Мақолалар

Юксак заковат тимсоллари

Чоп этилди Aprel 7, 2021 Юксак заковат тимсоллариda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда барпо этилган меъморий иншоотлар жаҳон меъморчилиги йўналишларини ўзининг нодир ечимлари, бадиий-композицион хусусиятлари билан белгилаб берган ва меъморчилик равнақида ўзига хос ўринни эгаллаган. Уларнинг пайдо бўлишига ушбу ҳудуднинг ҳар бир минтақаси ва турли даврдаги меъморий тараққиёти ўз таъсирини кўрсатган.

Пойтахтнинг ташрифномаси

 

Тошкент гўзал исломий меъморий иншоотлар, мадрасалар, масжидлар, музейлар ва кутубхоналарга бой. Шаҳар ўзининг меъморий ёдгорликлари, буюк алломалари, хаттотлари, кутубхоналари ва музейлари билан ҳайратда қолдиради.

Эски шаҳар – Тошкентнинг ташрифномаси. Бу ерда эски бинолар ва кўчалар жуда яхши сақланиб қолган. Кўҳна Шарққа оид барча афсоналарнинг тимсолини Кўкалдош мадрасаси ёнида жойлашган Чорсу бозорида кўриш мумкин.

Ундан тепароқда машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси бор. Бу ерда Қаффол аш-Шоший мақбараси, Ислом институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси,  Жума-Масжиди, Диний идора кутубхонаси жойлашган. Мажмуани Марказий Осиё меъморчилигининг энг яхши анъаналаридан фойдаланиб қурилган, мовий гумбазлари ярқираб турган Жоме жума масжиди тугатади. Масжидга Қорасарой тарафдан киришни ҳар бири 56 метрли  иккита минора ўраб туради.

Шариф шаҳар

 

Бухородаги меъморий обидаларда аждодларимизнинг юксак ақл-заковати ўз ифодасини топган. Шаҳар марказидаги Чор минор ансамбли Шарқда ягона ҳисобланади. Хўжа Зайниддин, Баланд масжидлари, Мир Араб мадрасаси юксак муҳандислик, ғаройиб санъат ва тенгсиз гўзаллик намуналаридир.

– Бухорога кўп келганман. Лекин ҳар гал келганимда бу ерда шаҳарсозликнинг, меъморчиликнинг ўзига хос янги қирраларини кашф этаман, – дейди франциялик меҳмон Шарль Мартин.

Замин сайқали

Самарқанд жаҳон туризм марказларидан бири сифатида машҳур. Дарҳақиқат, Самарқандни қадимий қадамжолар қамраган шаҳар, десак, муболаға бўлмас. Сабаби, шаҳар бўйлаб тасбeҳ доналари каби тизилган зиёратгоҳлар яхлит бир ансамблни ташкил этади.

Шоҳи Зинда номи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Пайғамбаримизни қуйидаги ҳадислари Қусам ибн Аббоснинг кириш эшиклари пештоқида ёзилган: “Қусам ибн Аббос хулқи ва қиёфаси менга ўхшайдиган шахсдир”.

Шоҳи Зинда мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. Уни зиёрат қилиш ва бу қутлуғ жойда тоат-ибодат бажо келтириш ҳар бир имонли мўминнинг хайрли иши ҳисобланади.

Шоҳи Зинда мажмуаси ўзига хос йўлаклари ва маҳобатли бинолари билан сайёҳларни ўзига мафтун этади. Зиёратгоҳнинг иккинчи қисми қирқ зина бағридан бошланиб, сирлар ҳамда жумбоқларга тўла ўрта аср даҳлизига кириб борасиз. Бу ерда бутунлай ўзгача давр, ўзгача меъморчилик ечимлари мавжуддир.

Азиз зотлар даҳмасида бутунлай ўзгача манзарага дуч келасиз, у кишини бугунги турмуш ташвишларидан фориғ этади ва тамоман ўрта аср меъморчилиги, нафис безакли ажиб нақшлар оламига олиб киради. Мақбараларнинг сирланган кошинларидаги ранглар товланади. Буларнинг барчаси зиёратчи сайёҳларни ўзига маҳлиё қилиб қўяди.

Амир Ҳусайн ва унинг онаси учун қурилган обида меъморчиликнинг энг нозик услубларида ижод қилинган  ва унинг пештоқига «Ўлимдан олдин тавбага – вақт ўтмасдан намозга шошилинг» деб ёзилган.

            Саккиз қиррали мақбарадаги саккиз очиқ эшик, мусулмонлар тасаввуридаги жаннатнинг эшикларини эслатади. Унинг ички қисмида содда нақшлар солинган. Чиройли нусхалар ичида муқаддас Қуръондан суралар битилган.

Хива – музей-шаҳар

 Хива – дунёнинг очиқ осмон остида сақланиб қолган бир нечтагина шаҳарларидан биридир. Ичан-қалъа – меъморчилик музейи, унинг ёдгорликларида бизга халқ усталарининг энг гўзал асарлари намоён бўлади.

У ердаги Жума масжиди Шарқнинг мумтоз иншоотлари хусусиятларини ўзида сақлаб қолган. Бу бинонинг олд кириш порталлари, гумбазлари ва думалоқ аркалари йўқ, у эрамизнинг X – XVII асрларида яратилган 213 дона ёғоч нақшинкор устунларга таянадиган ясси томли улкан залдир. Уларнинг ўлчамлари, шакллари ва безаклари турлича бўлиб, айнан улар масжиднинг юксак бадиий қийматини намоён этади.

Муҳаммад Аминхон мадрасасининг ўзига хос хусусияти – иккиталик ҳужралардир. Эшиклар ва панжаралар ажойиб ўйма нақшлар билан безатилган. Ўрта асрлар шаҳарларини ташқи деворлар ва минораларсиз, шаҳар ичидаги арк қалъасисиз тасаввур қилиш қийин.

Латиф шаҳар

Қўқонда 60 дан ортиқ йирик тарихий, маданий ёдгорликлар сақланиб қолган. Қисқа вақт ичида шаҳардаги Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Норбўтабек, Камол қози, Миён ҳазрат мадрасалари, Эшонхон ҳаммоми сингари обидалар асл кўринишига монанд тикланди.

Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА