Таълим услублари бундан 30-40 йиллар аввал тасдиқланган — Президент
Видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари тиббиёт соҳасидаги таълим услублари бундан 30-40 йиллар аввал тасдиқланганлигини ва дарсликларнинг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермаслигини танқид қилди, дея хабар бермоқда «Халқ сўзи» мухбири.
Шунингдек, 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 17 та ихтисослашган марказда жами 7 мингдан зиёд ходим ишласада, улардан бор-йўғи 336 нафари илмий иш қилмоқда. Оқибатда улардаги илмий салоҳият 34 фоизни ташкил этиб, айрим олийгоҳларда бу кўрсаткич камайиб бормоқда.
Шу боис 11 та тиббиёт олийгоҳи трансформация қилиниши зарур. Бу ишларни Тошкент тиббиёт академиясида бошлаш, унга Европа ва бошқа ривожланган давлатлардан профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш керак.
Академияда илғор хорижий тажриба асосида, тиббиёт соҳасида бошқарувчилар ҳамда юқори технологик ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги йўналишларни ташкил этилади.
Жорий йилда ординатура ва магистратурада ўқиётган 30 нафар иқтидорли ёшлар нуфузли хорижий тиббиёт марказларига малака оширишга юборилади.