Саудия Арабистони пандемия сабаб жорий қилинган мамлакатга кириш тартибини 11 давлат вакиллари учун бекор қилди
Саудия Арабистонида 30 майдан бошлаб қироллик ҳудудига киришга қўйилган тақиқ 11 та хориж мамлакати фуқаролари учун олиб ташланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилган.
«30 май соат 01:00 дан бошлаб Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия, БАА, Португалия, АҚШ, Франция, Швеция, Швейцария ва Япония фуқароларининг қироллик ҳудудига киришига рухсат берилади. Уларга нисбатан санитар карантин тартиби қўлланилади», – дея хабар берган Саудия Арабистони матбуот агентлиги. Қарор мазкур мамлакатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани ва коронавирусга қарши курашнинг самарали эканлиги ва пандемия назоратга олингани билан изоҳланган.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 3 февралдан бошлаб қиролликда 20 та мамлакат фуқароларининг Саудия Арабистони ҳудудига кириши вақтинча тўхтатилган эди. Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги мамлакатга кириши вақтинчалик тақиқланган хорижликлар сафига Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Ирландия, Италия, Ливан, БАА, Покистон, Португалия, АҚШ, Туркия, Франция, Швеция, Швейцария, ЖАР, Япония фуқаролари киришини эълон қилганди. Қиролликка келиш бўйича ҳужжат топширишидан аввал икки ҳафта ичида мазкур мамлакатларда бўлган бошқа хориж давлатлари фуқароларининг ҳам Саудияга киришига тақиқ қўйилган эди.
Аввалроқ Саудия Арабистонининг «махсус шартлар» асосида Ҳаж сафарларини амалга оширишга рухсат бериши хабар қилинганди.