Мақолалар

Диний таълим нақадар муҳим!

Чоп этилди Iyun 9, 2021 Диний таълим нақадар муҳим!da fikr bildirishni o'chirish

Илм-фан (яъни, дунёвий илм) қанчалар равнақ топмасин, майдонлари қанчалар кенгаймасин, у барибир инсонлар учун хотиржамлигу саодатни рўёбга чиқариб беришга қодир эмасдир. Чунки бу илм ҳаётнинг фақат моддий томонини тараққий эттиради. 

Бу илм узун масофани яқин қилиб, узоқ муддатни қисқартириб беради. Шунинг учун бу асрни “тезлик асри”, “масофаларни кесиб ўтиш асри” деб номлашди.

Лекин бирор кимса бу асрни “фазилат асри”, “хотиржамлик асри” ёки “инсоният учун саодат асри” дея оладими?!.
Бу илм инсон ҳаёти учун янги-янги қулай воситаларни муҳайё қилди.

Лекин ҳаётдан кўзланган асл мақсадлар сари бошлай олмади. Ҳаётнинг зоҳирини зийнатлаб кўрсатди, лекин унинг моҳияти томон олиб бормади.

Воситаларга берилиб, асл мақсадни унутган, сатҳига чалғиб, маъдандан ғафлатда қолган, пўсти билан овора бўлиб, мағзидан бебаҳра қолган инсон – қандаям бахтсиз инсондир!
Бу илм инсонга кўплаб қулайликларни тақдим қилди.

Лекин унга у учун яшаб, у учун жон беришга арзийдиган буюк қадр қимматни ва олий мақсадни тақдим қилгани йўқ.

Ҳа, аслида буларни тақдим қилиш дунёвий илмнинг вазифаси ҳам, хусусияти ҳам эмас. Буларни дин тақдим қилади ва бу диннинг вазифасидир!

Иймонсиз, динсиз киши худди шамол эсиб турган жойдаги патга ўхшайди. У бирор бир ҳолатда қарор топмайди. Унинг йўналиши ҳам номаълум.

У бирор жойда мустаҳкам ўрнашмайди. Иймонсиз, динсиз кишининг қадр-қиймати ва таянчи бўлмайди. У ташвишли, нотинч ва хавотир билан яшайдиган инсондир.

У ўзининг ҳақиқати, нима учун бу дунёга келгани, унга ҳаётни ким бергани ва нима учун бергани, сўнгра вақти келиб нима учун тортиб олишини ҳам англаб етмайди.

Иймонсиз, динсиз бўлган бундай инсон худди очкўз ҳайвон ёки ҳалок қилувчи йиртқич кабидир. 

Унинг очкўзлиги ва ўткир чангалини маданият ва қонуннинг ўзи билан тўғирлаб бўлмайди.

Иймонсиз, динсиз жамиятда цивилизация шуъласи қанчалар порламасин, у жамият ўрмон жамияти ҳисобланади.

Унда яшаб, тирик қолиш фазилат соҳиблари ва тақводорлар учун эмас, аксинча, кучли ва шафқатсизлар учундир.

Иймонсиз ва динсиз жамиятнинг ҳузур-ҳаловати ва турмуши гуллаб яшнаса-да, у бахтсиз ва худбин жамиятдир. 

У қадрсиз арзимас жамиятдир. Чунки бундай жамият аъзоларининг мақсади қорин ва шаҳват ғамидан нарига ўтмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган:

“Кофир бўлган кимсалар эса, (дунё лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар”. (Муҳаммад сураси, 12-оят)

Шайх Юсуф Қарзовий