Мақолалар

“Биз ана шундай дўстмиз”

Чоп этилди Aprel 15, 2021 “Биз ана шундай дўстмиз”da fikr bildirishni o'chirish

Қиёматли икки дўст бор эди. Уларнинг бири муғомбир, эпчил ва ҳаракатчан; иккинчиси эса покиза, ҳалол ва хотиржам эди. Бир куни муғомбир дўст покиза дўстининг ёнига бориб, ишларининг юришмай қолганини айтиб, ундан ёрдамга пул сўради. Самимий дўсти унга қанча пули бўлса ҳаммасини берди.

У ишларини йўлга тушириб олди, орадан бир қанча вақт ўтиб яна дўстининг олдига келиб у унаштирилган қизни жуда ҳам ёқтиришини айтди ва дўстлигининг ҳурматини ўртага қўйиб ундан ўша қиздан кечишини илтимос қилди. Самимий дўст бу гапларни эшитиб ҳайратга тушди. Аммо қиздан кечмаса дўстликнинг шартини бажара олмагандек бўлди-да, унинг айтганини қилиб унаштирилган қизидан воз кечди.    Орадан кўп ўтмай, самимий дўстнинг ишлари тескари кетди. Мен у қийналган пайтларда яхшилик қилган эдим, албатта, у ҳам менга ёрдам қилади, деган ишонч билан дўстининг ёнига бориб, ундан ишга олишини илтимос қилди. Аммо у ишга олмади. Самимий дўст иш сўраб келганига пушаймон бўлиб ортга қайтди, аммо дўстига жаҳл қилиб, заҳрини сочмади.

Бир куни кўчада айланиб юрганда касалманд бир қарияни учратиб қолди. Қария фақир бўлгани боис дорихонадан керакли дориларни ола олмаганини айтади. Унинг қарияга раҳми келди, у билан бирга дорихонага бориб, унга керакли дориларни олиб уйига кузатиб борди ва дам олиш учун ўтириб бир оз суҳбатлашдилар.

Орадан кўп ўтмай, ўша одамнинг вафот этганини эшитди. Аён бўлишича, қария жуда ҳам бой одам бўлган экан ва бутун меросини унга хатлаб қолдирибди. Покиза одам энди бой бўлиб қолди. Дўстига бўлган гинаси юзидан унинг ишхонасига яқин жойдан уй сотиб олиб, ўша уйда яшай бошлади.  Бир куни эшигини бир тиланчи аёл тақиллатди. Кекса аёл, жуда ҳам оч ва беҳол эди, ундан бирор егулик беришини илтимос қилди. Самимий дўст дарҳол аёлни уйга кириб қорнини туйдирди. Унинг кимсасиз эканини эшитигандан сўнг мен ҳам ёлғизман, иккаламиз она-бола бўлиб бирга яшайверамиз, сиз уйнинг ишларини қиласиз, овқат пиширасиз, деди. Аёл ҳеч иккиланмасдан рози бўлди.

Бир неча ой шундай яшаганларидан кейин аёл унга яхши қиз топиб уйланиши лозимлигини айтди. Самимий дўст бундай қизни қандай топишини, танишлари йўқлигини айтади. Кекса аёл ажойиб бир қиз борлигини, истаса уларни учраштириши мумкинлигини сўзлади. Йигит қиз билан учрашгандан сўнг унга дарҳол кўнгил қўйди ва уйланишга қарор қилди. Тўйнинг тараддуси бошланиб кетди, таклифномалар тайёрланди. Ранжиб юрган бўлса-да, У дўстини сира ҳам унута олмаётган эди. унга ҳам таклифнома юборди. Тўй куни ҳам етиб келиб шодиёна бошланди. Куёв қўлига микрофонни олиб гап бошлади:

– Илгарироқ жуда ҳам яхши кўрган бир дўстим бор эди. Ишлари юришмай қолиб мендан қарз сўради. Қўлимда қанча пулим бўлса ҳаммасини бердим. Унаштирилган қизимни ёқтириб қолганини айтди, дўстлигимизнинг ҳурмати дея қиздан ҳам воз кечдим. Аммо ўша чоқда ичим қонга тўлди, кўзларимни яшириб йиғладим. Аммо унга асло сездирмадим. Чунки дўстликнинг шарти шундай бўлади, деб тушундим, Менинг бахтимни олгани учун хижолат бўлмасин дедим. Вақти келиб менинг ишларим тескари кетганда иш сўраб унинг фабрикасига бордим. У менга иш бермади. жуда ҳам хафа бўлдим. Аммо дўстимга жаҳл қилмадим, Негаки, биз ҳақиқий дўст эдик.

Бу таъналарни эшитган муғомбир дўст чидай олмасдан югуриб саҳнага чиқди дўстининг қўлдиган микрофонни олиб бундай деди:

– Менинг ҳам бир замонлар жуда яхши кўрадиган бир дўстим бор эди. Ишларим юришмай қолиб ундан қарз сўрадим. Ҳамма пулини менга берди. Сўнгра ундан унаштирилган қизини сўрадим. афсусланиброқ унаштирилган қизидан ҳам кечди.  У қиздан воз кечишини сўраганимнинг сабаби у дўстимга лойиқ эмас эди, сатанг аёл эди. Ўзи ниҳоятда пок тийнатли бўлгани боис дўстимни ундан шу йўсинда қутқардим.  Ишлари юришмай қолганда келиб мендан иш сўради. Аммо бу мумкин эмас эди – дўстимни амримнинг остида ишлата олмас эдим. Шунинг учун унга иш бермадим. Кунларнинг бирида учратиб қолгани кекса чол менинг отам эди, отамнинг дарди оғир эди, ўлими яқинлашиб қолган эди. Уни дўстимнинг ёнига мен юбордим, меросини унга мен қолдиртирдим. уйига келган тиланчи аёл эса менинг онам эди, Дўстим уйида ёлғиз қийналиб қолмасин деб онамни жўнатдим ва ҳозир у уйланаётган  қиз менинг синглим. Унинг синглимга  уйланишини мен уюштирдим. Биз ана шундай дўстмиз.

Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди