Мақолалар

Рамазон соғинчи

Чоп этилди May 4, 2021 Рамазон соғинчиda fikr bildirishni o'chirish

Ўтган йили фазилатли, баракотли Рамазон кунларида шодланиб, ғайратга тўлиб кетдик. Унинг ҳар кунидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Менга камтар, оқила, солиҳа турмуш ўртоғи насиб этган, беҳисоб шукроналар қиламан.

Ўша кунларда эзгу ишлар бобида аёлим билан зимдан мусобақага киришдик. Ҳар кеча у жуда эрта уйқудан уйғонади, саҳарлик тайёрлашдан олдин нафл намозларини ўқийди. Сўнг дастурхоннинг тараддудига тушади. Мен ҳам ғафлатда қолмай, дейман-да, тезда ўрнимдан туриб, нафл намоз ўқийман. Саҳарлик қилиб бўлгунимизча бомдод вақти яқинлашади. Кўпроқ ёруғ тушишини кутиб, зикр қилишга киришамиз. Сўнг бомдодни ўқиб, қуёш терак бўйи чиққунича мен Қуръони каримдан оятлар ўқисам, аёлим дуолар, салавот ва истиғфорлар айтади. Сўнг ишроқ намозини ўқиймиз. Иккаламиз ҳам уйда, пенсионермиз.

Алҳамдулиллаҳ, мен таровеҳ намозига бораман, аёлим уйда ўқийди.

Телевидение ва радиодан “Рамазон туҳфаси”ни кўришни, тинглашни канда қилмаймиз. Бир куни ким рўза тутган ҳолда яна учта савобли амални бажарса, жаннат вожиб бўлиши ҳақидаги ҳадисни шарҳлашди.
Яъни, бир кунда таъзияга борган, беморни бориб кўрган, садақа берган кишига жаннат вожиб бўларкан, иншоаллоҳ. Шундай вазиятлар ҳам бўлди, бу амалларни ҳам сидқидилдан бажардик.

Рамазон кунларида Қуръони каримни уч марта хатм қилиш насиб этди. Икки марта ўзим ўқиб чиққан бўлсам, 3-мартаси тўлиқ эшитиб хатм қилдим. Яъни “Дурмон” масжиди имоми Музаффар қори ҳамда Фазлиддин қори ўн беш кун давомида таровеҳ намозларида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бердилар.

Шундай қилиб, ўтган йилги Рамазон ойи хонадонимиз учун файзу баракали бўлди. Бу йил ҳам муборак ойни интизорлик билан кутяпмиз. Насиб этса, ибодатларни бажаришда ҳадисларга мувофиқ оилавий мусобақалашамиз.

Саъдулло АБДУЖАББОРОВ,
Навоий вилояти Кармана тумани

“Ҳидоят” журналининг 2021 йил 3-сонидан