Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонликлар ишлаш учун Саудия Арабистонига юборилиши мумкин

Чоп этилди May 4, 2021 Ўзбекистонликлар ишлаш учун Саудия Арабистонига юборилиши мумкинda fikr bildirishni o'chirish

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Саудия Арабистони Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги ҳамда Давлат инвестиция жамғармаси раҳбарияти билан учрашди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шу ўринда икки мамлакат иқтисодий тармоқлари кесимида малакали меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, меҳнат масалалари бўйича амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш орқали Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни тизимлаштириш мақсадида Саудия Арабистони Подшоҳлигида Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Давлат инвестиция жамғармаси раҳбарияти билан музокаралар чоғида инвестициявий, энергетика, молиявий-техник соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар “ACWA Power” компанияси билан бирга энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқлар, шунингдек, янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий қайд этдилар.

Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.