Мақолалар

Қалбни Қуръон билан тўлдиринг!

Чоп этилди Iyun 14, 2021 Қалбни Қуръон билан тўлдиринг!da fikr bildirishni o'chirish

Салом ибн Аби Мутиъ деди:
“Қатода ибн Даъама 7 кун ичида Қуръонни тўлиқ ўқир эди. Рамазон келганида у ҳар 3 кунда ва Рамазоннинг охирги ўн кечасида  ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эди”.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида Қуръонни 60 маротаба хатм қилган!
Ар-Рабиъ шундай деган: “Имом Шофеий намозда ўқиганларини ҳисобга олмаганда ҳар ой Қуръонни 30 марта, Рамазонда эса 60 марта хатм қилар эди”.
Али Аздий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар кеча Қуръонни тўлиқ ўқир, шом ва хуфтон намозлари орасидагина ухлар эди.
Қуръоннинг учта оятини намозда ўқиш, учта ҳомиладор туяга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  сўради: “Сизлар уйингизга қайтганингизда учта катта семиз бўғоз туяни кўрсангиз хурсанд бўлмайсизми?” Биз жавоб бердик: “Албатта”.
Кейин у зот дедилар: “Сизларнинг қай бирингиз ибодатингизда ўқиган Қуръоннинг учта ояти, унинг учун учта улкан семиз ҳомиладор туядан яхшироқдир!” (Муслим ривояти).

Бу иноятдан маҳрум бўлгунимизча Қуръон ўқинг.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:
«Албатта, бу қалблар бир идишлардир. Уни Қуръон билан тўлдиринг, бошқа нарса билан эмас!».
Ибн Масъуд яна шундай дейди:
“Қуръонни тез-тез ва йўқолгунча ўқинг!”
Унга сўрашди: “Агар у қалбимизда бўлса ва бизнинг варақларимизда ёзилган бўлса, қандай қилиб у йўқ бўлиб кетиши мумкин?”
У жавоб берди: “Бир кеча ичида у сизнинг қалбингиздан олиб ташланади ва варақлардан ўчирилади”.
Кейин у қуйидаги оятни ўқиди: “Агар хоҳласак, сенга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра Бизга қарши ўзингга вакил топа олмассан” (Исро 86).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:
“Бозордан ёки ишингиздан қайтгач, сизларга Қуръондан уч оят ўқиш учун нима халақит беради?!”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейди:
“Агар бир уйда Қуръон ўқилса, албатта (бу уй ўз) аҳли учун кенгаяди, у ерга фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар қочади ва у ерда яхшилик кўпаяди. Агар бир уйда Қуръон ўқилмаса, албатта (ундай уй ўз) аҳлига торлик қилади, у ердан фаришталар қочиб, шайтонлар ҳозир бўлади ва у ерда яхшилик камаяди”. (Имом Доримий ривояти).