Мақолалар

«Хонаи интизор»ни безатишга қанча тилла сарфланган?

Чоп этилди Iyun 10, 2021 «Хонаи интизор»ни безатишга қанча тилла сарфланган?da fikr bildirishni o'chirish

Ситораи Мохи Хосса — ноёб тарихий-меъморий обида.Бухоро амирларининг ёзги саройи вазифасини ўтаган бу гўша ўзига хослиги билан ақлни лол қолдиради. Бунга ишонч ҳосил қилмоқ учун биргина «Хонаи интизор», яъни Кутиш хонасини томоша қилмоқнинг ўзи кифоя.

— Бу хонани бухоролик наққош уста Ҳасанжон Умаров ва Набижон Ҳафизов безатишган, — дейди Ситораи Мохи Хосса халқ амалий безак санъати музейи катта илмий ходими Наргиза Жумаева. — «Хонаи интизор» деб номланишига сабаб шундаки, хорижий давлатлардан келган меҳмон ва элчилар шу хонада ўтириб, амирнинг қабул қилишини кутганлар. Қабул маросими эса амирнинг вақти ва кайфиятига қараб белгиланган. Шу туфайли келганлар ижозат берилишини узоқ кутишган. Улар учун дуб дарахтидан тайёрланган айлана шаклидаги стол ва ўтирғичлар қўйилган.

Шу вақт оралиғида меҳмонлар хона деворидаги нозик нақшларни, нозбўй, атиргул, лолагул, мажнунтол тасвири туширилган бетакрор безакларни томоша қилиб туришган.

— Рангларни усталарнинг ўзлари тайёрлашган, — дея давом этади Н. Жумаева. — Ўрганиш ишлари олиб борилаётганига қарамай, бу рангларнинг тўлиқ таркиби мавҳумлигича қолмоқда. Билганимиз шуки, улар турли ўсимликлар ва мевалардан олинган. Уларга туя сути, тухум сариғи, олтин суви, бодом ва писта данагидан олинган ёғ аралаштирилган. Бўёқлар устидан эса ўрик ва шафтоли шираси лак сифатида сурилган.

Ранглар ўз жилосини йўқотмай турганининг ўзиёқ ота-боболаримиз юксак ақл- заковат эгаси бўлишганидан дарак беради.

Дарвоқе, «Хонаи интизор»ни безаш ишларига қанча тилла сарф қилинган экан?

— Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул, — дейди суҳбатдошимиз. — Кутиш залини безатиш учун усталар қанча тилла сувидан фойдаланишгани маълум эмас. Лекин Ситораи Мохи Хоссадаги яна бир муҳташам хоналардан бири саккиз хоналик кўшкни безатиш ишларига 4 килограмм 250 грамм тилла сарфланганини биламиз.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)