Мақолалар

Ихтилофнинг сабаби нима?

Чоп этилди Aprel 7, 2021 Ихтилофнинг сабаби нима?da fikr bildirishni o'chirish

Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ва бошқа фуқаҳолар (яъни, мотуридийлар ва ашъарийлар) ўртасида амал иймон ҳақиқатига кирадими-йўқми, деган масалада ихтилоф мавжуд. (Яъни, мўмин бўлиш учун амал қилиш шарт қилинадими, йўқми?) Бу ихтилоф аслида лафзий ихтилофдан иборат, холос. Чунки фуқаҳолар: “Иймон – қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилиш” дея, амални комил иймоннинг рукни сифатида келтиришган ва бу комил иймонга берилган таъриф ҳисобланади.

Аммо Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Иймон қалб билан тасдиқлашдир. Дунёвий ҳукмларни (мўмин деб ҳисоблаш ва шаръий таклифларни) жорий этиш учун эса тил билан иқрор бўлиш шарт” дея, аъзолар билан амал қилишни иймоннинг ҳақиқатига киритмаганлар. Ушбу таъриф фақат иймоннинг, яъни тасдиқнинг таърифи бўлиб, у амалсиз ҳам қалбда сақланиб қолаверади.

Иймоннинг таърифида бундай ихтилоф пайдо бўлишига сабаб имомларнинг турли замонларда яшаганларидир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ яшаган даврда хаворижлар ва мўътазилалар фитнаси авж олган. Мўътазилалар: “Амални тарк қилган одам иймондан чиқади (лекин кофир бўлмайди)”, дейишса, хаворижлар: “Амални тарк қилган кофир бўлади” дейишди. Шунда Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ уларга раддия ўлароқ иймонни амалсиз таърифлаб, бу билан амални тарк қилган киши мўминлигича қолишига ишора қилдилар.

Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа фуқаҳолар раҳимаҳумуллоҳ даврига келиб, муржиалар: “Мўмин жаннатга кириши учун амал шарт эмас, иймоннинг ўзи кифоя қилади. Тоат фойда бермаганидек, гуноҳ ҳам зарар қилмайди”, деган даъво билан фитна чиқаришди. Ана шунда фуқаҳолар уларга раддия сифатида мўминнинг нажоти учун амаллар зарур эканига ишора қилиб, иймоннинг таърифига амални ҳам қўшиб қўйишди: “Иймон – қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилиш”.

Демак, иймонни таърифлаш борасида фуқаҳолар (яъни, мотуридий ва ашъарий таълимоти) ўртасидаги ихтилоф лафзларда экан, маънода эмас. Зотан, амални тарк қилган кишининг иймондан чиқмаслиги, нажот топиш учун амал қилиш лозимлиги, тоат фойда, гуноҳ эса зарар бериши масаласида фуқаҳоларнинг барчаси якдилдирлар.

 

Таҳзийбул арвааҳин нафсийя фий тайсири

 шарҳил ақоидин Насафийя китобидан

Абдулазиз РАҲМИДДИН

таржимаси.