бозорларда сотилиб ётибди). Лекин асрлар ўтиши билан уни тайёрлаш айрим Шарқ халқларининг азалий қадриятларига айланиб кетган. У бир замонлар инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстлик, ҳамжиҳатлик, дийдорлашув, самимий суҳбатлар боғланишига хизмат қилган бўлса, тўқчилик даврларига келиб, ўйин-кулгулар, нозу истиғнолар, бепарда лағвлар, ичкиликбозликлар ва яна алламбалоларнинг урчишининг сабабчиси бўлиб қолиб, бундан бечоранинг ўзи ҳам уялиб қолаяпти.
Мана, уч-тўрт кун бурун Хоразмда юз берган воқеа ҳамманинг нафратини қўзғади. Чунки бунда таомга, элу юртга, бутун миллатга ҳурматсизлик, уятсизлик, бешармлик, номуссизлик бор. Ҳамма жойга тарқалган видеони кўрсангиз, беш-олтита шарманда ички кийимда сумалак қўзғаб, одамларни табриклаяпти.
Аммо ўша яримяланғоч аёллар ва уларни танқид қилиб юрган содда юртдошларимизнинг аксарияти бу ишларнинг замирида нималар борлигини, қандай ғаразлар яширин эканини ҳали ҳам англаб етганлари йўқ.
Ёдга олиб кўринг, сумалакни ўша енгилтак аёллар қилишганмиди?
Йўқ. Сумалакни бошқа аёллар пишираётган эдилар.
Хўп, унда улар қаердан пайдо бўлди?
“Сахара” деган тунги клубдан чиқиб келишди.
Тунги клуб қанақа жой ўзи? Ана ўшанақа аёллар ва ўшанақа эркаклар тўпланадиган жой, демократия экспортчиларининг маҳсули. Бир замонлар собиқ шўролар коммунистик партиясининг ғояларини қандай қилиб тиқиштирган бўлса, бугун ўзларини демократия экспортчилари деб атаётган юмшоқ кучлар ахлоқсизликни демократия ниқоби остида худди ўшандай тарғиб қилмоқдалар.
Бу қандай амалга оширилмоқда? Биринчи галда тунги клубларнинг очилишига эришилади. Кейин енгилтабиат эркак-аёлларга танаси шахсан ўзиники экани уни ўзи истаганидек истеъфода этиши мумкинлиги, бунинг учун уят-андиша деган нарсалардан воз кечиш лозимлиги, ҳаётдан ортда қолмасдан демократик тамойиллар асосида яйраб яшаши лозимлиги уқтирилади. Ундан сўнг эса ўзларининг тайёр бўлган “кадр”ларини тарғиботчилар сифатида ана шу сумалакка ўхшаган жойларга чиқарадилар. Агар уларга ҳукумат вакиллари бир нарса дегудек бўлса, бутун дунёга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаяпти, деб жар солишади. Ўн беш суткалик ўтиришлар ва солинган арзимас жарималар уларнинг чўнтагининг бир четидан тушиб қолади.
Ҳосили калом, Хоразмдаги сумалак воқеаси феминистлар ва “демократ”ларнинг кичкина тажрибаси, холос. Бундан кўзланган мақсад эса аҳолида, хусусан, ёшлар орасида сумалакни аёллар яримяланғоч бўлиб пиширса, жуда чиройли чиқар экан-ай, дейдиган кайфиятни шакллантириш йўлида қўйилган қадамлардан биттаси, холос. Ҳали улар бундай тажрибаларни умумхалқ байрамларида, сайлларда ҳам бошқа жамоат жойларида жуда ҳам кўп ўтказадилар. Шунинг учун ҳам халқимиз онги паст, ақли ноқис, ўйин-кулгуга ружу қўйган ижрочиларни койиш билан кифояланиб қолмасдан, бундай қилмишларнинг асл илдизини англамоғи ва ўша томирига зарба беришни ўрганмоғи зарур. Бунинг учун эса мафкуравий иммунитетни кучайтирмоғи даркор. Бунда суяниладиган энг мустаҳкам қўрғон эса Исломдир, шариат аҳкомларини маҳкам ушламоқдир. Бундан ўзга халоскор куч йўқ.
Дамин ЖУМАҚУЛ