Дунё янгиликлари

Қирғизистон парламенти тўйларни 200 кишилик тартибда ўтказиш тўғрисида қонун таклиф қилди

Чоп этилди May 13, 2021 Қирғизистон парламенти тўйларни 200 кишилик тартибда ўтказиш тўғрисида қонун таклиф қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Қирғизистон парламенти — Юқори Кенгаш яна бир бор мамлакатда турли байрам, тўй ва оилавий тадбирларни ўтказишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Kloop хабар берди.

 

Хабарга кўра, депутат Улуғбек Ормонов ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аллақачон жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳада, хусусан, қуйидаги чекловлар мавжуд:

  • оилавий байрамлар, маросимлар ва тадбирларни 100 кишидан кўп бўлмаган даврада ўтказиш ва уларга 100 кишидан кам меҳмонларни таклиф қилиш;
  • тўй ва зиёфатларни бир кунда, 200 кишидан кўп бўлмаган одамлар билан ўтказиш, шунингдек, тўй маросимларида куёв навкарлари 3 тадан кўп бўлмаган автомобилдан фойдаланиши;
  • марҳум учун жаноза намозига келадиган одамлар сонини чекламаган ҳолда маросимни мол ва отларни сўймасдан ўтказиш, жанозадан кейин 100 кишидан ошмайдиган йиғин билан, қорамол ва отларни сўймасдан мотам тутиш.

Ушбу тадбирлардан ташқари, қонунда зиёратчиларни кутиб олиш учун чекловлар жорий этилиши таклиф қилинган. Депутатлар зиёратчиларни кутиб олиш ва учрашувларни қатъий равишда оилавий доирада ўтказишни таклиф қилмоқда. Унда ичимликлардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

Қонунда тадбирлар учун вақт чегараси ҳам белгиланган. Таклиф этилаётган қонунга биноан, тўй, оилавий ва юбилей тантаналар дам олиш кунлари соат 08:00 дан 23:00 гача, иш кунлари соат 18:00 дан 22:00 гача ўтказилиши керак.

Шунингдек, қонун бузилган тақдирда жисмоний шахслар учун 17 500 сом (2,1 миллион сўм) ва юридик шахслар учун 55 000 сом (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси фонида депутат Ормонов ушбу қонун мамлакат фуқаролари орасида «ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозликни йўқ қилиш, шунингдек, молиявий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган оммавий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш» учун яратилганини таъкидлади.

Парламент аъзоси COVID-19 пандемиясини ҳам қайд этишни унутмади. Унинг фикрига кўра, мазкур қонун коронавирус юқтириш бўйича янги ҳолатларни камайтиришга ёрдам беради.

Тадбирлар ўтказилишини чеклайдиган бундай қонун лойиҳаси Юқори Кенгаш депутатлари томонидан биринчи марта таклиф қилинаётгани йўқ.

2014 йилда ҳам худди шундай ташаббус депутат Қанибек Осмоналиев томонидан киритилган эди. Ўшанда у 200 кишилик тўйларни жорий қилишни таклиф қилган.

Осмоналиев, шунингдек, бундай қонун харажатларни камайтиришга, ушбу тадбирларни «ҳақиқатан оммабоп» қилишга ва оилалардаги қашшоқлик даражасини камайтиришга ёрдам беради, деб таъкидлаган. Депутатнинг ташаббуси қабул қилиш даражасига кўтарилмаган ва унутилган.

Аммо 2016 йилда базм ва тўйлар учун чекловлар яна эсга олинди. Ўша пайтда лойиҳа давлат ва шаҳар хизматчиларига тегишли эди. Қонунда 150 нафардан зиёд одамни тўйга таклиф қилиш ва бешдан ортиқ машинадан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинди. Ўшанда ҳам лойиҳа кучга кирмади ва унутилди.