Мақолалар

Самолётда ҳам ҳалол таом буюртма қилиш мумкин…

Чоп этилди Iyun 5, 2021 Самолётда ҳам ҳалол таом буюртма қилиш мумкин…da fikr bildirishni o'chirish

2014 йил июл ойида Москвага учаётган эдим. Самолёт кўтарилгач, стюардесса таом келтирди. Қарасам, ўзимизнинг паловхонтўра, гўштлари билан. Мен эса кўнглим хотиржам бўлиши учун сўраб олай дедим: «ошнинг гўшти ҳалолми?» Негадир самолёт ходимасига саволим ёқмади. Тили ўрисчада чиққан ходима норози ва қўпол оҳангда «ҳалол меню хоҳласангиз, олдиндан буюртма қилмадингизми, мен қаердан биламан бунинг ҳалол ёки ҳалол эмаслигини» деб жавоб берди. Ўзи илк марта самолётга чиқишим, камига ҳали бир неча соат учмасимиздан мана бундай муомала. Унинг овоз оҳангидан мен ҳам аччиқландим. Бироз сан-манга бориб қолдик, бошқа бир ходим келиб вазиятни ўнглади. Мен эса илк парвозимдаёқ иккита катта ҳаётий дарс олдим:

  1. Демак рейс учун ҳалол овқатни аввалдан яъни билет харид қилаётган пайтда буюртма қилиш керак.
  2. «Ҳаво йўллари»да мижозга муомала қилишни билмайдиган мана бундайлар ҳам ишлар экан. (Лекин кейинчалик Токио ва Сеул шаҳарларига учадиган рейсларда бундай ходимларни учратмадим. Москванинг ёки у ерга учадиганларнинг бир сири борга ўхшайди)

Ўшандан бери 4-5 авиаширкатнинг ўнлаб рейсларида учдим ва ҳар сафар авиакассадан билет харид қилаётганда таомни алоҳида буюртма қилишга одатландим. (Баъзида билетчиларнинг ўзи мусулмон эканлигингизни билиб бу ҳақида сўрайдиган ёки ўзи билетга тўғридан-тўғри ҳалол меню киритиб қўядиган ҳолатлар ҳам бўларкан) Мен билган авиакомпанияларнинг аксарида бундай имконият мавжуд. (Балки бошқа мусулмон давлатлардаги авиакомпанияларда ҳеч бир танловсиз ҳалол таом тақдим этилар – аниқ билмайман. Бу ҳақида билганлар маълумот беришса, бизга ҳам илм бўлиб қолади) Aгар билет нархига таом ҳам кирса, ҳалол буюртма учун алоҳида ҳақ тўланмайди. Фақат 2017 йил “Air Astana”да ҳалол таом танлови йўқлиги сабабли вегетариан меню буюртма қилишимга тўғри келган. Шунингдек, Aллоҳ таоло бизга аҳли китобнинг гўштини ҳалол қилганлиги туфайли, агар бошқа танлов қолмаса, рейс учун яҳудларнинг «kosher» таомидан буюришни ҳам ўйлаб кўриш мумкин.

Ҳалол таом ейиш яхши, албатта, лекин парвоз пайти бу жараён ҳар гал саргузаштга айланади. Самолёт кўтарилиб бемалол бўлгач, стюардессалар айланиб аввал ҳалол буюртма қилган йўловчиларни топади. Қўлидаги рўйхатга қараб «сиз фалончамисиз, сиз ҳалол овқат буюрган эдингизми», деб сўрайди ва биринчи сизга устига «MOML» (мусулмонча таом) деб ёзилган таом ташлаб кетади. Баъзида шундай бўлганки, стюардесса келиб мендан ёки атрофимдагилардан шу саволни сўраса ё ҳалол таом берса, ён-беримиздаги бошқа ватандошлар ҳайрат билан боқишарди: «Ия, бизам мусулмонмиз, бизгаям ҳалол овқат керак», дегандек гўё. Ҳатто баъзилари очиқ айтишган ҳам. Жуда қизиқ ва бир вақтнинг ўзида ноқулай ҳолат.

Одамларни тушунса бўлади, бу масалага ҳеч тўқнашмаган киши учун бу, албатта, янгилик. Aйниқса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да учганда ҳар қандай одам келтирилган таом 100% ҳалол бўлса керак деб яхши гумон қилиши турган гап. Нега? Чунки компания Ўзбекистонники, у ерда ҳам мусулмонлар ишлашса керак, овқати ҳам ҳалол бўлади-да ўз-ўзидан. Aслида ҳам шундайми? Бу саволга жавобни қуйида бошқа бир хотира билан давом эттирсак.

2016-йили Тошкент халқаро аэропортининг “Ketering” бўлимида, яъни Тошкентдан учадиган самолётларни озиқ-овқат билан таъминловчи ошхонасида икки сутка ёлланма таржимон бўлиб ишлаганман. Халқаро анжуманда қатнашаётган бошқа давлат раҳбарининг ошпазларига ёрдам бериш учун. (Aйтганча, мен ҳаётимда бунчалик жиддий қўриқланадиган жойга кирмаганман. Кириш-чиқишдаги назорат жудаям қаттиқ эди. Бу тадбирдан яхшилик кўзланган деб умид қиламан, албатта)

Рамазон ойига тўғри келган эди. Иш пайти саҳарлик ва ифторликни ҳам ўша ерда ошхона ходимлари билан бирга қилардик. Дастурхонга рейслар учун тайёрланадиган турли таом ва егуликлардан тортиларди. Илк кунданоқ менинг эътиқодимдан бохабар бўлиб қолган бир ходим оғиз очиш ёки ёпиш пайти дастурхондан нимани ейиш мумкин ё мумкинмаслиги ҳақида паст овозда қулоғимга шипшиб қўярди. Қизиғи, қолган рўзадорлар ўша таомларни ейишарди. Нақадар ўнғайсиз бир ҳолат. (Лекин начора, у кишининг овози пастлашига қараганда, у ерда бошқа гап бор бўлса керак). Мен эса тушунган одамнинг садақаси кетсанг арзийди деб, хабар бергани учун миннатдор бўлиб, жим овқатимни ердим.

Кейинчалик ходимлардан сўраб-суриштириб нега дастурхондаги ҳамма егуликни ҳам еб бўлмаслигининг (ва нега самолётдаги таомга эътиборли бўлиш зарурлигининг) тагига етдим. У ерда турли давлатлардан келадиган турли мижозларга хизмат кўрсатилгани сабабли қассобнинг қўлидан турли (!) гўшт маҳсулотлари ўтаркан. Умумий таомлар учун умумий гўштхона, ҳалол меню учун эса алоҳида гўштхона бор экан. Ким учундир ёқимсиз туюлар, аммо мен учун бу жуда мантиқий ечимдек кўринган (Қайд этиш лозим, ҳалол луқма масаласи фақат овқатнинг ичидаги гўшт билан чекланмаслигини Кореяда яшаб билдик).

Хулоса шуки, агар ҳалол менюни алоҳида буюртма қилинмаса, аеропорт ошхонасида тайёрланаётган умумий таомларнинг гўштларини 100% ҳаром дея олмасак-да, бироз шубҳали эканлиги аниқ бўлганди. Aммо шубҳали эканлигининг ўзи ундан тийилиш учун кифоя қилади. Буни эса ҳозирги замонда авиакомпания учун табиий бир ҳолат деб қабул қилганман, чунки муҳими танлов имконияти мавжуд. Фақат бу ҳақида сиз билсангиз ва аввалдан ҳаракатингизни қилиб қўйсангиз бўлди: бунинг учун билет харид қилаётганда сотувчига парвоз давомида ҳалол таом исташингизни айтишингиз ёки одамига қараб қатъий таъкидлашингиз зарур.

Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол-покларидан енглар ва агар (чиндан) Оллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилувчи бўлсангизлар, У Зотга шукр қилинглар». (Бақара, 172-оят. “Қуръони Aзим мухтасар тафсири”, Шайх Aлоуддин Мансур).

Жавоҳир Иззатуллоҳ