Мақолалар

Зўравонликнинг жазоси Қиёматга қоладими?

Чоп этилди May 18, 2021 Зўравонликнинг жазоси Қиёматга қоладими?da fikr bildirishni o'chirish

Қуйидагиларни бир аёлнинг нидоси эмас, балки Илоҳий рисолат – Ислом нидоси деб тушунинг!!
* * *
Андижон ва Самарқанддаги аёлларга нисбатан ваҳшийликлар мавзуси интернетни портлатди, энди у зўравонларни қамашади, шу билан одамлар тинчланади.
Лекин бу билан аёлларга нисбатан зўравонлик тўхтайдими? Муаммо ҳал бўлиш у ёқда турсин, вазият салгина яхшиланадими?
Йўқ! Ундай бўлмайди. Уч кунда унутамиз, шу билан кейинги зўравонлик ошкор бўлгунча (кўпда ошкор бўлмайди).
Чунки бундай жиноятлар зўравон (эркак) ва қурбон (аёл)нинг ҳаётига турлича таъсир қилади. Эркак бир қилмишига бир жазо олади: қамалади, бирор йилда балки афв билан чиқар, шу билан “йигитчилик”, “эркакчилик” деб жамият буни унутади, қабул қилади, рози бўлади, муроса қилади….
Аёл эса бир марта эмас, бир умрга қурбон бўлади, энди уни жамият аввалгидек қабул қилмайди. Айбсиз бўлса-да, айбдор бўлиб қолаверади. Эркаклар у ёқда турсин, биринчи бўлиб ўз ҳамжинслари, аёллар айблайди, мен авлиёроқман деган позициядан турволиб.
Шунинг учун кейинги қурбонлар вазиятни яширади, кейинги ваҳшийлар эса зўравонлик жазосизлигининг тимсоли бўлиб ҳамманинг кўз ўнгида бемалол яшаб юраверади.
Мана шу ҳол зўравонликнинг ҳеч қачон тўхтамаслигига сабаб.
Зўрлаш ҳолатларида кўпинча “ғунажин кўзини сузмаса…” деб аёлларни айблаб қоладилар.
Агар иш икки томон розилиги билан рўй берган бўлса,буни қизлар ва йигитлар тарбиясига, ахлоқига йўйиш мумкин, сабабни ва чорани шу йўналишдан изласа мантиқ бўлади. Лекин куч ишлатиш, зўрлаш, бир томоннинг ожизлигидан фойдаланиш, буни ваҳшийларча амалга ошириш, кейин эса шу ваҳшийларнинг жамиятда бемалол яшаб юра олиши – бу ғайриинсоний ҳолат, буни жамиятнинг қусури, фикрлаши, дунёқараши, аёл ва эркакка нисбатан турлича стандартлари оқибати деб баҳолаш керак.
Кап-катта, уйланган, бир неча болалари бор эркаклар, биттасининг ёши 40 дан ошган ҳатто. Уларни нима тўхтатиши мумкин эди? Шу ишни қилсам, ҳаётим барбод бўлади деган ўй! Етти пуштимга исноди тегади деган фикр! Лекин ундай ўй-фикр йўқ, чунки бунга асос йўқ. Бу эркакларни жазосизлик, қилган ишининг оқибати енгил бўлиши, “барибир ҳеч нима қилолмайди, ким ишонарди, ўзини айблаймиз, бировга айтолмайди” деган фикрлаш қутуртирган. Ахир, кўпни кўрган, тажрибали эркаклар қиляпти бу ишни, ўсмирлар эмас! Уларда бу ваҳшийликни оила ё мактаб эмас, ЖАМИЯТ тарбиялаган!
Нимага зўравон эркакни жамият ўзидан четлатмайди?
Нега вақт ўтиши билан уни қабул қилишади ва кечиришади-ю, аёлни қабул қилишмайди? Нега зўравон эркак маълум вақт ўтгач яна ошналари билан бемалол ош еб, тўйга бориб, элга қўшилиб, ўғил-қиз уйлаб, тўн кийиб юра олади, зўравонлик қурбони бўлган аёлни “ит теккан қовун” деб биров даврага қўшмайди, ўша оиладан қиз олишни исташмайди, ўтса ортидан пичир-пичир, ғийбат, босим бир умр тинмайди?
Нега ваҳший эркак қамалади, чиқади ва ўзини осмайди, ёқмайди, аёл эса ўзини осади, ёқади, сувга ташлайди? У ахлоқсизлик қилмади, кўзини сузмади, уни бир ваҳший майиб қилди-ку!
Қиз хор жамият, аёл хор жамият!
Бунақа дунёқараш, фикрлаш, муносабат билан зўравонлик тўхтамайди. Токи аёллар ва эркакларга жамият тозалиги, ахлоқи борасида бирдек масъулият ва жавобгарлик юкланмас экан, токи икки хил стандартлар тўхтамас экан, зўравонлик тўхтамайди! Кейинги қурбон эса сизнинг яқинингиз бўлиши мумкин!
P.S. Айтганча, статистикага қараб қўйинглар: Бош прокуратура маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 28 фоизга ошган. 2021 йилнинг дастлабки уч ойи ичида ҳуқуқ-тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат бўлган.

Шаҳноза Соатова,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер.