Ўзбекистон янгиликлари

Сенат: «Ўзбекистондаги йўлларнинг ярми таъмирталаб…»

Чоп этилди May 30, 2021 Сенат: «Ўзбекистондаги йўлларнинг ярми таъмирталаб…»da fikr bildirishni o'chirish

2021 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиздаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг ҳолати ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ўрганиб чиқиб, таҳлиллар ушбу соҳада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини аниқлади.

Жумладан:
2021 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 184,8 минг км автомобиль йўллари (жумладан, 42,9 минг км умумий фойдаланишдаги, 132 минг км ички хўжаликлараро, 24,8 минг км идоравий автомобиль йўллари ва 9,9 минг км шаҳар кўчалари)нинг 77,9 минг км  қисми ёки 42,2 фоизи таъмирталаб ҳолатда.
Айрим автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари йилдан-йилга ўтиб, чўзилиб кетмоқда ва якунига етказилмаган.
Оқибатда аксарият ҳолларда йўл қопламасининг юқори қатлами ётқизилмаяпти ҳамда тегишли йўллар фойдаланишга топширилмаяпти. Бу эса мазкур йўлларда сақлаш ишларини олиб боришга имкон бермаяпти.

Жумладан, белгиланган меъёрларга зид равишда йўл қопламасига  майда донали зич асфальт-бетон қопламасини ётқизмасдан, йирик донали ғовак асфальт-бетонли қуйи қатлам билан қолдирилмоқда. Бундай йўлларда транспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши оқибатида йўл қопламалари жуда тез бузилмоқда. Шунингдек ёғингарчилик ва об-ҳаво билан боғлиқ бошқа омиллар ҳам сифатсиз йўлларнинг қисқа муддатларда яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланишини келтириб чиқараётган бундай сабаблар фуқароларнинг автомобиль йўлларининг бугунги ҳолатидан норозилигини ҳам кучайтирмоқда.

Энг ачинарлиси, автомобиль йўлларининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ёки охирига етказилмасдан қолиб кетган ҳамда таъмирланиши лозим бўлган жойларида фуқаролар жароҳати ва ўлими билан боғлиқ йўл- транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Хусусан, 2019-2020 йиллар давомида юз берган 556 та ана шундай йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 240 киши вафот этган,  481 киши жароҳат олган.

Шунингдек, республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда 15 мингга яқин кўприк мавжуд бўлиб, шундан 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичларнинг эксплуатацион ҳолати яроқсиз, қониқарсиз ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва яроқсиз ҳолга келган кўприклар эса фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.